#NoComment
07.05.2026
330

Кўпчилик ходимлар ишга киргандан кейин дарҳол таътил олиш мумкинми, деган саволга қизиқади. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига кўра, биринчи иш йилида ҳар йилги меҳнат таътилини беришнинг алоҳида тартиби мавжуд.
Қонунчиликка кўра, ходим ушбу иш берувчида узлуксиз 6 ой ишлагандан кейин ҳар йилги меҳнат таътилидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бироқ, иш берувчи ва ходим ўзаро келишса, таътил 6 ой тўлмасидан олдин ҳам берилиши мумкин.
Агар ташкилот янги ташкил этилган бўлса, ходимга биринчи иш йилидаги меҳнат таътили 6 ой ишлашини кутмасдан ҳам берилиши мумкин. Муҳими — ушбу таътил биринчи иш йили тугагунига қадар берилиши керак.
Қонунга кўра, айрим тоифадаги ходимлар ўз хоҳишига кўра 6 ой ишламасдан ҳам ҳар йилги меҳнат таътилини олиш ҳуқуқига эга.
Уларга қуйидагилар киради:
— ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки кейин бўлган аёллар;
— 14 ёшгача фарзанди бор ёки 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган шахслар;
— 18 ёшга тўлмаган ходимлар;
— муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, резервдан бўшатилганидан кейин 3 ой ичида ишга кирган собиқ ҳарбийлар;
— 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар;
— I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар;
— ишлаб туриб таълим олаётган ва таътилини имтиҳон ёки ўқув ишлари вақтига тўғрилашни истаганлар;
— жамоа шартномаси ёки ички ҳужжатларда назарда тутилган бошқа ходимлар.
Ҳа. Юқоридаги ҳолларда ҳар йилги меҳнат таътили тўлиқ давомийликда ва тўлиқ ҳақ тўланган ҳолда берилади.
Агар ходим ўриндошлик асосида ишлаётган бўлса:
— 6 ойдан кам ишлаган бўлса — таътил асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда ва ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўланган ҳолда берилади;
— 6 ой ва ундан ортиқ ишлаган бўлса — таътил учун тўлиқ ҳақ тўланади.
Таълим ташкилотлари ўқитувчиларига биринчи иш йилидаги таътил ёзги таътил даврида берилади. Бунда улар қачон ишга кирганидан қатъи назар, таътил тўлиқ давомийликда берилади, аммо ҳақ ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда тўланади.
Иккинчи ва кейинги иш йилларида эса ўқитувчиларга меҳнат таътили учун тўлиқ ҳақ тўланади.
Демак, умумий тартибга кўра ходим 6 ой ишлагандан кейин меҳнат таътили олиш ҳуқуқига эга бўлади. Аммо қонунчилик айрим тоифадаги ходимларга имтиёз бериб, уларга бу муддатни кутмасдан таътил олиш имкониятини яратган.
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Миси чиққан уста
Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса.
Давлат қарори билан мулк ҳуқуқи қачон бекор қилиниши мумкин?
Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра, давлат органлари мулкдорнинг мол-мулкини истаган вақтда ёки асоссиз равишда олиб қўйиши мумкин эмас.
Банк мижоз учун эмас(ми?)
Навоий вилоятидаги банклардан бирининг туман филиали мутассадиларининг лоқайдлиги туфайли бир оила бошпанасиз, сарсон-саргардон.