Ҳуқуқ
08.01.2026
1 604

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, хусусан, тиббиёт ва фармацевтика соҳасини рақамлаштириш жараёнлари жадаллашмоқда.
Ушбу ислоҳотларнинг асосий мақсади — беморлар хавфсизлигини таъминлаш, дори воситалари айланмасини шаффоф ва самарали бошқариш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишдан иборат.
Бундай ислоҳотларни жадаллашига асосий сабаб сифатсиз ва яроқсиз дори воситаларининг реализация қилинишидаги назорат етарли даражада эмаслигидан далолат беради.
Шу нуқтаи назардан, дорихоналарда тез-тез учрайдиган “сотиб олинган дори воситалари қайтариб олинмайди” мазмунидаги ёзувлар мазкур ислоҳотлар доирасида алоҳида ҳуқуқий баҳоланиши лозим бўлган долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 сентябрдаги 570-сон қарори билан “Тиббиёт ташкилотларида рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2025 йил 10 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва тажриба-синов ҳудудларида дори воситаларини асосан электрон рецепт орқали тайинлаш тизими жорий этилди.
Электрон рецепт тизимининг киритилишидан мақсад:
— дори воситаларини халқаро патентланмаган ном (ХПН) асосида тайинлаш;
— шифокор томонидан дори ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумот киритилиши;
— тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларининг ягона рақамли платформага уланиши;
— рецепт билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга эришиш.
Амалдаги қонунчиликка кўра, дори воситалари икки асосий тоифага бўлинади:
1. Рецепт билан бериладиган дори воситалари — фақат шифокор рецепти (шу жумладан электрон рецепт) асосида реализация қилинади.
2. Рецептсиз бериладиган дори воситалари — фармацевт ходим томонидан рецептсиз сотилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2023-йил 28-апрелдаги 10-сон буйруғи билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, дори воситаси рецептсиз тоифага киритилиши учун у гиёҳвандлик, психотроп ёки кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига кирмаслиги, жиддий ножўя таъсирлар келтириб чиқармаслиги ҳамда тиббий кузатувсиз қўлланганда хавф туғдирмаслиги лозим.
Дорихоналардаги фармацевт ходимлар ҳамда истеъмолчиларнинг юқорида келтирилган қонунчилик талабларини етарли даражада англаб етмасликлари натижасида амалиётда энг кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган масала — дори воситаларини қайтариш ва алмаштириш тартиби ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 39-бандига мувофиқ, дорихоналардан реализация қилинган дори воситалари ва тиббий буюмлар қайтариб олинмайди ва шунга ўхшаш дори воситалари ва тиббий буюмларга алмаштирилмайди.
Бироқ сифатсиз дори воситалари, шунингдек шифокор томонидан берилган рецептга номутаносиб тарзда дорихона томонидан реализация қилинган дори воситалари мазкур Низомга мувофиқ қайтарилиши лозим. Бунда сифатсиз дори воситаси ва тиббий буюм деганда яроқсиз ҳолга келган ва (ёки) яроқлилик муддати ўтган дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар тушунилади.
Умуман олганда, дорихона ходимлари ҳамда истеъмолчилар дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилиш жараёнида амалдаги қонунчиликка мувофиқ белгиланган қуйидаги асосий талаб ва мажбуриятлардан хабардор бўлишлари мақсадга мувофиқ:
1. Рецепт билан бериладиган дори воситаларини дорихона пештахтасига жойлаштириш қатъиян тақиқланади;
2. Дорихона ходими харидорга дори воситаси бўйича қуйидаги маълумотларни тўлиқ ва тушунарли тарзда тақдим этиши шарт:
— қўллаш тартиби, дозаси ва яроқлилик муддати;
— чакана реализация нархи ҳамда савдо устамаси миқдори;
— маҳсулотнинг мувофиқлик сертификати (сифатини тасдиқловчи ҳужжатлар);
3. Дори воситалари ва тиббий буюмлар реализация қилинганда харидорга касса чеки ҳамда товар чеки тақдим этилиши лозим.
Бехрўз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Миси чиққан уста
Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса.
Қандай ҳаракатлар суд ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади? 5 муҳим факт
Айрим тоифадаги ижро ҳужжатларини Мажбурий ижро бюросига тақдим этилгунига қадар уларнинг ижросини таъминламаслик маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Кучли иссиқда меҳнат қоидалари қандай?
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, кучли иссиқ шароитида меҳнат қилаётган айрим тоифадаги ходимларга иш куни давомида қўшимча танаффуслар берилиши мумкин. Шунингдек, иш берувчилар дам олиш учун қулай шароит яратиши ва зарур ҳолларда ходимларни масофавий ишга ўтказиши мумкин.