#NoComment
21.08.2026
117

Тасаввур қилайлик: ҳайдовчи кечки пайт одатдаги йўлидан ҳаракатланмоқда. Йўл қопламасидаги чуқур қоронғилик сабаб деярли кўринмайди. Автомобиль чуқурга тушади, натижада шина ёрилади, диск эгилади ёки автомобилнинг юриш қисми шикастланади. Ҳайдовчи эса таъмирлаш учун катта миқдорда харажат қилишига тўғри келади. Бундай вазиятда кўпчиликнинг биринчи фикри: «Ҳайдовчи йўл шароитига мос тезликни танлаши керак эди», деган гап бўлади.
Лекин бошқа савол ҳам бор: йўлнинг хавфсиз ҳолатда бўлиши учун ким масъул? Бу савол 2026 йил 5 августда қабул қилинган ЎРҚ-1162-сон «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги Қонун кучга киргани билан янада долзарб бўлди. Мазкур қонун йўл эгалари, йўлдан фойдаланувчилар ва давлат органларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини аниқроқ белгилаб берди.
Муаммони ҳал қилишнинг биринчи нуқтаси — йўлнинг кимга тегишли ёки кимнинг бошқарувида эканини аниқлаш. ЎРҚ-1162-сон Қонуннинг 10-моддасига кўра, автомобиль йўллари умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, шаҳар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари ҳамда хўжалик автомобиль йўлларига бўлинади. Демак, «йўл учун давлат жавоб беради» деган умумий хулоса ҳар доим ҳам тўғри эмас. Жавобгар субъект йўлнинг ҳуқуқий мақомига қараб аниқланади. Масалан, шаҳар ичидаги кўча билан хўжалик йўлининг эгаси ва уни сақлаш учун масъул субъект бир хил бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли зарарни ундириш масаласида аввало қайси йўл участкаси ҳақида гап кетаётгани ва унинг эгаси кимлиги аниқланиши керак.
2. Янги қонун йўл эгасига қандай мажбурият юклайди?
Бу саволга ЎРҚ-1162-сон Қонуннинг 30 ва 35-моддалари жуда муҳим жавоб беради. Қонуннинг 30-моддасида автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш ишлари мазкур йўл эгалари томонидан, шу жумладан ихтисослаштирилган йўл ташкилотларини жалб қилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган. Яъни йўлни сақлаш шунчаки тавсия эмас, балки қонунда белгиланган мажбуриятдир. 35-модда эса йўл эгаларининг зиммасига янада аниқ мажбуриятларни юклайди. Унга кўра, йўл эгалари автомобиль йўлларини соз ҳолатда сақлаши ва уларда транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаши, шунингдек йўл белгилари ва ҳаракат хавфсизлигини таъминловчи бошқа техник воситаларни ўрнатиши керак. Қурилиш-таъмирлаш ишлари вақтида эса тегишли тўсиқлар, белгилар ва кўрсаткичлар ўрнатилиши лозим.
Шундай экан, йўлдаги чуқур шунчаки «йўлнинг камчилиги» эмас. Агар у хавфсиз ҳаракатга реал хавф туғдирса ва уни бартараф этиш ёки белгилаш йўл эгасининг мажбуриятига кирса, масала ҳуқуқий жавобгарлик даражасига чиқиши мумкин.
Амалиётда бундай ишларнинг тақдирини кўпинча қонуннинг ўзи эмас, далиллар ҳал қилади. Агар автомобиль чуқурга тушган бўлса, имкони борича воқеа жойини дарҳол фото ва видеога олиш, чуқурнинг жойлашуви ва ўлчамларини қайд этиш, йўл белгилари мавжуд ёки мавжуд эмаслигини кўрсатиш, автомобилнинг шикастланган қисмларини суратга олиш муҳим.
Шунингдек, ҳодиса вақти, аниқ манзил, гувоҳлар, тегишли расмий ҳужжатлар, таъмирлаш харажатларини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам муҳим далил бўлиши мумкин. Энг асосий мақсад — «мен шу чуқурга тушдим ва машинам шикастланди» деган икки факт ўртасидаги сабабий боғлиқликни кўрсатиш.
Агар йўл эгаси ўз зиммасидаги йўлни соз ва хавфсиз ҳолатда сақлаш мажбуриятини бажармаган бўлса ва айнан шу носозлик автомобилга зарар етказгани исботланса, зарар учун йўл эгаси ёки қонунчиликда жавобгар деб топиладиган тегишли субъект масъул бўлиши мумкин. Бироқ ҳайдовчининг йўл шароитига мос ҳаракат қилгани, хавфни олдиндан кўриш имконияти бўлган-бўлмагани ва бошқа ҳолатлар ҳам баҳоланади. Шунинг учун бундай низода энг кучли позиция — «йўл ёмон эди» деган умумий даъво эмас, балки йўл носозлиги + сабабий боғлиқлик + аниқ зарар + масъул субъектни далиллар билан кўрсатишдир. Шундай экан, кейинги сафар автомобиль йўлдаги чуқур сабаб шикастланса, саволни фақат «машинамни ким тузатиб беради?» тарзида қўйиш эмас, балки «қонун бўйича бу йўлнинг хавфсизлиги учун ким масъул ва буни қандай исботлай оламан?» тарзида қўйиш керак. Айнан мана шу савол йўл чуқурини оддий маиший муаммодан ҳуқуқий масъулият масаласига айлантиради.
Мафтуна Қурбонова,
ҳуқуқшунос
Улашиш:
Бошқалар
Бир лаҳзалик ишонч қимматга тушиши мумкин: фирибгарлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Алдаш орқали бошқанинг мол-мулкини қўлга киритиш жиноят ҳисобланади ва бунинг учун жиддий жавобгарлик белгиланган.
Уй-жой (квартира)ни ижарага бериш шартномасини тузишда нималарга эътибор қаратиш керак?
Уй-жойни ижарага бериш ёки ижарага олишда энг муҳим ҳужжат бу — ижара шартномасидир.
Қандай ҳолатлар оқова сув тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш деб ҳисобланади?
Оқова сувларни чиқариб юбориш тармоқлари аҳоли саломатлигини сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда санитария-гигиена талабларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Медиаторлик фаолияти билан шуғулланувчи мутахасислар қандай талабларга жавоб бериши керак?
Медиатор томонлар ўртасидаги низони ҳал қилишда мустақил ва бетараф воситачи сифатида иштирок этади.