Ҳуқуқ
27.01.2026
265

Меҳнат муносабатлари жараёнида штатлар қисқартирилиши ёки ташкилотнинг тугатилиши энг нозик масалалардан бири бўлиб, бундай вазиятда ходимларнинг ҳуқуқий ҳимояси алоҳида аҳамият касб этади. Амалиётда баъзи иш берувчилар «қисқартириш келгани» ёки «иш ҳажми камайгани» ни важ қилиб, ходимнинг иш ҳақидан маълум суммаларни ушлаб қолишга ҳаракат қилишади. Бироқ, Меҳнат кодексининг 269-моддаси бундай ҳаракатларнинг қонунга зид эканлигини қатъий белгилаб қўйган. Унга кўра:
Умумий қоидага кўра ходимнинг ёзма розилиги билан, ходимнинг розилиги бўлмаган тақдирда эса ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.
Қуйидаги ҳолларда, ходимнинг ёзма розилигидан қатъи назар, иш ҳақидан ушлаб қолиш амалга оширилади:
— солиқлар ва йиғимларни ундириш учун;
— «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган суд қарорларини ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш учун, шунингдек ваколатли органларнинг қонуний талабларини бажариш учун;
— иш ҳақи ҳисобига берилган бўнакни ушлаб қолиш учун, бошқа жойдаги ишга кўчиб ўтганлиги муносабати билан хўжалик эҳтиёжларига, хизмат сафарларига берилган, сарфланмаган ва ўз вақтида қайтарилмаган бўнакни ушлаб қолиш учун ҳамда ҳисоб-китобдаги хатолар оқибатида ортиқча тўланган суммаларни қайтариб олиш учун;
— ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун, агар етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошмаса;
— Меҳнат Кодекси 312-моддаси биринчи қисмининг 2-бандида назарда тутилган жаримани ундириш учун;
— ходим қайси иш йили ҳисобига таътил олиб бўлган бўлса, ўша йил тугагунига қадар меҳнат шартномаси бекор қилинганда таътилнинг ишлаб берилмаган кунлари учун.
Эътиборли жиҳати шундаки, қонунчиликда «штат қисқартирилиши» ёки «иш жойининг тугатилиши» иш ҳақидан ушлаб қолиш учун асос сифатида кўрсатилмаган. Аксинча, Меҳнат кодексига биноан, иш жойи қисқартирилаётган ходимга иш берувчи томонидан қўшимча кафолатлар ва компенсация тўловлари (масалан, ишдан бўшатиш нафақаси) тўланиши шарт. Иш берувчининг қисқартириш баҳонасида ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлашдан бош тортиши ёки уни камайтириши меҳнат интизомининг қўпол равишда бузилиши ҳисобланади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Меҳнат кодексининг 269-моддасида кўрсатилган асослар билан иш берувчи сизнинг иш ҳақингиздан ёки таътил пулингиздан ушлаб қолиши мумкин. Лекин қисқартириш келгани учун иш ҳақингиздан ушлаб қолиши мумкин эмас.
Бундай вазиятда ходим ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Давлат меҳнат инспекциясига, Адлия органларига, Суд ёки прокуратура органларига мурожаат қилиши лозим. Ушбу органлар вазиятни ўрганиб чиқиб, ноқонуний ушлаб қолинган маблағларни қайтариш ва айбдор мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш ваколатига эга. Хуллас, қисқартириш ходимнинг моддий ҳуқуқларини чеклаш учун эмас, балки меҳнат шартномасини қонуний бекор қилиш жараёни сифатида кўрилиши шарт.
Бекзод Рахматов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа орқали ўтказса бўладими?
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режимида амалга ошириш «E-notarius.uz» электрон портали ва «Notarius» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тартибга солинади.
Аҳолини рўйхатга олиш бошланди
Аҳолини рўйхатга олиш ўзи нима, унинг ҳуқуқий асоси борми?
Ижро варақаси қандай тартибда топширилади?
Пул маблағларини ундириш бўйича берилган ижро варақаси аввало қарздорга хизмат кўрсатувчи банкка топширилади.
Нега хавфсиз муҳит айнан маҳалладан бошланиши керак?
Ҳуқуқий назарияга кўра, хавфсиз муҳитни шакллантиришда энг муҳим масала – муаммони имкон қадар эрта аниқлаш ва унга эрта муносабат билдиришдир.