#NoComment
16.02.2026
81

Қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш — амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, уларни мазмунан тартибга солиш ҳамда ҳуқуқий тартибга солишни соддалаштиришга қаратилган комплекс жараёндир.
Тизимлаштириш қуйидаги асосий йўналишларни ўз ичига олади:
— ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни аниқлаш ва бекор қилиш, яъни амалда қўлланилмайдиган, эски ижтимоий муносабатларга таянадиган ёки янги қонун ҳужжатлари билан алмаштирилган нормаларни қонунчиликдан чиқариб ташлаш;
— такрорланувчи ва коллизион нормаларни бартараф этиш, бу орқали бир хил масалани турлича тартибга солувчи ёки бир-бирига зид бўлган нормаларни уйғунлаштириш ҳамда ҳуқуқни қўллашдаги ноаниқликларни камайтириш;
— тарқоқ ҳолда қабул қилинган нормаларни ягона ҳужжатга бирлаштириш, яъни бир соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи кўплаб ҳужжатлар ўрнига битта яхлит ва тизимли ҳужжатни шакллантириш;
— қонуности ҳужжатлардаги муҳим нормаларни юқори юридик кучга эга ҳужжатларга ўтказиш, бу орқали фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқларига дахлдор асосий қоидаларни қонун даражасида мустаҳкамлаш;
— қонунчилик базасини ихчам, аниқ ва тушунарли қилиш, яъни ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишни осонлаштириш ва ортиқча ҳуқуқий юкни камайтириш.
Қандай усуллар орқали қонунчилик тизимлаштирилади?
Қонунчиликни тизимлаштириш жараёнида замонавий ва самарали ҳуқуқий усуллар қўлланилади:
— “Тартибга солиш гильотинаси” усули — барча амалдаги ҳужжатларни оммавий тарзда қайта кўриб чиқиб, уларнинг долзарблигини баҳолаш ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни қисқа вақт ичида бекор қилишга қаратилган усул;
— Кодификация усули — бир соҳада қабул қилинган, мазмунан яқин бўлган, аммо турли ҳужжатларда тарқоқ ҳолда жойлашган нормаларни ягона қонун ёки қарор доирасида жамлаш;
— юридик кучни ошириш усули — муҳим ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи нормаларни қонуности ҳужжатлардан қонун даражасига кўтариш орқали уларнинг барқарорлиги ва ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш.
Қайси ҳолатларда қонунчиликни тизимлаштириш зарур ҳисобланади?
Қонунчиликни тизимлаштириш зарурати, аввало, муайян соҳада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сонининг ортиб кетиши ва уларнинг бир масалани турли жиҳатдан тартибга солиши натижасида ҳуқуқий тартибга солишнинг мураккаблашуви билан боғлиқ ҳолларда юзага келади.
Шунингдек, қонун нормаларининг такрорланиши ёки ўзаро зид келиши ҳуқуқни қўллаш амалиётида турли талқинларга сабаб бўлиб, ҳуқуқий аниқликка путур етказади.
Бундан ташқари, қонунларни қўллашда давлат органлари ва судлар томонидан қийинчиликлар юзага келаётгани, шунингдек, тадбиркорлар ва фуқаролар учун ортиқча маъмурий юк шаклланаётган ҳолларда ҳам қонунчиликни тизимлаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Қонунчиликни тизимлаштириш қандай натижаларга олиб келади?
Қонунчиликни тизимлаштириш жараёни натижасида ҳуқуқий тартибга солишнинг сифати сезиларли даражада ошади. Аввало, қонунчилик базаси ихчам ва тизимли ҳолатга келтирилиб, ўз аҳамиятини йўқотган, такрорланувчи ёки амалда қўлланилмаётган нормалар қонунчиликдан чиқариб ташланади. Бу эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар массивини қисқартириш, уларни яхлит ва мантиқий тизимга солиш имконини беради.
Нормаларнинг аниқ, изчил ва ўзаро уйғун ҳолатда шакллантирилиши ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳам сезиларли даражада енгиллаштиради. Давлат органлари, судлар ҳамда бошқа ҳуқуқни қўлловчи субъектлар учун нормаларни талқин қилишдаги ноаниқликлар камаяди, қарор қабул қилиш жараёни тезлашади ва бир хил масалалар бўйича турлича ёндашувларнинг олди олинади.
Шу билан бирга, қонунчиликни тизимлаштириш давлат органлари фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Ортиқча тартиб-таомиллар, такрор ҳисоботлар ва мазмунан бир-бирини такрорловчи талаблар қисқариб, бошқарув жараёнлари соддалашади. Бу эса давлат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва институционал юкни камайтиришга олиб келади.
Қонунчиликнинг тартибга солинган ва аниқ шаклга келтирилиши тадбиркорлик фаолияти учун ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Ортиқча маъмурий тўсиқлар, ноаниқ талаблар ва ҳуқуқий хавфлар камайиб, ишбилармонлик муҳити яхшиланади, тадбиркорлар учун ҳуқуқий прогноз қилиб бўладиган ва барқарор шарт-шароит яратилади.
Азиза Донаева,
Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш
таъсирини баҳолаш институти
катта маслаҳатчиси
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Кредит тўлови муддатини кечиктириш ёки узайтириш имкониятлари
Кредит шартномаси амал қилиш даврида тўловлар биринчи маротаба кечиктирилган ёки узайтирилган тақдирда, муайян ҳолатлар мавжуд бўлса, кредит таснифи ўзгартирилмайди ва у шартлари қайта кўриб чиқилган актив сифатида баҳоланмайди.
«Рақамли прокуратура — 2030»: прокуратура фаолиятини рақамлаштириш орқали шаффофлик, тезкорлик ва қонунийликни таъминлаш
Прокуратура органларини 2030 йилга қадар рақамли трансформация қилишга қаратилган «Рақамли прокуратура — 2030» стратегияси ишлаб чиқилди.
Автомобилни йўлнинг қатнов қисмида қанча вақт қолдириш мумкин?
Бироқ амалиётда йўловчиларни чиқариш ёки тушириш, юкларни ортиш ёки тушириш билан боғлиқ ҳолатлар, шунингдек транспорт воситасининг техник носозлиги туфайли юзага келадиган мажбурий тўхташ ва тўхтаб туриш ҳолатлари ҳам кенг кўламда кузатилмоқда.