#NoComment
20.01.2026
186

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигида шахсни бедарак йўқолган деб топиш институти мавжуд бўлиб, бу институт шахснинг ҳуқуқларини вақтинча ҳимоя қилиш, мол-мулкини бошқариш имконини беради. Айрим ҳолатларда шахс ўз яшаш манзилида узоқ муддат бўлмаслиги ва унинг қаерда эканлиги ҳақида ҳам ҳеч қандай маълумот мавжуд бўлмаслиги мумкин.
Бундай вазиятда эса шахсга тегишли мулкий, оилавий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлар ноаниқ вазиятда қолиши, унга тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятлар шахс вақтинча мавжуд бўлмаганлиги сабабли амалга ошмай туриш юзага келади. Шу боис ҳам шахсни бедарак йўқолган деб топиш орқали ҳуқуқий бўшлиқлар бартараф этилиши мумкин. Ушбу мақола орқали шахсни бедарак йўқолган деб топишнинг ҳуқуқий асослари, тартиби ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлар тақдири таҳлил қилинади.
Шахсни бедарак йўқолган деб топишнинг ҳуқуқий асослари
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 33-моддасига кўра, агар фуқаронинг қаердалиги ҳақида унинг яшаш жойида бир йил давомида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд бу фуқарони бедарак йўқолган деб топиши мумкин. Бунда шахснинг тирик бўлиши эҳтимоли сақланиб қолади ва унинг ҳуқуқ лаёқати тўлиқ тугатилмайди.
Демак, фуқарони бедарак йўқолган деб топиш учун унинг яшаш манзилида 1 йиллик муддатда ҳеч қандай маълумот бўлмаслиги керак. Иккинчидан, агар охирги маълумот олинган кун аниқланмаса, 1 йиллик муддатни ҳисоблаш охирги маълумот олинган ойдан кейинги ойнинг 1-кунидан бошланади. Агарда охирги ой ҳақида ҳам аниқ маълумотлар бўлмаса, кейинги йилнинг 1-январидан бошлаб ҳисобланади.
Шахсни бедарак йўқолган деб топишнинг ҳуқуқий тартиби
Шахсни бедарак йўқолган деб топиш фуқаролик-процессуал қонунчилиги нормалари билан тартибга солинади. Биринчидан, шахсни бедарак йўқолган деб топиш ҳақида манфаатдор шахс томонидан ариза тақдим этилади. Бундай ариза бедарак йўқолган фуқаронинг охирги маълум бўлган яшаш манзилида жойлашган судга берилади. Аризада фуқарони бедарак йўқолган деб топишдан кўзланган мақсад, уни бедарак йўқолганлигини тасдиқлайдиган ёки шахсга ўлим хавф соладиган ҳолатлар, бахтсиз воқеа сабабли ҳалок бўлган деб тахмин қилишга асос бўладиган ҳолатлар баён қилинган бўлиши керак.
Иккинчидан, ариза тақдим қилингандан сўнг суд аризани кўриб чиқишга қонунчиликда белгиланган муддатлар ўтганидан сўнг киришади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 306-моддасига мувофиқ судья ишни суд муҳокамасига тайёрлайди. Ишни суд муҳокамасига тайёрлашда бедарак йўқолган шахс тўғрисида кимлар (қариндош-уруғлари, бирга ишловчилар ва бошқалар) маълумот бера олиши мумкинлигини аниқланади, шунингдек бедарак йўқолганнинг маълум бўлган сўнгги яшаш жойи ва иш жойидаги тегишли ташкилотлардан (ички ишлар органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан) мавжуд маълумотларни сўраб олинади. Бундай тартибдаги ишларда албатта прокурорнинг иштироки бўлиши лозим. Иш якунлари юзасидан суднинг фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қабул қилинади ва бу қарор бедарак йўқолган шахснинг мол-мулки турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органининг бу мулкка нисбатан бошқарувчи тайинлаши учун асос бўлади.
Шахсни бедарак йўқолган деб топишнинг ҳуқуқий оқибатлари
Шахс бедарак йўқолган деб топилганидан кейин, унинг мол-мулкини бошқариш учун васийлик ва ҳомийлик органи томонидан ишончли бошқарувчи тайинланади. Бундан ташқари васийлик ва ҳомийлик органи йўқолган фуқаронинг қаердалиги тўғрисида маълумот олинган кундан бошлаб бир йил ўтганга қадар ҳам унинг мол-мулкини муҳофаза қилувчи шахсни белгилаши мумкин. Унга кўра ишончли бошқарув тўғрисида шартнома тузилиб унинг асосида иш олиб борилади. Бедарак йўқолган шахснинг мол-мулкидан у боқиши керак бўлган фуқароларга таъминот берилади, солиқлар ва бошқа мажбуриятлар бўйича қарздорликлар тўланади.
Қуйидаги ҳолатлар аниқланганда суднинг фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарори бекор қилинади:
— бедарак йўқолган деб топилган фуқаро қайтиб келганда;
— унинг турар жойи аниқланган тақдирда,
Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарори бекор бўлганда фуқаронинг мол-мулкини бошқариш ҳам бекор қилинади.
Фуқаролик қонунчилигида мустаҳкамлаб қўйилган ушбу институт шахснинг эҳтимолий ҳуқуқларини сақлаб қолишга, унинг оила аъзолари, кредиторлар олдидаги мажбуриятларининг бажарилишига хизмат қилади. Шундай экан жараённинг ҳар бир босқичидақонун билан аниқ белгиланган ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳам, давлат манфаатлари ҳам ҳисобга олинган ҳолда ҳаракат қилиш талаб этилади.
Адхамжон Фазилов,
“Адолат” МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа орқали ўтказса бўладими?
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режимида амалга ошириш «E-notarius.uz» электрон портали ва «Notarius» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тартибга солинади.
Аҳолини рўйхатга олиш бошланди
Аҳолини рўйхатга олиш ўзи нима, унинг ҳуқуқий асоси борми?
Ижро варақаси қандай тартибда топширилади?
Пул маблағларини ундириш бўйича берилган ижро варақаси аввало қарздорга хизмат кўрсатувчи банкка топширилади.
Нега хавфсиз муҳит айнан маҳалладан бошланиши керак?
Ҳуқуқий назарияга кўра, хавфсиз муҳитни шакллантиришда энг муҳим масала – муаммони имкон қадар эрта аниқлаш ва унга эрта муносабат билдиришдир.