currencies image

12 707,95 UZS

57,69

usd

currencies image

14 099,47 UZS

115,87

eur

currencies image

140,95 UZS

1,01

ru



АсосийЯнгиликлар«Энг арзон нарх». Товар ва хизматлар рекламасига доир асосий талаблар қандай?

«Энг арзон нарх». Товар ва хизматлар рекламасига доир асосий талаблар қандай?

Ҳуқуқ

calendar

17.07.2024

eye

783

«Энг арзон нарх». Товар ва хизматлар рекламасига доир асосий талаблар қандай?© Фото: hudud24.uz / habikatura

Рақобат қўмитасининг Махсус комиссияси томонидан қўзғатилган ишда «Korzinka» супермаркетлар тармоғи бренди остида фаолият кўрсатувчи «Anglesey Food» МЧЖ ХК айбдор деб топилиб, унга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш юзасидан судга ариза киритиш бўйича қарор қабул қилинди. Рақобат қўмитаси компаниянинг «энг арзон нарх» деб эълон қилган маҳсулотларининг нархи бошқа супермаркет ва бозорлардаги нархлардан фарқ қилмаслигини аниқлади. Қўмитага кўра, буни чалғитувчи ёки чалғитишга олиб келувчи ҳолат дейиш мумкин.

Хўш, товар ва хизматлар рекламасига доир асосий талаблар қандай? Нималар тақиқланган ва бу тақиқларни бузганлик учун жавобгарлик қандай? Hudud24.uz сайти колумнисти Муроджон Нажмиддинов мақолада шу сингари саволларга жавоб беради.

Сўз аввалида таъкидлаш керакки, «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига асосан ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат) ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт.

Товар ва хизматлар рекламасига доир асосий талаблар қандай?

Реклама бизнеснинг ажралмас қисми бўлиб, унинг тўғри амалга оширилиши савдо ҳажмини бир неча бараварга ошириши шубҳасиз. Шу билан бирга, товар ёки хизматни (кейинги ўринларда – товар) реклама қилишда қонун-қоидаларга риоя қилинмаса, бизнесга зарар етиши, бундан ташқари, унга нисбатан жавобгарлик чоралари кўрилишига сабаб ҳам бўлиши мумкин.

Шу боис, қуйидаги «Реклама тўғрисида»ги қонунда назарда тутилган рекламага доир асосий талабларни кўриб чиқамиз.

1. Номақбул рекламага йўл қўйилмайди.

Қонунда берилган таърифга асосан номақбул реклама – нотўғри, ахлоқсиз, яширин реклама, шунингдек, қонун талабларига мос келмайдиган бошқа реклама ҳисобланади.

Масалан, кино, вайн ёки телеграм каналдаги постда товар гап орасида «қистириб» кетилиб, истеъмолчидан унинг реклама эканлиги яширилмоқда. Ёки товар тўғрисида нотўғри маълумот берилиб, мижоз алданмоқда. Бу ҳолатларда реклама номақбул ҳисобланади.

2. Рекламада товарни бошқа товарларга қиёслаш мумкин, фақат маълум шарт билан.

Агар реклама берувчи реклама қилинаётган қиёслаш ишончлилигини асослай олса, ва буни мижозни чалғитиб қўймаса, рақобатчининг ишчанлик обрўси, товар белгиси, фирма номи, товари ёки фаолиятига путур етказмаса, қиёсий рекламага йўл қўйилади.

«Korzinka иши»да «энг арзон нарх» деб эълон қилинган маҳсулотларнинг алоҳида турлари бўйича нархлари бошқа супермаркетлар ва деҳқон бозорларида сотилаётган худди шу турдаги маҳсулотлар нархларидан фарқ қилмаслиги кузатилган. Бу ҳолат рақобат қўмитаси томонидан истеъмолчиларни чалғитувчи ёки чалғитишга олиб келувчи ҳолат деб топилган.

3. Рекламада айрим тоифадаги ахборотдан фойдаланиш чекланган.

Рекламада қуйидагилар тақиқланади:

  • жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб, бошқа ҳолатларга кўра камситиш ёки ўзга шахсларнинг товарларини бадном қилиш;
  • қонунчиликнинг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган, фуқароларнинг ҳаётига ёки соғлиғига ва атроф-муҳитга зарар етказувчи (зарар етказиши мумкин бўлган), шунингдек хавфсизлик воситаларига эътиборсиз бўлишга ундовчи ҳаракатларга даъват қилиш;
  • ижодий фаолият натижаларидан реклама фойдаланиш орқали муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузиш;
  • жисмоний шахснинг номидан ёки тасвиридан унинг розилигисиз фойдаланиш;
  • порнография тусидаги ахборотдан фойдаланиш;
  • ахборот мазмунининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган чет эл сўзлари ва ибораларидан фойдаланиш;
  • товар давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганлигини кўрсатиш;
  • товар белгилари реклама қилиниши тақиқланган ёхуд реклама қилинишига нисбатан тегишли чекловлар ёки талаблар белгиланган товарнинг товар белгилари билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёхуд унга айнан ўхшаш бўлган бошқа товарнинг рекламаси кўринишида товарни реклама қилиш;
  • давлат рамзларидан фойдаланиш ёки уларни айнан такрорлаш;
  • мактабгача таълимда ҳамда тарбияда, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълимда фойдаланиладиган босма нашрларда (дарсликларда, мактаб кундаликларида, мактаб дафтарларида ва бошқаларда) товарларни реклама қилиш;
  • нархларни (тарифларни) чет эл валютасида кўрсатиш;
  • ахборот маҳсулотини ёш таснифини кўрсатмасдан реклама қилиш;
  • товар тўғрисидаги, уни олиш ёки ундан фойдаланиш шартлари ҳақидаги муҳим маълумотларни яшириш ва (ёки) ўқиш учун фарқлаб олишни қийинлаштирадиган қилиб тасвирлаш, агар бунда ахборотнинг мазмуни бузиб кўрсатилса ва мижозларни чалғитса;
  • миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш.

Тақиқланганига қарамай, юқорида кўрсатилган мазмундаги ахборотларни ўз ичига олган рекламалар тез-тез кўзимизга тушади. Масалан, кўча «кафе»лари ўз маҳсулотлари рекламасида машҳур спортчилар, актёрлар тасвирларидан фойдаланишади. Реклама роликларида муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган қўшиқлардан рухсатсиз фойдаланишади. Интернетдаги рекламаларда товар нархини АҚШ долларида кўрсатиш эса одатий ҳолатга айланди (масалан, уй, техника ва машина эълонларида).

4. Реклама давлат тилида бўлиши шарт.

Реклама давлат тилида бўлиши шарт. Реклама мазмунининг таржимаси қуйидаги талабларга риоя этган ҳолда бошқа тилларда такрор берилиши мумкин:

  • реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги керак;
  • ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонталь ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг 40 фоизидан ошмаслиги керак;
  • рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши керак;
  • теле- ва радиоканалларда, шунингдек босма нашрларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси ҳар кунги умумий реклама ҳажмининг 20 фоизидан ошмаслиги керак.

5. Рекламада айрим тоифадаги ахборотдан фойдаланиш тақиқланган.

Қуйидагиларни:

  • ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонунда тақиқланган товарларни;
  • ишлаб чиқарилиши ва (ёки) реализация қилиниши учун тегишли сертификатлари ва лицензиялари, мажбурий сертификатлаштириш гувоҳномалари ёки махсус рухсатномалари мавжуд бўлмаган товарларни;
  • гиёҳвандлик воситаларини ёки психотроп ва (ёки) кучли таъсир қилувчи моддаларни;
  • порнография маҳсулотларини реклама қилиш тақиқланади.

6. Реклама мижозлар уни англаб олишига имкон бериши керак.

Реклама ахборот материалида уни реклама эканлигини аниқлаб олишга имкон бериши керак.

Телевидение ва радиодаги реклама бошқа дастурлардан ўзининг бошланиши ва охирида аудио-, видео-, аралаш воситалар ёки бошловчиларнинг шарҳлари ёрдамида ажратиб қўйилиши керак.

Босма нашрлардаги реклама бошқа ахборотдан «Реклама» деган сўз кўрсатилган ҳолда ажратилган бўлиши керак.

7. Вояга етмаганларни манипуляция қилишга йўл қўйилмаслиги керак.

Вояга етмаганларни уларнинг ишончини ва тажрибаси етишмаслигини суиистеъмол қилишлардан ҳимоя этиш мақсадида рекламада қуйидагилар тақиқланади:

  • вояга етмаганларнинг истеъмол қилиши тақиқланган товарларни истеъмол қилаётган ёки улардан фойдаланаётган вояга етмаганларнинг тасвирларидан фойдаланиш;
  • хавфли вазиятларда, шу билан бирга уларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи хатти-ҳаракатларни содир этишга, шу жумладан ўз соғлигига зарар етказишга ундовчи вазиятларда вояга етмаганларни намойиш этишдан фойдаланиш;
  • вояга етмаганларни товарларни олишга даъват қилиш ёки реклама қилинаётган товарларни олишни илтимос қилиб учинчи шахсларга мурожаат этишга ундаш;
  • ҳақиқий ёки ўйинчоқ қуролдан фойдаланиш;
  • ота-оналар ва тарбиячиларни обрўсизлантириш, вояга етмаганларнинг уларга бўлган ишончига путур етказиш;
  • вояга етмаганлар олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган товарларни вояга етмаганлар учун мўлжалланган телеканалларда, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларда реклама қилиш.

Реклама тўғрисидаги қонун-қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик қандай?

Реклама тўғрисидаги қонунга асосан реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги ваколатли давлат органи томонидан аниқланган тақдирда қонунбузар мазкур органнинг қарорига биноан ва у кўрсатган муддатда аксилрекламани амалга ошириши шарт.

Аксилреклама ихтиёрий равишда ёки ваколатли давлат органининг қарори ёхуд суднинг қарорига биноан амалга оширилиши мумкин.

Аммо буни ҳали ҳаммаси эмас. Ушбу қонун-қоидаларни бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик ҳам юзага келиши мумкин.

Масалан, нотўғри реклама бериш, ташқи рекламани жойлаштириш тартибига риоя қилмаслик ёки аксилреклама беришдан бош тортиш, худди шунингдек тақиқланган маҳсулотни реклама қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, порнографик маҳсулотни реклама қилиш, тазйиқни, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни реклама қилиш, пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолиятни реклама қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Улашиш:

Бошқалар

13-август 2024, 13:32
4 003

Олимпиада ғолиблари, уларнинг тренерларига қанча мукофот берилади?

Қонунчиликда ғолиблар, тренерларга бериладиган мукофот миқдори аниқ белгиланган. Мазкур мукофотдан солиқ ундириладими? Спортчини бир нечта тренер тайёрлаган бўлса қандай йўл тутилади?


17-август 2024, 12:47
1 223

Ерда кучли магнит бўрони кузатилиши мумкин. Бундан қандай ҳимояланиш керак?

Якшанба, 18 августга ўтар кечаси ва якшанба кундуз куни 4-6 баллик магнит бўрони кузатилиши мумкинлиги прогноз қилинмоқда.


19-август 2024, 04:06
1 214

Қобулда “Made in Uzbekistan” кўргазмаси иш бошлади

Амалий ташриф билан Афғонистонда бўлиб турган Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Қобул шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон-Афғонистон бизнес форуми ҳамда “Made in Uzbekistan” кўргазмасининг расмий очилиш маросимида иштирок этди.


20-август 2024, 12:40
1 177

Қандай ҳолларда ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолишга йўл қўйилади?

Меҳнат кодексининг 269-моддасига асосан ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин бўлган ҳолатлар келтирилган.

Мавзуга доир янгиликлар: