Содда талқин
19.01.2026
602

Сўнгги вақтларда халқ таълими тизимида асосий муҳокамаларга сабаб бўлаётган саволларнинг бири, умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган, аммо B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари билан меҳнат шартномалари бекор қилинаётганлиги ёки улар ишдан четлаштирилаётганлиги хусусида бўлмоқда.
Хўш, ушбу ҳаракатлар ҳуқуқий майдонда қанчалик асосли? Қуйида вазиятни амалдаги қонунчилик ва ҳуқуқий нормалар орқали таҳлил қиламиз.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги 312-сонли қарори билан хорижий тил ўқитувчилари учун B2 даражадаги сертификатга эга бўлиш талаби белгиланган. Бу давлатнинг таълим сифатини оширишга қаратилган стратегик қадами эканлиги шубҳасиз. Бироқ, юридик нуқтаи назардан муҳим бир жиҳат мавжуд: Малака талабининг мавжудлиги — автоматик равишда ишдан бўшатиш учун асос бўла олмайди. 312-сонли қарорда ушбу талабни бажармаган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғридан-тўғри ҳуқуқий оқибат сифатида кўрсатилмаган.
Меҳнат кодекси бўйича қарасак, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ходим ва иш берувчи ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи олий юридик кучга эга ҳужжатдир. Кодексда меҳнат шартномасини бекор қилиш ва ишдан четлаштиришнинг қатъий рўйхати келтирилган.
B2 сертификатининг йўқлиги қуйидаги моддаларни қўллаш учун асос бўла олмайди:
— МК 168-модда (Меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари): Ушбу моддада белгиланган умумий асослар рўйхатида «сертификат мавжуд эмаслиги» каби банд мавжуд эмас.
— МК 161-модда (Иш берувчи ташаббуси билан бекор қилиш): Малака етишмаслиги сабабли шартномани бекор қилиш учун ходим махсус аттестациядан ўтказилиши ва унинг нолойиқ эканлиги комиссия қарори билан тасдиқланиши шарт. Фақатгина «сертификат йўқлиги» фактининг ўзи ходимнинг ўз вазифасига нолойиқ эканлигини англатмайди ва бу моддани қўллашга ҳуқуқий замин яратмайди.
— МК 151-модда (Ишдан четлаштириш): Ходимни ишдан четлаштириш (масалан, маст ҳолатда келиш, меҳнат муҳофазаси қоидаларини бузиш ва ҳ.к.) учун қонунда белгиланган ҳолатлар мавжуд. B2 сертификатига эга бўлмаслик ушбу рўйхатга киритилмаган.
— Бошқа турдаги ёки алоҳида тартиб билан истисно қилинмаган.
Президентнинг 2021 йил 19 майдаги ПҚ-5117-сон қарори билан тасдиқланган концепцияга эътибор қаратиш лозим. Унда 2030 йилгача хорижий тил ўқитувчиларининг 100 фоизини B2 даражага етказиш кўзда тутилган. Бу ердаги калит сўз — «босқичма-босқич» ҳисобланади. Давлат дастури бу жазолаш механизми эмас, балки ривожланиш индикаторидир. 2030 йилгача белгиланган мақсадни бугунги кунда «гилотина» сифатида ишлатиш ва ўқитувчиларни оммавий ишсиз қолдириш ушбу ислоҳотнинг руҳи ва мазмунига зиддир.
Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки: Хорижий тил ўқитувчиларини фақатгина B2 сертификати йўқлиги важидан ишдан бўшатиш ёки ишдан четлаштириш — ноқонунийдир.
Ушбу позицияни Давлат меҳнат инспекцияси ҳам тасдиқлаган бўлиб, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига расмий тақдимнома киритилган. Бу шуни англатадики, назорат қилувчи орган иш берувчиларнинг ушбу ҳаракатларини меҳнат қонунчилигини бузиш деб баҳоламоқда.
Агар сиз ушбу вазиятга дуч келган бўлсангиз, қуйидаги ҳаракатларни амалга оширишингиз мақсадга мувофиқ:
1.Ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруққа имзо чекишдан бош тортиш ва унинг ҳуқуқий асосини талаб қилиш.
2.Туман ёки шаҳар Адлия бўлимига ҳамда Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилиш.
3. Ўз ҳуқуқларингизни суд орқали ҳимоя қилиш (бунда ишга тиклаш, мажбурий прогул учун ҳақ тўлаш ва маънавий зарар ундирилиши мумкин).
Алишер Аманбаев,
«Адолат» МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Аҳолини рўйхатга олиш бошланди
Аҳолини рўйхатга олиш ўзи нима, унинг ҳуқуқий асоси борми?
Нега хавфсиз муҳит айнан маҳалладан бошланиши керак?
Ҳуқуқий назарияга кўра, хавфсиз муҳитни шакллантиришда энг муҳим масала – муаммони имкон қадар эрта аниқлаш ва унга эрта муносабат билдиришдир.
Сунъий интеллект ёрдамида шахсга доир маълумотларни ўзгартириш жиноят ҳисобланадими?
"Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш киритилди.
Таълим ва ишни бараварига олиб бориш учун қандай шароитлар мавжуд?
Меҳнат кодексининг 383-моддаси ходимларнинг меҳнат фаолиятини таълим билан биргаликда олиб бориш ҳуқуқини мустаҳкамлайди ҳамда иш берувчиларнинг ушбу жараёнда мажбуриятларини белгилайди.