currencies image

12 724,84 UZS

15,11

usd

currencies image

14 223,83 UZS

32,80

eur

currencies image

137,11 UZS

2,03

ru



АсосийЯнгиликлар“Дунё энди аввалги дунё эмас” — Ҳиросима ва Нагасаки фожиасига сабабчи олим иқрори

“Дунё энди аввалги дунё эмас” — Ҳиросима ва Нагасаки фожиасига сабабчи олим иқрори

Ўзбекистон

calendar

06.08.2023

eye

2 021

“Дунё энди аввалги дунё эмас” — Ҳиросима ва Нагасаки фожиасига сабабчи олим иқрори

1945 йилнинг 6 августида Япониянинг Ҳироcима шаҳрига “Болакай” атом бомбаси ташланади. Америка яратган қирғин қурол уч кун ўтиб Нагасакига ҳам тушади. Икки-тўрт ой ораси Ҳиросимада 70 минг, кейинги шаҳарда 40 мингга яқин одамнинг ёстиғи қурийди. Тирик қолганларни ногиронга, болаларни етим, аёлларни чала жонга айлантирган қуролнинг “ота”си эса машҳур физик олим Роберт Оппенҳеймердир.

Инсоният тарихидаги энг даҳшатли қирғин қуролини яратган олим шахси эса ўта ғалати: чигал ва мураккаб. Шу йилнинг июлида премьераси ўтган “Оппенҳеймер” фильми ҳам буни тасдиқлайди. Ҳар йилнинг 6–9 августида икки шаҳар қурбонлари хотирланаркан, бунга сабабчи асосий шахслар ҳақида ҳам авлодларга ҳикоя қилиш шарт. Роберт Оппенҳеймер ўша шахсларнинг энг бошида туради.

Роберт Оппенҳеймер Фото: Википедия

Муҳожир тўқувчининг шоиртабиат арзандаси

Бамайлихотир умргузаронлик қилиш илинжида Германиядан Америкага кўчган Юлий Оппенҳеймер замонасининг бой тўқимачиси эди. Унинг 1904 йили туғилган нимжон, ҳадеганда касал бўлаверадиган ўғли Роберт Оппенҳеймер эса негадир отасига тортмайди. Савдони хушламай ўсади. Яҳудийлардек тижорат унинг тақдири қилиб ёзилмайди бошиданоқ.

 Таълимнинг ҳамма босқичларидан ўтиб, Ҳарвард университетиниям тамомлагач, отасининг розилигини олиб Англияга кетади. Европа унга нафақат физик ҳодисаларни чуқурроқ ўрганиш, яна атом тадқиқотларини бошлашга бошпана бўлади.

1925 йили Кавендиш лабораториясига бирровга бош суқадию, ҳаммаси тезда жонига тегади. Зерикади. Тажриба ўтказишни хушламайди. Бўлғуси олимга экспериментал физикадан кўра назарийси кўпроқ ёқар, диққинафас бўлиб кун узоғи лабораторияда ўтиргандан кўра йирик олимлар назариясига шўнғиш афзал туюлади.

Дўстига ёзган мактубларида ҳам Кембрижда ўтаётган кунларидан ёзғириб, дардини тўкиб-сочади: “Очиғи, вақтимни расво ўтказяпман. Лабораториядаги иш даҳшатли даражада зерикарли. Ҳеч вақони ўрганмаётганимни ҳис этишдан ёмони йўқ”.

Фото: Governing

Устози Патрик Блаккет билан орасидан қора мушук ҳам ўтади. Ҳатто бир куни Блаккетнинг иш столига заҳарли моддаларга тўйинтирилган олмани қўйиб кетади.

Робертнинг совуқ “қилиғи” шов-шув бўлмасидан ота-онаси ишни босди-босди қилишга, университет маъмурияти олдида узр сўрашга шошилади. Кейин тобора руҳан саломатлигини йўқотаётган ўғилни ота психиатр қабулига ёздиради.

Бироқ психиатр бемор билан обдон суҳбатлашгач, ҳеч қандай дори-дармон, маслаҳат унга кор қилмаслигини айтиб, таассуфини билдиради.

Психиатр ёрдам беролмагач, адабиёт кўмакка келади. Дўстлари тавсияси билан Марсел Прустнинг “Йўқотилган вақтни излаб” романини ўқигач, ўзи истаган руҳий оромни топади – асар уни тинчлантириб, яшашга умид уйғотади.

Ниманидир ўйлаётган, чалкаш фикрларини тартибга келтираётган пайти овқатданам воз кечадиган Оппенҳеймер барибир тушкунликдан қутула олмайди. Замондошлари унинг нуқул тунд, бошига мушкулот тушган кимсадек яшаганини айтади. Ўзи ҳам умри бўйи дардидан қутулолмаслигини пайқаб, укаси Франкка ёзган мактубларида буни яширмайди: “Дўстлардан кўра физика менга кўпроқ кераклиги айни ҳақиқат”. 

 Ёлғиз бўрининг ови юришмас

Кембриждаги диққинафас ҳаётдан безиб, 1926 йили бор бисотини йиғиштириб, Германияга йўл олади. Гёттинген университетида олим Макс Борн қўл остида илмий тадқиқотларини давом эттиради. Ўша пайтлари Гёттинген назарий физика билан шуғулланиш учун дунёдаги энг етакчи, илғор илмий даргоҳлардан эди.

Вақт ўтиб машҳур олимларга айланган Вернер Ҳейнсберг, Паскал Жордан, Волфганг Поли, Пол Дирак, Энрико Ферми билан дўстлашади. Улар билан баҳс-муҳокамага киришаётганида қизишиб, жон-жаҳди билан ғояларини ҳимоя қиларкан, гоҳи фикрларини суҳбатдошларига мажбуран сингдиришга муваффақ бўларди.

Физик олим Алберт Эйнштейн ва Роберт Оппенҳеймер. 1950 йил. Фото: Reddit

Аммо унинг бу қилиғини хушламайдиганлар баҳамжиҳат ариза ёзиб, устоз Борнга мурожаат қилишади, агар Оппенҳеймер кетмаса, ҳамма бойкот эълон қилишини билдиришади.

Шогирдларининг талабига ноилож кўнган Борн аризани жимгина Оппенҳеймернинг иш столига қўйиб кетади ва ҳаммаси ортиқча ғалваларсиз ечим топади.

Келаси йили – 23 ёшида Макс Борн раҳбарлигида докторлик ҳимоясини тугатаркан, ундан оғзаки имтиҳон олган профессор Жеймс Франк ҳамкасбларига: “Яхшиям тугади-я. Бўлмаса мени сўроқ-савол қилмоқчийди”, деб ҳазиллашади.

Вақтдан унумли фойдаланадиган, ҳар дақиқасини бекорга сарфлашни хушламайдиган Оппенҳеймер Европадалигида ўндан ортиқ илмий мақоласини эълон қилади. Айниқса, квант механикасига оид қарашлари илмий давраларда шов-шув кўтаради.

Устози Борн билан ҳамкорликда ёзилган “Борн — Оппенҳеймер тахмини” асари энг кўп тилга олиниб, қайта-қайта иқтибослар келтирилади. Бунда икки олим молекулаларга математик ишлов беришда ядро ҳаракатини электрон ҳаракатдан ажратиб кўрсатишади.

1927 йили Америкага қайтгач, бир неча ойини Ҳарвардда ўтказгач, физика билан жиддий шуғулланиш ниятида Калифорнияга йўл олади. Энди ёзадиган мактублари ҳам анча сокинлашиб, аввалгидек одамларга нисбатан ғазаб-нафратини укасига билдирмас, санъатга тобора қизиқиб бораётганини айтишдан уялмасди.

Фото: National Geographic

Берклидаги Калифорния университетида космик нурлар ва ядро парчаланишини ўрганаркан, секин-аста қолган тажрибачилар билан ҳамкорликда ишлашга ўтади. “Ёлғиз бўрининг ови юришмас” мақолини ҳаёт исботлаб бераётганди. Вақт ўтиб, ўзи яратган илмий бўлим назарий масалаларни ўта аниқ, чиройли шаклда тушунтириб бераётганини айтиб даврадошларига мақтана бошлайди.

Аввалига уни “оғир карвон”, биров билан тиш ёриб суҳбатлашмайдиган устоз сифатида билишган бўлса, кейинчалик кўп лойиҳаларда бундай феъл-атвор ўзини кўрсатади: лойиҳалар ўта совуққонлик ва масъулият билан муваффақиятли чиқаверади.

Айрим шогирдлар эса устознинг ҳар бир қилиғи: интонацияси, қўл ҳаракати, сўзлашгандаги ҳолати – ҳаммасини ўзлаштириб, унга тақлид ҳам қила бошлашади.

Ҳаёт формуласига айланган “Гита қўшиқлари”  

1930 йиллардан Оппенҳеймернинг академик карьераси бошланади. Физикадан ташқари гуманитар фанлар оламига шўнғийди. Қадимги ҳинд эпосларини очиб, “Гита қўшиқлари”ни оригиналда – санскритчада ўқиш учун кўҳна тилни ўрганишга аҳд қилади. Ўрганади ҳам.

Унинг китобхўр, қўлига тушган ҳар қандай асарни ўқимай қўймаслигини билган ҳамкасблари олимнинг қувваи ҳофизаси, адабиёт ва физикани бирлаштира олиш қобилиятига тан берган доим.

Айнан икки зодагон оила уруши ҳақида ҳикоя қилувчи “Гита қўшиқлари” Оппенҳеймернинг айрим ахлоқий қарашларини узил-кесил аниқлаб олишга, уларга фалсафий асос беришга сабаб бўлади.

Эпосда бурч, тақдир, натижадан ажрала билиш ҳақида сўз бориб, “оқибатдан қўрқиш ҳаракатсизликка баҳона бўлолмайди” деган ҳукм унинг қарашларига сўзсиз таъсир ўтказади.

1932 йили укасига битган мактубида уруш бундай фалсафий қарашни амалиётга татбиқ этишда зўр воситалигини айтади. кейин мисол қилиб “Гита қўшиқлари”га ишора қилади. Асар унинг ҳаёт ҳақидаги қарашларини бир шаклга солиб берганини ҳам яширмайди.

Китобга ошиқлик шу даражага етадики, ундан нусхалар тайёрлаб, дўст-оғайнилари, ҳамкасбларига тарқатади. Ҳар кимнинг уйи, кутубхонасида бўлиши шарт деб ҳисоблайди.

 Мафкурага алмашилган муҳаббат

1930 йиллари ўртаси олим илмли психиатр Жин Тэтлокка кўнгил қўйгач, ҳаётида бирмунча осуда кунлар бошлангандек бўлади. Инжиқ, феъли оғир Оппенҳеймерга Жингина тоқат қилаётганини кўриб дўстлари Берд ва Шервин лол қолишарди.

Бироқ у билан оила бўлиб яшолмаслигини сезган қиз турмуш қуриш ҳақидаги таклифларни рад этаверади. Бунга Жиннинг сиёсий қарашлари ҳам бир тарафдан сабаб эди. Уни совет жосуси деб гумон қилишарди. Қиз ҳам коммунистлигини беркитмасди.

Барибир оила қуриши кераклигини сезган Оппенҳеймер 1940 йили биолог Кэтрин Ҳаррисонга уйланади. Кейинчалик аёли ҳам “Манҳеттен лойиҳаси”га флеботомист – инсон қонидаги радиация ҳаракатини ўрганувчи мутахассис бўлиб қўшилади.

Кэтрин билан ўғли Питер ва қизи Катеринани тарбиялаб, вояга етказишса-да, илк муҳаббати Жиндан кўнгил узолмай, йиллар бўйи махфий учрашиб юраверади. Аммо Тэтлокнинг коммунистик бирлашмаларга алоқадорлиги унинг ҳам фаолиятига соя солиб, сўроқ-саволларда бошига тўқмоқдек тушади.

Ядро уруши балоси

1939 йили ядровий таҳдид сиёсатчилардан кўра физик олимларни хавотирга қўйиб, бу ҳақда Америка ҳукуматини Алберт Эйнштейн мактуб ёзиб огоҳлантиради.

Тўғри, аввалига бунга тезда жавоб берилмади, ҳаракат ҳам суст кетаверди, аммо илмий жамият қаттиқ талаб қилавергач, охири, президент ҳам ғимирлаб қолади. Хавотирланади. Чора кўриш кераклигини ниҳоят тушунади. Мамлакатдаги энг кучли физиклардан бўлгани учун ядро қуроли имкониятларини синчиклаб ўрганишга Оппенҳеймер ҳам жалб этилади.

1942 йилнинг сентябрида Оппенҳеймер бошчилигидаги гуруҳнинг бир неча йиллик машаққатли меҳнатидан сўнг амалда бомба яратиш мумкинлиги тасдиқланади ва аниқ режа ишлаб чиқилади.

Иллюстрация: Medium

Коммунистлар билан узил-кесил алоқасини узган Оппенҳеймер буни дўстлари олдида ҳам тасдиқлайди: “Агар алоқани узмасам, ҳукумат мендан фойдалана олмайди, мен эса юртимга яхшилик қилишимда нимадир тўсқинлик қилишини истамайман”, дейди у. Буни эшитиб, Эйнштейн ҳам лутф қилади: “Оппенҳеймерни қийнайдигани шуки, у ўзи ёқтирмаганни – АҚШ ҳукуматини севади”.

“Манҳеттен лойиҳаси” – ажал режаси

Америка Иккинчи жаҳон уруши ўчоғига расман киришидан икки ой аввал – 1941 йилнинг октябрида президент Франклин Рузвелт атом бомбасини яратиш бўйича узил-кесил қарор чиқаради.

Замонасининг йирик ва етук олимлари жам гуруҳга қўшилган Оппенҳеймер атом бомбасидаги нейтрон занжири реакциясининг тез тарқалишига масъуллиги учун “Тез парчаланиш координатори” унвони берилади.

Ишлар жўнашиб кетгач, келаси йили қуролли кучлар Манҳеттен муҳандислик округи ташкил этиб, атом бомбасини синовдан ўтказиш масъулиятини олимлар қўлидан олишга уринади.

Бош қўмондон Лесли Гроувс лойиҳа боши этиб тайинлангач, Оппенҳеймерни жавобгарлиги оғир вазифага – махфий қуроллар лабораторияси раҳбарлигига танлаб олади.

Бундай танловдан кўпчилик ёқа ушлайди. Чунки физик олим сўл сиёсий қарашларни ёқлашини ҳамма билар, шу чоққача бирор йирик лойиҳага раҳбар бўлганини биров эшитмаганди.

Гроувсни ниятидан қайтариш учун далил-исбот кўрсатиш бошланади: Оппенҳеймер Нобел мукофотини олмаган, олимларни ортидан эргаштиролмайди, нуфузи паст, раҳбарлик қобилияти суст каби. Лекин бари ўз ҳолича қолади.

Гроувс эса Оппенҳеймернинг атом бомбасини лойиҳалаш ва қуришнинг амалий жиҳатларини бетакрор тарзда ўзлаштиргани, билими, дунёқарашининг кенглигига тан берганди. Ҳарбий муҳандис сифатида Гроувс лойиҳанинг нафақат физика, яна кимё, металлургия, қурол-яроғ ва муҳандисликни ўз ичига оладиган фанлараро аҳамиятини тўғри баҳолаганди.

Дунё энди аввалги дунё эмас

Ниҳоят, 1945 йилнинг 16 июлида Нью Мехиконинг Аламогордо шаҳарчаси яқинида ер юзидаги илк ядро қуроли  — “Trinity” (Учлик) қуроли синовдан ўтказилади. Шу билан дунё равиши ўзгаради. Оппенҳеймер ёнида турган укаси акасининг ўша кунги қуйидаги сўзларини эслаганди: “Назаримда, ўхшади”.

Иллюстрация: Knowledia News

 1949 йили чиққан журналлар саҳифаларида эса Оппенҳеймернинг синов вақти хаёлидан ўтган гаплари босилиб чиқади. Унда олим кўз ўнгида улкан чақнаш-портлаш рўй берганида “Гита қўшиқлари”даги манзара лопиллаганини айтганди: “Минг қуёш шуъласи бирваракайига осмонда чақнаса, бу бемисл қудрат соҳибининг улуғворлигига ўхшайди... Мана, энди мен ажалман, оламлар вайронкори”.

1965 йилдаги интервьюларда эса 20 йил аввалги ҳолатини қуйидагича ифодалаганди: “Энди дунё аввалги дунё бўлолмаслигини билардик. Айримлар кулди, баъзилар йиғлади. Аксаримиз жим турдик”.

Атом бомбаси ташланиб, жаҳон уруши ниҳоялангач, олимни президент Ҳарри Труман ҳузурига чақиртиради. Бироқ учрашув ўта совуқ ва кўнгилсиз кечади. Президент билан суҳбат чоғи Оппенҳеймер ўйлаб-нетмай: “Қўлларим қон” дейди. Труман эса учрашув тугагач, “фасод олим”ни бундан кейин яқинига йўлатмасликларини тайинлайди.

Урушдан сўнг олим катта илмий даргоҳларни бошқаради, қурол хавфсизлиги ва уни яратиш сирига масъуллардан бўлади. Бироқ Совет иттифоқи билан қуролланиш пойгаси авж олавергач, у ҳам шубҳа остига олинади, бир неча марта сўроқ-савол қилинади. Жосусликда айбланади. Ортидан тинимсиз кузатув бошланади. Уйи ўзи йўғида тинтув қилиниб, лабораторияси қаттиқ назоратга олинади.

Физик олим 1954 йилдан аста четга ўтишни – кунжакларда яшашни хоҳлай бошлайди. Бироқ университетларда маъруза ўқишни тўхтатмайди. Қатор давлатларда нутқ сўзлайди. Атом бомбасини яратган муҳандис олимлар қаторида бўлганидан сира афсусланмаслигини айни шу нутқларида қистириб ўтаверади.

Оппенҳеймерни таниган билганлар унинг ашаддий кашанда бўлганини айтади. Бири тутаб тугамай, иккинчи тамакини улаштирганидан 1965 йили томоқ саратонига чалингани аниқланади. Ниҳоясиз жарроҳлик операциялари, радиацион даволаш, кейин кимёвий терапиялар ҳам кор қилмайди. 1967 йили уч кун комада ётгач, қуролланиш пойгасига пойдевор бўлган даҳшатли қирғин қуроли муаллифи Принстондаги уйида 62 ёшида вафот этади.

“Оппенҳеймер” фильмидан кадр. Фото: IMDb

 Атом бомбаси "отаси", Америка "Прометейи" деган номлар билан ҳам машҳур Роберт Оппенҳеймер ҳақида шу йилнинг июлида режиссёр Кристофер Ноланнинг "Оппенҳеймер" фильми премьера қилинди. Унинг фаолиятига, таржимаи ҳоли акс этган биографик китоблар ёзилди. Бироқ Япония шаҳарларини бомбардимон этиш орқали жаҳон урушига сўнгги нуқтани қўйгану амалда халқларга энг катта хавфни — атом, ядро бомбасини "совға" қилган олим умри якунида: "Одам болалари бирлашиши шарт, акс ҳолда бари ҳалок бўлади", дея иқрорини айтади.

Чарос Низомиддинова тайёрлади.

Улашиш:

Бошқалар

19-сентябр 2024, 14:21
4 577

Уй-жой учун субсидия олиш тартиби: муҳим 7 саволга жавоб

23 сентябрдан субсидия учун аризалар қабул қилиш бошланади. Ариза берувчи ўзининг даромади етмаса, унинг хоҳишига кўра, даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин.


11-сентябр 2024, 11:32
2 984

“Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида хотин-қизлар муаммоларни ҳал этиш тизими йўлга қўйилади

2024 йил октябрь ойидан бошлаб “Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модули ишга туширилиб, муаммоларни ўрганиш модули орқали аниқланган муаммолар тегишлилиги бўйича “маҳалла - туман - вилоят - республика” даражасида ҳал этилиши тизими йўлга қўйилади.


21-август 2024, 12:46
1 471

Ўзбекистонда ресторан ва кафеларга ўзларига туташ майдонларда ёзги террасага рухсат берилади

ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камаяди. 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.


24-август 2024, 11:07
1 451

Президент Мустақиллик байрами муносабати билан қатор соҳа вакилларини мукофотлади

"Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Президент фармони эълон қилинди.