currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларБола ҳуқуқлари: 15 та билишимиз керак бўлган ҳуқуқлар

Бола ҳуқуқлари: 15 та билишимиз керак бўлган ҳуқуқлар

Ҳуқуқ

calendar

05.11.2025

eye

414

Бола ҳуқуқлари: 15 та билишимиз керак  бўлган ҳуқуқлар

Қонунчиликка кўра, бола — 18 ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс ҳисобланади. Уларнинг қонунчиликда белгиланган кўплаб ҳуқуқлари мавжуд. Шулардан энг муҳимлари ҳақида маълумот берамиз.

 

1. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳар бир болага инсон ҳамда фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликлари тегишли бўлади ҳамда давлат томонидан кафолатланади.

 

2. Яшаш ҳуқуқи ҳар бир боланинг узвий ҳуқуқидир. Бола ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир.

 

3. Ҳар бир бола туғилган пайтдан эътиборан фамилия, исм, ота исми олиш, миллати ва фуқаролигига эга бўлиш ҳуқуқига, шунингдек уларни сақлаб қолиш ҳуқуқига эга.

 

4. Ҳар бир бола эркинлик, шахсий дахлсизлик, турар жойи дахлсизлиги ва хат-хабарларини сир тутиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ҳар бир бола ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

 

5. Ҳар бир болага унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

 

6. Ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, улар билан бирга яшаш ва уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш ҳуқуқига эга, унинг манфаатларига зид бўлган ҳоллар бундан мустасно.

 

7. Ҳар бир бола ғайриқонуний кўчирилишдан ва чет элдан қайтарилмасликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Боланинг чет элга сафарлари фақат ота ва онанинг ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахсларнинг розилиги билан қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши мумкин.

 

8. Оилада ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода этишга, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама жараёнида сўзлашга ҳақлидир.

 

9. Бола қонунда белгиланган тартибда хусусий мулк ҳуқуқига эга бўлиши мумкин. Боланинг шахсий фойдаланишида бўлган, бола томонидан ҳадя, мерос тариқасида олинган, шахсий меҳнати эвазига ёки бошқа қонуний усулда олинган буюмлар, мол-мулк унинг хусусий мулкидир.

 

10. Ҳар бир бола ўзининг ёши, соғлиғининг ҳолати ва касбий тайёргарлигига мувофиқ қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат қилиш, фаолият турини ва касбни эркин танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эга. Ишга қабул қилишга 16 ёшдан йўл қўйилади.

 

11. Ҳар бир бола ўзининг ёши, соғлиғи ҳамда эҳтиёжларига мос келадиган дам олиш ва бўш вақтга бўлган ҳуқуққа эга.

 

12. Ҳар бир бола билим олиш ҳуқуқига эга.

 

13. Ҳар бир бола турар жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳуқуқ қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

14. Бола қонунга асосланмаган ҳолда ушлаб турилиши, ҳибсга олиниши, қамоққа олиниши мумкин эмас.

 

15. Бола васийлик ва ҳомийлик органига, шунингдек бошқа давлат органларига мустақил равишда мурожаат қилишга ҳақли. Бундай мурожаатларни бола тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаганлиги сабабли кўриб чиқмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.

Улашиш: