Суд очерклари
14.08.2026
327

Давлат харидлари маблағларидан самарали ва қонуний фойдаланишни таъминлаш, тадбиркорлар ўртасида соғлом рақобатни яратиш ҳамда харид жараёнларининг шаффофлигини таъминлашга қаратилган муҳим тизимдир. Шу сабабли давлат харидлари жараёнида белгиланган тартибларни бузиш мансабдор шахслар учун маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175⁸-моддасида давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Давлат харидлари режаларини, жумладан режа-жадвалларини шакллантириш ва жойлаштириш талабларига риоя қилмаслик, шунингдек харидлар ҳақидаги эълонларни махсус ахборот порталига белгиланган тартиб ва муддатларда жойлаштирмаслик жавобгарликка сабаб бўлади.
Бундай ҳолатда мансабдор шахсга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.
Давлат харидлари ҳақидаги эълон ёки харид ҳужжатларига қонунчиликда тақиқланган, рақобатни чеклайдиган ахборот, ҳавола ёки талабларни киритиш ҳам ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Шунингдек, харид ҳужжатларини тасдиқлаш ёки буюртмаларни шакллантириш тартибини бузиш ҳам жавобгарликка олиб келади.
Бундай ҳуқуқбузарлик учун мансабдор шахсга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима солинади.
Қонунчиликда товар, иш ёки хизмат етказиб берувчини тендер ёки бошқа рақобатли харид усули орқали аниқлаш талаб этилган бўлса, ушбу талабни четлаб ўтиб харидни ягона етказиб берувчидан ёки тўғридан-тўғри шартнома асосида амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилиш жавобгарликка сабаб бўлади.
Бундан ташқари, комплекс экспертизадан ўтказилиши лозим бўлган давлат харидлари бўйича тўғридан-тўғри шартномаларнинг бундай экспертизадан ўтказилишини таъминламаслик ҳам ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Бу ҳолатларда жарима БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваригача бўлиши мумкин.
Давлат харидлари жараёнида аффилланганлик мавжудлиги ҳақида қонунчиликда белгиланган тартибда хабар бермаслик ҳам жиддий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Шунингдек, қонунчиликда назарда тутилмаган ҳолларда таклифларни қабул қилмаслик, таклиф бериш муддатларини ноқонуний равишда қисқартириш, таклифлар солинган конвертларни очиш ёки таклифларни харид ҳужжатларига зид равишда баҳолаш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади.
Бундай ҳолатда мансабдор шахсга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.
2026 йилдаги ўзгартиришлар билан давлат харидларига оид жавобгарлик янада кучайтирилди. Хусусан, давлат хариди предметининг бошланғич нархи билан унинг ўртача бозор нархи ўртасидаги йўл қўйиладиган энг юқори тафовут бўйича белгиланган талабни бузиш, агар бунда талон-торож қилиш ҳолати мавжуд бўлмаса, мансабдор шахсга БҲМнинг 30 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
Агар ушбу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, жарима — БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача янада ошади.
Зиёвуддин Намозов
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Профилактика инспектори янги ваколатлари нималардан иборат?
Бу орқали профилактика инспекторининг асосий вазифаси — ҳудудда хавфсизликни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўпроқ эътибор қаратилиши кутилмоқда.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Тошкентда автобус ва метрода йўл ҳақини 2,5 минг сўмгача ошириш таклиф қилинмоқда
Узоқ муддатли тарифларда чегирмалар ҳам назарда тутилган.