Ўзбекистон
11.06.2021
844

“Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонининг долзарблиги шундаки, кейинги йилларда ер билан боғлиқ муаммолар жуда катта норозиликларни келтириб чиқараётган эди. Фуқаролар бузилган, тортиб олинган уйлари, ер участкалари, савдо дўконлари учун компенсация ололмасдан неча йиллаб сарсон-саргардон бўлиб идорама-идора юрганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ер тўғрисидаги мана бу машмашалар эса ўтмишда қолгани рост бўлсин. Қайта такрорланмасин! Яқин ўтмишда: Очкўзлик хуружи… Ҳокимликларнинг якка ҳокимлиги ер бериш борасидаги турли-туман “ўйин”ларда яққол намоён бўлган йилларни барчамиз яхши эслаймиз. 90- йилларнинг ўрталари, 2000 йилларнинг бошида ер васиқаси фақат “қозонга” яқин юрганларга текканига ҳам кўпчилик гувоҳ. Энг ачинарли томони шундаки, ўша кезларда амалдорларнинг ўзи-ку, ўзи, “ чаққонроқ” ходимлари ва ҳатто қариндошлари, ошналарига яхши унумдор, сувли ерларни 100 гектарлаб бўлиб берган ҳокимлар ер олиб фермерлик қиламан, тирикчилик қилиб, бола-чақамни боқаман, яхшироқ кун кўраман, деган оддий халққа сувсиз, шўр, тошлоқ ерлардан етти марта ўлчаб, миннат қилиб, зўрға беришдан заррача хижолат бўлишмагани ҳам айни ҳақиқат. Боз устига режаларнинг тошлоқ ерга баланд қўйилиши ҳам фақат ташландиқ ер эгаларига янги ва янги ташвиш ҳамда қайта ва қайта имтиҳон бўларди. Очкўзлик қилиб олинган серҳосил, унумдор ерлар эса, қаровсизлик ва меҳрсизликдан ўт босган майдонга айлангани ер эгасига айланган амалдорларни, уларнинг яқин қариндошларини ташвишга солмасди. Афсуски, ҳокимлар ерларнинг бундай ачинарли аҳволга келганига заррача ачинмади, керак бўлса, бу ерлардан кўзини юмиб ўтишга ўрганди, бу ерларни қайтариб олишни хаёлига ҳам келтирмади. Қайтанга оптималлаштириш даври келганида ерни хор қилганларнинг қўли яна баланд келди, улар яна сийланди. Қонун устун бўлса, манфаат ҳимояланади Яхши биламиз, ҳар қандай фармон ва қарор қабул қилингандан сўнг, албатта, уни халққа етказиш, ҳаётга татбиқ этиш муҳим жараён ҳисобланади. Ҳуқуқий билими етарли бўлмаган одамни алдаш, саводи ҳаминқадар кишини ваҳимага солиш, ўз домига илинтириш, ишонтириш жуда осон. Президентимизнинг мазкур Фармони ҳам халқ ўртасида катта шов-шувларга сабаб бўлиши шубҳасиз. Кимдир бу ҳужжатни тўғри тушунтирса, кимдир эса ўз манфаатини кўзлаб, фойдаланиб қолиш учун коррупция эшикларини каттароқ очиб қўйишга ҳам ҳаракат қилади. Бу эса ер масаласидаги янги муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Қишлоқ аҳли жуда содда, ишонувчан бўлади. Унга “Янги ҳужжат чиқибди, ерингни тортиб олишади, тезроқ ҳаракатингни қил”, дейишса худди ерини биров ҳозироқ тортиб оладигандек таҳликага тушиб қолиши аниқ. Шу тариқа одамларнинг ичига ғулғула туширадиган сўзлардан қўрқиб, чоралар излашга, кимларгадир пул бериш йўлини ахтаришади. Таниш-билишларни ишга солиш керак, бор-будини йиғиштириб, кимларнингдир қўлига тутқазишлар, яъни коррупция балоси бошланади. Қонун орқага қайтиш кучига эга эмас. Қонуний ҳал этилган масалани ҳеч ким ўзгартира олмаслигини, қонунни бузиб кўрсатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини ҳамюртларимиз яхши тушуниб олишлари керак. Жорий йилнинг 1 августидан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади. Бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар сақланиб қолиши Фармонда белгилаб қўйилди. Фармонда ноқонуний ҳаракатларга йўл қўймаслик тўғрисидаги “Ерни ноқонуний эгаллаб олганлик ёки ерга оид бошқа ғайриқонуний ҳолат юзасидан хабар бериш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баробари миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Бунинг учун ҳолат чиндан ҳам ноқонуний бўлиши ва тасдиқланиши керак. Ерга оид қонунбузилиш ҳолатлари хусусида, аввало, кадастр идорасига, қолаверса, прокуратура ва адлия органларига хабар бериш лозим”, деган норма ҳам киритилган. Фармондаги яна бир жиҳат барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва заҳирага олинган ерлардан ажратилиши, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, заҳирага олиш, бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланиши ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиб учун асос бўлиши янада муҳимдир. Бу тартиб ҳам жорий йилнинг 1 августидан амалга киритилиши белгилаб қўйилди. Янги Фармон ерга янгича муносабатни, янгича тартибга амал қилишни тақозо этади. Умид қиламизки, энди “ ишбилармонлар” кўзига яхши кўринган ерни ҳокимлар билан келишиб, “ сотиб” олишига йўл қўйилмайди. Минглаб дарахтларни бир кечада кесиб, қурилиш майдонига айлантиришга рухсат берадиган хуфиёна қарорлар энди узоққа бормайди… Маруса ҲОСИЛОВА, “Инсон ва қонун” мухбири
Улашиш:
Бошқалар
Дорихоналарда тез-тез учрайдиган ёзув: “сотиб олинган дори воситалари қайтариб олинмайди”
Бироқ сифатсиз дори воситалари, шунингдек шифокор томонидан берилган рецептга номутаносиб тарзда дорихона томонидан реализация қилинган дори воситалари мазкур Низомга мувофиқ қайтарилиши лозим.
Никоҳ шартномаларини тасдиқлаш тартиби белгиланди
Низомга кўра, нотариуслар томонидан никоҳ шартномаси нотариал идора биносида, видеоконференцалоқа орқали ёки мурожаат қилувчиларнинг хоҳишига кўра сайёр тартибда расмийлаштирилади.
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа орқали ўтказса бўладими?
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режимида амалга ошириш «E-notarius.uz» электрон портали ва «Notarius» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тартибга солинади.
Давлат органлари ва ташкилотлари функцияларининг мазмун-моҳиятига бағишланган янги услубий қўлланма
Қўлланмада давлат органлари ва ташкилотларининг вазифа ва функциялари ўзаро боғлиқ тушунчалар экани тушунтирилади.
Ўзбекистонда Измир шартномаси ратификация қилинди
Энди иш берувчи ходимни ишга қўймасликка ҳақли, агар…
Автомашинамни ижарага бермоқчиман. Бунга турмуш ўртоғимнинг розилиги шартми?
Оилада зўравонлик бўлса қандай ҳимояланиш мумкин?