currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларДавлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тартиби тўғрисида 10 та муҳим саволга жавоб

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тартиби тўғрисида 10 та муҳим саволга жавоб

Ҳуқуқ

calendar

24.03.2026

eye

25

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тартиби тўғрисида  10 та муҳим саволга жавоб

Молиявий имкониятнинг чекланганлиги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда тўсиқ бўлмаслиги керак. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниб, аҳолига бепул ҳуқуқий ёрдам олиш имкониятини яратилди. Мазкур тизим, айниқса, ҳуқуқий ҳимояга муҳтож бўлган фуқаролар учун адолатни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қуйида ушбу тизимнинг ишлаш тартибини 10 та асосий савол доирасида таҳлил қиламиз.

 

1. Бепул юридик ёрдам кимларга ва қайси мезон асосида берилади?

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими манзиллилик тамойилига асосланади. Ундан қуйидаги тоифадаги шахслар фойдаланиши мумкин:

— Кам таъминланганлар: агар улар фуқаролик, маъмурий ёки жиноят ишлари доирасида (даъвогар, жавобгар, аризачи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки маҳкум сифатида), шунингдек маъмурий қамоқ назарда тутилган ҳуқуқбузарликларда иштирок этса.

— Махсус ҳимояга муҳтожлар: Психиатрия ёрдами кўрсатилаётган шахслар.

— Ҳуқуқий тенглик изловчилар: Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги сабабли судга мурожаат қилганлар.

— Процессуал мажбурият: Жиноят иши бўйича адвокат иштироки шарт бўлган ҳолатлардаги гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчилар.

 

2. Тизим қайси турдаги низоларни қамраб олади?

Бепул адвокат нафақат жиноят ишлари, балки ижтимоий муҳим бўлган фуқаролик ва маъмурий ишларни ҳам қамраб олади:

— Меҳнат ва ижтимоий низолар: Ишга тиклаш, иш ҳақи ва нафақалар ундириш.

— Оилавий ва уй-жой масалалари: Алимент ундириш, уйга киритиш ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи.

— Зарарни қоплаш: Давлат органларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли етказилган зарарни ундириш ва бошқалар.

 

3. Бепул адвокат жалб қилиш учун қаерга ва қандай мурожаат қилиш лозим?

Фуқаролар экстерриториаллик принципи (яшаш жойидан қатъи назар) асосида Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари (бўлимлари)га мурожаат қилишлари мумкин. Аризалар оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда қабул қилинади. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза «Юридик ёрдам» ахборот тизимида рўйхатга олинади.

 

4. Адвокат қандай танланади? Инсон омили таъсир қиладими?

Йўқ, адвокатни шахсан мансабдор шахс тайинламайди. Адвокатлар “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали тасодифий танлаш йўли билан аниқланади. Бунда адвокатнинг ихтисослиги, иш юритиш тили ва ҳудуди инобатга олинади.

 

5. Аризани кўриб чиқиш муддатлари қандай?

Ариза ёки суднинг сўрови келиб тушган кундан бошлаб 3 иш куни ичида кўриб чиқилади. Жиноят ишлари бўйича адвокат иштироки шарт бўлган кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда эса, адвокат ЖПКда белгиланган тартибда зудлик билан жалб этилади.

 

6. Қайси ҳолларда бепул юридик ёрдам бериш рад этилиши мумкин?

Юридик ёрдам олиш тўғрисида берилган аризани рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

— ариза ёки сўров қонун талабларига мос бўлмаса;

— ариза вакил томонидан берилганда унинг ваколатини ҳужжатлар бўлмаса;

— психиатрия муассасасидан психиатрия ёрдами олаётганини тасдиқловчи маълумотнома бўлмаса;

— гендер тенглиги бузилишига оид иш судда кўрилаётгани ҳақида маълумотнома бўлмаса;

— тақдим этилган ҳужжатларда ёлғон ёки нотўғри маълумот бўлса;

— айни шу низо бўйича олдин давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилган бўлса (янги ҳолатлардан ташқари);

 

7. Давлат ҳисобидан тайинланган адвокатни алмаштириш мумкинми?

Ҳа, маълум асослар мавжуд бўлганда адвокат алмаштирилиши мумкин. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокат Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестридан чиқарилган тақдирда ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда махсус ваколатли давлат органининг қарори асосида бошқа адвокат билан алмаштирилади.

Бир адвокатни бошқа адвокат билан алмаштириш чоғида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг узлуксизлиги таъминланади

 

8. Кўрсатилган юридик ёрдам сифати қандай назорат қилинади?

Қонунга кўра, адвокат юридик ёрдамни сифатли ва касб этикасига мувофиқ кўрсатиши шарт. Ваколатли орган адвокат томонидан кўрсатилган ёрдамнинг сифати ва ҳажмини текшириш ҳуқуқига эга. Бунинг учун вазирлик фуқаролардан ёки иш юритаётган органдан қўшимча маълумотлар сўраб олиши мумкин.

 

9. Харажатлар ким томонидан қопланади ва қайта ундириш тартиби борми?

Адвокатга тўловлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан тўланади. Бироқ, агар фуқаро ёлғон маълумот бериб, бепул адвокат олгани аниқланса, харажатлар ундан қайта ундирилади. Шунингдек, агар бепул адвокат жалб қилган шахс судда ютса, адвокат ҳақи ютқазган томондан давлат фойдасига ундириб олинади.

 

10. Қайси ҳолатларда юридик ёрдам кўрсатиш тўхтатилади?

Юридик ёрдам қуйидаги ҳолларда кўрсатиш якунланади:

— фуқаро ўз хоҳишига кўра бепул адвокатдан воз кечганда;

— шахс «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»да кам таъминланганлар тоифасидан чиқарилганда;

— жисмоний шахсга психиатрия ёрдамини кўрсатиш тугатилган бўлса;

— фуқаро ўз маблағи ҳисобидан бошқа адвокат билан шартнома тузганда;

— шахснинг аризасида кўрсатилган масала бўйича юридик ёрдам кўрсатиш суднинг тегишли ҳукми, қарори ёки ажрими чиқарилганлиги муносабати билан якунланган бўлса.

Жасур Султонов,
Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш
таъсирини баҳолаш институти
катта маслаҳатчиси

Улашиш:

Бошқалар