currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларЭлларни кезган эзгу айём

Элларни кезган эзгу айём

Life Style

calendar

20.03.2026

eye

93

Элларни кезган эзгу айём

Юртимизда Наврўзи олам нафаси кезиб юрибди. Бу қадим қадрият тимсоли бўлган хосиятли айём ривоятларда Одам Ато билан Момо Ҳавво учрашган кун деб таърифланган.

Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит-турк”, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Умар Ҳайёмнинг “Наврўзнома”, Абу Бакр Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарларида келтирилган тарихий маълумотларга кўра, Наврўз байрамининг уч минг йилдан ортиқ тарихга эга эканига гувоҳ бўламиз.

Ўзбекистонда Наврўз 1990-йил 3-майдаги Президент фармонига асосан умумхалқ байрами сифатида қайта тикланди. Кейинги йилларда Наврўз байрамини барча ҳудудларда кенг нишонлаш анъанага айланди.   

2009 йилда Наврўз байрами ЮНЕСКО томонидан умумжаҳон номоддий маданий мерос рўйхатига киритилди. 2010 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 64-сессиясида 21- мартни “Халқаро Наврўз куни” деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюция қабул қилинди. Бу резолюцияда Наврўзнинг халқлар ўртасида маданий алоқалар ва ўзаро ҳамжиҳатликни рағбатлантиришда, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланган. Унга кўра, ҳар йили 21 - март Халқаро Наврўз байрами сифатида дунё бўйлаб кенг нишонланади.

Халқ орасида яна бир гўзал ривоят бор: Наврўз куни аразлашганлар ярашмаса, йил давомида ишлари юришмайди, деган қараш бўлган. Шунинг учун бу кунда одамлар бир-биридан узр сўраб, дилларни поклаб олишга ҳаракат қилганлар.

Бу айём дилларни-дилларга, элларни-элларга боғлайдиган муқаддас байрам. Ўзбекистонда байрам халқ сайиллари, миллий кураш, дорбозлик, улоқ-кўпкари каби ўйинлар билан ўтади. Айниқса, сумалак тайёрлаш маросими халқни бирлаштиради.

Эронда Наврўз 13 кун давом этади. Одамлар уйларини безаб, махсус “Ҳафт син” дастурхонини ёзадилар.

Қозоғистон ва Қирғизистонда байрам миллий таомлар, от улоқлари ва халқ ўйинлари билан ўтади. Бу ерда Наврўз меҳмондўстлик ва саховат куни ҳисобланади.

Озарбайжонда Наврўз олдидан олов ёқиш одати бор. Одамлар олов устидан сакраб, “барча кулфатлар кетсин” деган ният қиладилар.

Афғонистонда эса Наврўз “Гули сурх” сайли билан машҳур. Бу кунда қизил лолалар очилган далаларда катта сайллар ўтказилади.

Хитой Халқ Республикасининг ғарбий ҳудудларида Наврўз нафақат мазкур байрамни нишонлайдиган миллатлар, балки хитойликлар томонидан ҳам кенг нишонланади. 21 - март куни одамлар ёрқин либосларга бурканишиб, қўлларида гулдаста ва лойдан ясалган ҳўкиз ҳайкалчалари билан ибодатхонага йўл олишади. Байрамнинг энг улкан – бош ҳўкизи эса бамбук ва қоғозлардан ясалади.  Жонивор олов, сув, темир, дарахт ва ер рамзларини англатувчи – қора, оқ, қизил, яшил ва сариқ рангларга бўялади. Байрам қизиган бир паллада барча ҳайкалчалар майда-майда қилиб синдирилиб, бамбукдан ясалган улкан ҳўкиз оловда ёндирилади.

Қадимги Хитой солномаларида  Наврўз байрамига оид қайдлар ҳам учрайди. Хусусан, қадимги Хитой муаррихи Вэй Цзе самарқандликлар нишонлаган Наврўз байрами ҳақида шундай ёзган: “Ўша куни подшоҳ ҳам, халқ ҳам янги либосларини кияди, соч-соқолларини олдиради. Шаҳарнинг кунчиқар тарафидаги дарахтзор ёнида жойлашган майдонда тўпланишиб, байрам қилишади. Етти кун мобайнида моҳир тирандозлар от чоптириб, камондан нишонга ўқ отиш баҳсида қатнашади. Еттинчи кун нишон ўрнида олтин танга қўйилади ва уни бехато урган мерган бир кун шоҳлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритади”.

Маруса ҲОСИЛОВА тайёрлади

Улашиш:

Бошқалар