currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларЧарм-пойабзал саноатига янги имтиёзлар

Чарм-пойабзал саноатига янги имтиёзлар

Ўзбекистон

calendar

02.07.2026

eye

23

Чарм-пойабзал саноатига янги имтиёзлар

Ўзбекистонда чарм-пойабзал саноатини ривожлантириш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда маҳаллий корхоналарнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга қаратилган навбатдаги муҳим ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Президентнинг “Чарм-пойабзал саноатида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори (ПҚ–250-сон, 2026 йил 1 июль) соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги босқичини бошлаб беради.

Қарорда маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш ва миллий брендларни ривожлантиришга хизмат қилувчи бир қатор молиявий ва ташкилий чоралар назарда тутилган.

Тайёр чарм ишлаб чиқарувчиларга субсидия

2026 йил 1 июлдан 2028 йил 31 декабрга қадар Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан терини қайта ишлаб, тайёр чарм ишлаб чиқарувчи корхоналарга ишлаб чиқарилган ва реализация қилинган ҳар бир дециметр квадрат тайёр чарм учун 350 сўм миқдорида субсидия ажратилади.

Бу механизм корхоналарни хом тери экспорти ўрнига уни мамлакат ичида қайта ишлаш ва юқори қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришга рағбатлантиради.

Янги моделлар учун молиявий рағбат

Қарорга мувофиқ, пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга ишлаб чиқаришга жорий этилган ҳар бир янги модел учун 1 миллион сўм субсидия берилади.

Бунда бир корхонага бир календарь йили давомида ажратиладиган субсидиянинг умумий миқдори 50 миллион сўмдан ошмайди.

Мазкур чора ишлаб чиқарувчиларни янги дизайн ва замонавий маҳсулотларни яратишга, ички ва ташқи бозор талабларига тезроқ мослашишга хизмат қилади.

Пойабзал қолипларини импорт қилиш харажатлари қисман қопланади

Қарорда ишлаб чиқариш технологияларини модернизация қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Шунга кўра, пойабзал ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ўз эҳтиёжлари учун импорт қилинган пойабзал қолиплари қийматининг 50 фоизи қоплаб берилади.

Бунда компенсациянинг энг юқори миқдори:

— Европа Иттифоқи давлатларидан импорт қилинган қолиплар учун — 10 минг АҚШ долларигача;

— бошқа давлатлардан импорт қилинган қолиплар учун — 5 минг АҚШ долларигача белгиланган.

Бу имтиёз маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг юқори сифатли технологиялардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради.

Сувни тозалаш харажатларининг ярми қопланади

Экология ва атроф-муҳит муҳофазасига ҳам алоҳида эътибор берилган.

Эндиликда енгил саноат корхоналари томонидан сув тозалаш иншоотларида белгиланган меъёрлар доирасида сувни тозалаш учун харид қилинган кимёвий воситалар ва реагентлар қийматининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади.

Бу чора ишлаб чиқариш жараёнида экологик талабларга риоя этилишини таъминлаш ҳамда корхоналарнинг харажатларини қисқартиришга хизмат қилади.

Давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги имкониятлар

Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан давлат харидлари тизимида ҳам муҳим ўзгаришлар кучга киради.

Эндиликда давлат харидларида иштирок этувчи корхоналарга қуйидаги мезонлар асосида қўшимча балл берилади:

— маҳсулот ишлаб чиқаришда маҳаллий чарм хомашёси ва бутловчилардан кооперация асосида фойдаланиш даражаси;

— яратилган янги иш ўринлари сони;

— белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган савдо белгиси ва миллий бренднинг мавжудлиги.

Шунингдек, мазкур талабларга жавоб берадиган иштирокчилар учун давлат харидларида 15 фоизгача нарх преференцияси тақдим этилади.

Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва ички бозорда миллий маҳсулотлар улушини кўпайтиришга хизмат қилади.

Махсус пойабзаллар учун сертификат талаби

Яна бир муҳим янгилик сифатида давлат буюртмачилари томонидан электрон давлат харидлари тизими орқали харид қилинадиган махсус пойабзалларга нисбатан янги талаб жорий этилмоқда.

Эндиликда давлат харидлари тавсифида маҳсулотнинг мувофиқлик сертификати тўғрисидаги ахборотни жойлаштириш мажбурий ҳисобланади.

Бу эса давлат харидларида сифат стандартларига риоя этилишини таъминлаш, истеъмолчилар хавфсизлигини ошириш ҳамда сертификатланган маҳсулотлар улушини кўпайтиришга хизмат қилади.

Хулоса

Қабул қилинган қарор чарм-пойабзал саноатида ишлаб чиқариш занжирини мустаҳкамлаш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва миллий брендларни ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий асос ҳисобланади.

Молиявий субсидиялар, импорт харажатларини қоплаш, давлат харидларида қўшимча афзалликлар ҳамда экологик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш орқали маҳаллий корхоналарнинг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини янада ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратилиши кутилмоқда.

Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш: