#NoComment
23.03.2026
39

Қатрада ҳаёт акси
Агар эрталаб нонушта қилмаган бўлсангиз, тушликка яқин очиққанингизни сезасиз. Ва беихтиёр бирор егуликни тусайди кўнглингиз. Тамадди қилгингиз келади.
Агар бир неча кун мутолаа қилмасангизчи? Ҳеч Сизда шундай бўлганми? Нимани ҳис қиласиз? Ё бундай бўлмайдими умуман?
Туғилибдики, нимагадир эҳтиёж сезади одам боласи. Аслида ҳар бир инсон ана шу эҳтиёжлари сабаб тирик, мавжуд бу оламда!
Гўдакнинг она сутига эҳтиёжи унга қанчалар муҳим бўлса, кекса киши учун ҳам егулик сув ва ҳаводек муҳим, жудаям муҳим! Ёшлик, ўрта ёшликда-чи? Одам ёшлик завқи билан яшар экан, унинг эҳтиёжлари кун сайин ўзгариб, янгиланиб боради. Табиийки, улғайгани сари унда болаликдаги эҳтиёжларининг бир қисмигина сақланиб қолади.
Гўдак эмакламоқни бошлаганида катта одамлардек юргиси келади. Кун сайин катталарга ўхшаб боргани сари гўдаклик эҳтиёжлари йўқолади. Она сути ўрнини турли егуликлар, бешик ёки болалар аравачаси ўрнини замонавий автомобиллар эгаллайди...
Танамиз турли эҳтиёжлар билан тирик! Руҳият ёки қалб эҳтиёжичи?
Кўнгил ҳамиша меҳру муҳаббатга эҳтиёж сезади.
Китоб ўқимайдиган, ўқишни билмайдиган ёки хали ҳарф танимаган одам боласи мутолаа завқи худдики совуқ қишдаги офтобнинг тафтидек ширин бўлишини билмайди. Ўқишни ўрганган, ўқиш орқали нафас олаётган, ҳаётни ҳис қилаётган қалб эса, мутолаага кундалик эҳтиёж сезади.
* * *
Катта отамиз оламдан ўтди. Азали уйда қўшиқ эшитиш, телевизор кўриш каби ёҳтиёжлар унутилиши табиий. Кичик укам ҳали ўн бешга ҳам кирмаган. Лекин дарсликларидан бошқа киобни қўлига олмасди, ўқимасди. Ўша азадор кунларимизда унинг қўлида уйдаги китоблару газета-журналларни кўра бошладим. У ўқий бошлаганди. Жудаям берилиб ўқирди. Кечки овқатга чақирсак ҳам қўлидаги китобни ўқишдан тўхтагиси келмасди. Буни пайқаганимни сезди шекилли, бир куни у менга айрилиқдан, йиғи-сиғидан юраги жудаям сиқилаётганини, руҳан жудаям қийналаётганини, бир сўз билан айтганда, зерикканини айтди. Зерикиш ҳам, руҳан толиқиш ҳам мутолаага бошлар экан-да, ўйладим мен...
Ўша кунларда у бош кўтармай ўқирди. Қўлига тушган газетами-журналми, китобми... ўқирди, ўқимаса бўлмасди, ўқимай яшолмай қолганди!!!
Орадан анча вақт ўтди. Телевизор, радио, магнитафон... уни кўп нарсалар ўқишдан чалғита бошлади...
ХОҲИШ
Кимгадир аччиққина қалампир, кимгадир муздеккина музқаймоқ, кимгадир тузламалар яна бошқа одамга аччиққина кўк чой хуш ёқади. Ҳар кимнинг хоҳиши ҳар хил. Бир одамнинг ўзи бир кунда минглаб хоҳишларни сезиши, бу хоҳишлар соат сайин, дақиқа сайин, сония сайин алмашиниб туриши мумкин.
Баъзан қуш бўлиб учгиси келади одамнинг.
Ҳамкасбим жума намозига кетаяпти. Орамизда бир ёш фарқ бўлганидан сенлашиб гаплашамиз.
– Мени ҳам дуо қил, – дейман ҳар доимгидек.
– Нима деб? ... дебми? – дейди кулимсираб доимгидек.
– Йўқ, нимани хоҳлаётган бўлса, шундай бўлсин деб, – дейман хаёлимдаги ўйдан юрагим орзиқиб, ярим ҳазил, ярим чин билан.
– Йўқ, бўмийди.
– Ие, нега?
– Мени ўлишимни хоҳлаётган бўлсанг-чи?!
Бирдан иккаламиз ҳам кулиб юборамиз. У кетади...
Қизиқ хоҳишлари бор-да кўнгилнинг. Гоҳо кенг осмонда озод қуш бўлиб учгиси келади кўнгилнинг. Худди мен ҳозир ўйлаётгандек...
Ҳозир... ҳозир қуш бўлиб учсаму анави кўм-кўк осмонда бодроқдеқ бодраб ётган оппоққина булутларнинг устида узала тушиб ётиб олиб китоб ўқисам...
Сунбула кирди. Катта шаҳарнинг марказидаги ижара уйимни-ю, қоғозларга тўла иш столимни бир зумгина унутсаму эрта тонгдан шудринг тушган ажриқзордан тиззамгача сув бўлиб ўтиб, кенг полизга кириб, болаликдагидек офтобнинг тафтида шира бойлаб, тарс ёрилган қизилуруғ қовунни кўтариб-кўтаролмай, ҳидига тўймай ҳидлаб-ҳидлаб, севинганимча, югурганимча отам раҳматлининг ёнига олиб келсаму балиқча қилиб тилимлаб кессалар қовунни. Кейин... кейин... жудаям юпқа қилиб тилимланган қизилуруғни балиқчадек ўйнатиб, карс-курслатиб тишлаб егим келади. Тамом бўлса, яна кесиб берсалар, карс-курслатиб... яна ва яна...
Икки кўзимга ёш тўлади. Киприкларимни сизиб, икки юзимни ювиб ўтади аччиққина шабнамлар... Одам боласи нималарни истамайди дейсиз. 14 йил бўлибди отамиз оламдан ўтганларига.
ҲАЙРАТ
Биринчи марта ер ости йўли орқали метрополитенга чиққанида ҳайратларини яширолмаган ҳамқишлоғингиз ёки биринчи марта театрга кириб, катта саҳнага бор иштиёқи билан боқиб, спектаклни деярли киприк қоқмай томоша қилган томошабин билан ҳайратлари сўнган одамлар ўртасида ер билан осмон қадар фарқ бор.
Айниқса, инсон умрида болалик ҳайратлари катта ўринни эгаллайди. Болалар ҳамма нарсага ҳайрат билан қарашади, қизиқишади.
— Нимага қорбобо ҳаммага совға беради, ёмон болаларга бермайди?
— Нега қушларда қанот бор, бизда йўқ. Ойижон, жудаям учгим келяпти...
Аёл кўп савол бераверган қизалоғига жаҳл билан гапирди. Қизалоқ қовоғини солди-да, намланган киприкларини пирпиратиб, ширингина лабларини буриб, қошчаларини чимирди-да, ўзига ярашган бир араз билан дераза томонга тикилди.
— Ойижон, осмон нега бунча катта?
Аёл қўл телефонига шундай катта иштиёқ билан тикилгандики, қизалоқнинг гапларини эшитмади ҳам.
— Ойи, Худонинг уйи қаерда?
Бўлаётган воқеаларни кузатиб турган отахон чидаб туролмади, келди-да, қизалоқни даст кўтариб олди.
Қизалоқ беихтиёр берилган меҳрдан юраги тўлиб суюнди.
Аёл ҳайрон бўлиб чолга тикилди. Лаблари пирпираб, гапирмоққа чоғланди-ю, отахоннинг қатъий нигоҳлари уни шаштидан туширди.
Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Декретга чиқмасдан ишлаш мумкинми?
Йўриқномага эътибор қаратилса, аёлга ҳомиланинг 30 ҳафтасидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади
Ногиронлар учун махсус тўхташ жойларига қўйилган ҳуқуқий талаблар
Ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойлари тўхтаб туриш жойи умумий майдонининг камида 5 фоизини (камида 2 та жой) ташкил этиши лозим.
Масофадан ишлаш тартиби: ходимлар нимани билиши керак?
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 453-моддасида масофадан туриб ишлашнинг ҳуқуқий тартиби белгиланган.