currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларАдлия органларининг амалий ташаббуслари

Адлия органларининг амалий ташаббуслари

Ҳуқуқ

calendar

30.12.2025

eye

127

Адлия органларининг амалий ташаббуслари

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш – демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг энг муҳим шартларидан биридир. Хотин-қизлар ҳамда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми бўлиб, бу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва улар учун тенг имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Давлатимиз раҳбари ҳам бу йўналиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири экани ва доимо диққат марказида туришини таъкидлаб шундай деганлар: “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси – бу фақат халқаро мажбурият эмас, балки халқимиз олдидаги виждоний бурчимиздир!”.

Айниқса, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш йўналишидаги натижалари жуда салмоқли бўлди.

Хусусан, пахта теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат амалиётининг бартараф этилиши, оилавий (маиший) зўравонликка қарши жавобгарликнинг кучайтирилиши, гендер тенглиги ва аёлларни ҳимоя қилиш бўйича базавий қонунлар қабул қилиниб халқаро стандартларга мос институционал асослар яратилиши, болалар ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларга қўшилиш шулар жумласидандир.

Адлия органлари мазкур жараёнда фаол иштирок этиб, ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантиришга қаратилган тизимли ишларни амалга оширмоқда.

 

Мустаҳкам қонунчилик асоси самарали ҳимоя кафолати

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, улар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш мақсадида бугунги кунда 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Улардан 10 дан ортиғи ушбу соҳани бевосита тартибга солади.

Жумладан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар давлат сиёсатининг аниқ йўналишларини белгилаб берди. Бу ҳужжатлар зўравонликдан ҳимоя қилиш, ҳимоя ордерини бериш, хотин-қизларга ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш механизмларини жорий этишга хизмат қилмоқда.

2023 йилда қонунчиликка киритилган муҳим ўзгартишлар натижасида   хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ўтказиш ҳолатлари юзасидан жавобгарлик ҳолатлари  кучайтирилди. Жиноят кодексида оиладаги (маиший) зўравонлик ҳолатлари алоҳида жиноят тури сифатида киритилиб, ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноий жавобгарлик ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда жавобгарлик ҳолати белгиланди.

Адлия вазирлиги томонидан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида “Мадад” лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилиб, тадбиркорликни бошлаш ниятида бўлган, аммо унга етарлича куч ва имкон топа олмаётган хотин-қизларни ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш йўлга қўйилди. Лойиҳа Денов туманида муваффақиятли амалга оширилди. Лойиҳа қаҳрамони – Дилором Йўлдошева бугунги кунда 60 дан ортиқ шогирдига эга тадбиркор, “Мардлик” ордени соҳиби, ВВCнинг “100 илҳомлантирувчи аёл” рўйхатига киритилган илк ўзбек аёли сифатида эътироф этилди.

Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги “Навкат” қишлоғида  тажриба лойиҳаси сифатида ишга туширилган “Навкат фаровонлик маркази” кооперативи  ҳам хотин-қизлар учун замонавий билим ва касбларга ўргатиш, уларни иш билан таъминлаш ва турмуш фаровонлигини оширишда муҳим қадам ҳисобланади. Аксарият марказ аъзолари хотин-қизлардан иборат бўлиб, улар фаол иштирокчилар учун эса рағбат ва чегирмалар тизими йўлга қўйилди. Лойиҳа шарофати билан 30 нафардан ортиқ хотин-қизларнинг иш билан таъминланишига кўмаклашилди.

Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилган ишлар кўлами тобора кенгаймоқда. Жумладан, жамиятдаги хотин-қизларни қонунчиликдаги ҳуқуқлари билан таништириш ва уларни қизиқтирган саволларга тезкор жавоб бериш мақсадида “Гендер-мададэлектрон ҳуқуқий платформаси (мобил иловаси билан) яратилди. Мазкур платформа орқали фуқароларга 2024 йилда 2,6 мингдан ортиқ, жорий йилда 2,1 мингдан ортиқ ҳуқуқий  ёрдам кўрсатилди.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини ошириш мақсадида “kurslar.huquqiyportal.uz” ҳуқуқий платформасида аёллар ҳуқуқи бўйича онлайн ўқув курслари ташкил этилиб, уларга мустақил таълим берилмоқда. Интернет қамрови паст ҳудудлар учун тайёрланган 8 минг нусхадан ортиқ “Аёлларга ҳуқуқий мадад” амалий қўлланмаси зўравонликка учраган аёлларга, Реабилитaция марказларига ҳамда “Аёллар дафтари"га киритилган ва бошқа хотин-қизларга бепул тарқатилди.

Жорий йилнинг март ойида  ўтказилган “Хотин-қизлар ҳуқуқлари ойлиги” ҳуқуқий акцияси доирасида 6,4 минг нафар хотин-қизнинг ҳуқуқий муаммолари ижобий ҳал этилиб, 41 минг нафар хотин-қизга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.  Натижада  фуқароларга 5 миллиарддан ортиқ нафақа ва ойлик иш ҳақлари ундириб берилди, 500 дан ортиқ хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди, мингдан ортиқ шахслар бепул касбга тайёрлов курсларида ўқитилди.

Тошкент давлат юридик университетининг бакалавр босқичи талабалари учун мўлжалланган “Криминология” фани дастурига “Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар билан ишлаш” мавзуси киритилди.

Тошкент давлат юридик университети томонидан давлат илмий-техник дастурлари доирасида 491 млн сўмлик грант асосида хотин-қизлар учун “Менга қўлингни узат” ҳуқуқий, психологик электрон иловаси яратилди. Мобил илова зўравонликка ва тажовузга учраётган аёллар учун “SOS-хабар” юбориш вазифасини бажаради, уларга ҳуқуқий ва психологик маслаҳат шунингдек, аноним ёрдам линияларини таклиф қилади, қонунчилик ва ресурслар тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланишни таъминлайди.

Шу билан бирга, ҳимоя ордери берилганда жабрланувчига қийин вазиятдан чиқиш бўйича эслатма варақаси бериш амалиётини йўлга қўйиш, эслатмада ҳимоя ордери билан бериладиган ҳуқуқлар, хавф туғилганда қандай ҳаракат ва мурожаат қилиш тартиблари, ишонч телефон рақамлари ва бошқалар акс эттирилади.  

 Бугунги кунда оила ва гендер масалалари, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасида жами 180 дан ортиқ ННТлар фаолият юритмоқда. Адлия органлари томонидан рўйхатдан ўтказилган ННТлар томонидан жорий йилда хорижий донорларнинг молиявий кўмагида тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган 732 минг АҚШ доллари миқдорида 10 га яқин лойиҳалар амалга оширилди. Европа иттифоқи томонидан “ACTED” техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлигининг Ўзбекистондаги филиалига (Франция) “Ўзбекистонда хотин-қизларни рағбатлантириш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш” лойиҳасини амалга ошириш учун 453 минг АҚШ доллари  миқдорида маблағ берилди.

Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистон филиали томонидан Раҳмдиллик жамиятининг “Аёллар, ногиронлар ва ёшларнинг давлат хизматларидан фойдаланиш ва улардан энг чекка ҳудудларда самарали фойдаланиш кўникмаларини ошириш” лойиҳаси 44,9 минг АҚШ доллари миқдорида молиялаштирилган. “Умумий манфаатларни излаш” халқаро нотижорат ассоциациясининг Ўзбекистондаги филиали (Бельгия) томонидан “Oydin-nur” оилани ижтимоий ҳимоялаш марказига “Аёлларнинг рақамли хавфсизлиги онлайн қўллаб-қувватлаш платформасини яратиш” лойиҳасини амалга ошириш учун 20 минг АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари сарфланган.

Республикада фаолият кўрсатаётган Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ва унинг ҳудудий бўлимларига, жабрланган ёки хавф остида бўлган хотин-қизларга 2024 йилдан “Инсон” марказлари орқали ҳимоя ордери талаб этилмаган ҳолда  ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилди.  

“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари билан манзилли иш олиб борилиб, 180 мингдан ортиқ фуқарога бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилди.   Бундан ташқари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ўтказилган “Бепул ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга” ҳуқуқий акцияси давомида адлия органлари томонидан маҳаллаларда, тегишли ташкилот ҳамда муассасаларда 1 минг 305 тадан ортиқ оммавий сайёр қабуллар ташкил этилиб, унда иштирок этган шахсларнинг 14 минг 692 нафарига бирламчи ҳуқуқий ёрдам (шу жумладан, ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар бериш) кўрсатилиши таъминланди.

Инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми

Бола ҳуқуқлари инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисмидир. Жорий йилнинг  ноябрь – декабрь ойларида ёшлар билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини аниқлаш, ўрганиш ва ҳал этиш, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, ёшлар онгида қонунларга ҳурмат руҳини шакллантириш, болалар ва ёшларнинг ҳуқуқлари кафолатлари таъминланишига қаратилган “Болалар ва ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” ҳуқуқий акцияси ўтказилди.

Ушбу акция давомида маҳаллалар, мактабгача таълими ташкилотлари, умумий ўрта таълим мактаблари, олий таълим муассасалари, техникум ва лицейларда тарғибот, сўровномалар ва семинар-тренинглар ташкил этилди.  Акция доирасидаги тадбирлар   Ёшлар ишлари агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 5  минг 154 та муассасасида ўтказилди.  Ташкил этилган 1 минг 550 та сайёр қабулларда (678 таси маҳаллаларда, 872 таси меҳнат жамоаларида) 3,3 мингга яқин болалар ва ёшларга оид мурожаатлар иш юритувига олинди.

Ҳуқуқий акция натижаларига кўра, 2 мингдан ортиқ болалар ва ёшларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Жумладан, 18 нафар йигит-қиз ишга тикланди, 279 нафарининг иш ҳақи ва устамалар ундириб берилди, 655 нафарига қонунчиликда белгиланган имтиёз ва субсидиялар қўлланилди, 1,1 минг нафарининг бошқа турдаги меҳнат ҳуқуқлари тикланди, 70 мингдан ортиқ ёшлар ва болаларнинг ҳуқуқий билим ва кўникмалари оширилди.    

Гендер тенглик: институционал ёндашув

Ислоҳотлар ҳар қайси тизим ва идоранинг ўзидан бошлансагина самара бериши мумкин. Инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик – адолатли жамият тараққиётининг мустаҳкам пойдевори эканлиги адлия  тизимида амалга оширилаётган ички сиёсатда ҳам устуворлик касб этмоқда.  

Адлия вазирлиги тизимида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш мақсадида мустаҳкам институционал асос яратилган. Хусусан, 2020 йилда ташкил этилган Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгаши орқали вазирлик ва унинг тизимида фаолият юритаётган аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва касбий фаоллиги қўллаб-қувватланмоқда.

Бугунги кунда адлия органлари тизимида 9 минг  823 нафар ходимнинг 3 минг 870 нафари (39 фоиз) хотин-қизлардан иборат бўлиб, раҳбарлик лавозимларида 389 нафар аёл самарали фаолият олиб бормоқда. Бу рақамлар гендер тенглик тамойилларининг амалдаги ижросини тасдиқлайди.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида @adliya_ayolibot телеграм-боти ишга туширилиб, уларнинг адлия вазирига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконияти яратилди.  

Адолатли меҳнат муносабатлари ишга қабул қилиш ва хизмат поғоналарида кўтарилиш жараёнларида ҳам акс этиб,  очиқлик ва шаффофлик асосида ташкил этилмоқда. Барча танловлар vacancy.adliya.uz платформаси орқали ўтказилиб, суҳбат ва баҳолаш жараёнлари онлайн тарзда жамоатчиликка намойиш этилмоқда.

2024–2025 йилларда минглаб ёш мутахассислар адлия тизимига очиқ танловлар орқали ишга қабул қилиниб, улар орасида хотин-қизлар улуши барқарор ўсиб бормоқда.

Эришилган натижалар билан бир қаторда, ушбу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш зарур. Жумладан, Gender-ҳуқуқий экспертиза амалиётини маҳаллий даражагача кенгайтириш, хотин-қизлар ва болалар учун масофавий ҳуқуқий ёрдам хизматларини янада ривожлантириш, зўравонликка қарши курашиш бўйича профилактик механизмларни кучайтириш, адлия органлари ходимлари учун гендер сезгирликка оид доимий ўқув дастурларини жорий этиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқий маданиятни оширишга қаратилган инновацион лойиҳаларни кўпайтириш алоҳида аҳамият касб этади.

Инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш – бу фақат ҳуқуқий мажбурият ёки бир кунлик вазифа эмас, балки жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омилига айланган узлуксиз жараёндир. Адлия органлари бу йўналишда қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқий ёрдамни кенгайтириш ва ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган  амалий ишларни изчил давом эттиради.

Президентимиз таъкидлаганидек, “Ҳар бир қарор, ҳар бир ислоҳот инсон қадрини улуғлашга хизмат қилиши керак”.

Улашиш:

Бошқалар

13-декабр 2025, 07:44
582

Аттестациядан неча марта ўта олмаган педагог билан меҳнат шартномаси бекор қилинади?

Мазкур Низомнинг 4-бандига асосан, педагог кадрлар учун мажбурий аттестация ҳар беш йилда бир марта ўтказилади.


10-декабр 2025, 12:52
447

Фуқаролар тўлаган солиғи қайси йўналишларга ишлатилганини билиб боради

Давлат солиқ тизимини янгилаш, фуқаролар ва тадбиркорларга қулай муҳит яратиш бўйича кўп ислоҳотлар қиляпти.


19-декабр 2025, 03:34
418

ФҲДЁ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат?

ФҲДЁ органларининг фаолияти юзасидан белгиланган тартибда Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органларига ҳисобот бериши шарт.


18-декабр 2025, 04:18
402

Қандай ҳолатлар меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш тўғрисидаги талабларни бузадиган шартлар ҳисобланади?

Амалиётда дастлабки синов муддати билан ишга қабул қилинган ходимларга бир хил ишни бажарадиган ҳамкасбларига нисбатан меҳнатига тўланадиган ҳақининг камайтирилган миқдорини ўрнатиладиган ҳолатлар учраб туради.