Ҳуқуқ
21.01.2025
612
Гиёҳвандлик – бу инсоннинг психологик ва физиологик жиҳатдан бирор бир наркотик моддага қарам бўлиб қолиши, ундан доимий фойдаланиш эҳтиёжини ҳис этиши билан тавсифланадиган ҳолатдир. Бу ҳолат, инсонни моддий ва маънавий жиҳатдан заифлаштириши, шахснинг ҳаёт сифатига салбий таъсир кўрсатиши билан ажралиб туради.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти берган маълумотларга кўра, 2022 йилда наркотик моддалардан фойдаланадиган одамлар сони 292 миллионга етган ва бу кўрсаткич ўтган 10 йил ичида 20 фоизга ошган. Дунёда тахминан 64 миллион киши эса наркотик моддалар истеъмоли билан боғлиқ касалликлардан азият чекаётган бўлса-да, фақат ҳар 11 кишидан биттаси даволанмоқда.
Аёллар эркакларга қараганда даволаниш учун камроқ имкониятга эга бўлиб, наркотик моддалар истеъмоли билан боғлиқ касалликлардан азият чекаётган аёлларнинг фақат 18 кишидан биттаси даволанишда, эркаклар орасида эса бу кўрсаткич ҳар 7 кишидан биттани ташкил қилади. Ушбу статистик маълумотлардан ҳам гиёҳвандлик ва наркожиноятлар нафақат миллий, балки умумбашарий муаммолардан бири эканлиги ҳақида хулоса қилиш мумкин. Шу сабабли ҳам халқаро ҳамжамият ва халқаро ташкилотлар томонидан гиёҳвандликка қарши кураш мунтазам амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, БМТ томонидан 1961 йилда Гиёҳвандлик воситалари тўғрисидаги Ягона Конвенция, 1971 йилда Психотроп моддалар тўғрисидаги Конвенция, 1988 йилда эса Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ғайриқонуний равишда муомалага киритишга қарши кураш тўғрисидаги Конвенцияси қабул қилинган.
Гиёҳвандликка қарши курашда Исландия, Швейцария, Нидерландия, Норвегия, Австралия ва Сингапур каби давлатлар яхши тажрибага эга давлатлар сирасига киради. Ушбу давлатларнинг кўпчилигида ушбу муаммони бартараф этишда асосий эътибор аҳолининг соғлиғини таъминлашга ҳамда гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятлар учун жазоларни кучайтиришга қаратилган. Хусусан, “Исландия модели” – бу гиёҳвандликни олдини олишда жамоавий ҳамкорликка асосланган ёндашув бўлиб, Исландияда сўнгги 20 йил ичида ёшлар орасида наркотик моддаларга қарамликни бошланишининг сезиларли даражада камайишига олиб келган.
Ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб мамлакатимизда ҳам гиёҳвандлик моддалари ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, шунингдек, наркожиноятларга қарши кураш бўйича ҳуқуқий механизмлар яратиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширила бошланган. Ушбу ислоҳотлар доирасида, давлат органлари, жамият ва шахслар ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилиб, мамлакатда наркобизнес фаолияти билан шуғулланаётган шахсларни аниқлаш ва уларга қонуний чора кўриш ишлари жадаллашган. Шу мақсадда Ўзбекистон ҳам 1995 йил 24 февралда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тегишли қарорлари билан юқорида санаб ўтилган БМТ Конвенцияларига қўшилган.
Маълумки, давлатлар томонидан халқаро конвенцияларга қўшилиш – бу давлатлар ўз зиммасига бир қатор мажбуриятларни олишни англатади. Хусусан, БМТнинг 1961 йилдаги Гиёҳвандлик воситалари тўғрисидаги Ягона Конвенциясининг 4-моддасида томонлар зиммасига ушбу Конвенция қоидаларини ўз ҳудудларида амалга ошириш ва бажарилишини таъминлаш, ушбу қоидаларни бажаришда бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилиш, наркотик моддаларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, экспорт, импорт, тарқатиш, улар билан савдо қилиш, улардан фойдаланиш ва сақлашни фақат тиббий ва илмий мақсадлар билан чеклаш каби чораларни амалга ошириш учун зарур бўлган қонунчилик ва маъмурий ҳужжатларни қабул қилиш каби мажбуриятларни юклаган. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон Республикасида 1999 йил 19 августда “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги 813-I сонли Қонуни қабул қилинган. Ушбу Қонунда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш шартлари ва уни лицензиялаш, шунингдек, улардан фойдаланишнинг алоҳида тартиблари аниқ белгиланди.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланмаси ҳақида сўз борар экан, бунда асосий масала ҳар доим аҳолининг, айниқса ёшларнинг соғлиғи билан боғлиқ эканлигини унутмаслигимиз керак. Шу сабабли ҳам ушбу соҳада давлат назоратининг ўрнатилиши муҳим ҳисобланади. Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 30 апрелдаги 229-сон қарори билан Наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссияси тузилган. Ушбу Комиссия наркотик моддаларнинг ноқонуний муомалада бўлишига қарши курашни мувофиқлаштириш, ҳам миллий, ҳам минтақалар даражасида наркотик моддалар тарқалиши олдини олишнинг самарали чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, наркотик моддалар устидан назорат қилиш юзасидан халқаро мажбуриятларни бажариш масалалари бўйича идоралараро орган этиб белгиланган. Наркотик моддаларнинг ноқонуний ишлатилишига қарши курашишни кучайтириш, Ўзбекистон Республикасининг ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларини бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 7 ноябрдаги 382-сон қарори билан наркотик моддаларни назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссияси котибияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил марказига айлантирилган.
Сўнгги йилларда янги турдаги синтетик гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддалар пайдо бўлаётганлиги, улар билан зарарланган шахсларни эса даволаш эса айрим муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳеч кимга сир эмас. Энг ачинарлиси эса бундай гиёҳвандлик воситалари моддий дунёда инсон омили орқали эмас, балки виртуал муҳитда турли сайтлар, ижтимоий тармоқлар орқали ноқонуний олди-сотдиси амалга оширилиши бундай қилмишни содир этган шахсларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқланишида қийинчиликлар туғдиради. Мисол учун, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан берилган статистик маълумотларга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан бу турдаги жиноятларга қарши курашиш йўналишида олиб борилган чора-тадбирлар натижасида биргина пойтахтимиз – Тошкент шаҳрида 2024 йил давомида аниқланган ҳолатлар юзасидан 3 447 та жиноят ишлари қўзғатилган. Ушбу жиноятларнинг 2 413 таси ёки 70 фоизи интернет тармоғи билан боғлиқ ҳолда содир этилган. Бу эса республикамизда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасининг барвақт олдини олиш, аҳолида уларни истеъмол қилишга нисбатан “иммунитет”ни шакллантиришда янгича механизмлар яратиш заруратини кўрсатиб берди. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакатимиз генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 6 майдаги ПФ-73-сон Фармони қабул қилиниши билан давлатимизнинг ушбу соҳадаги ички сиёсатида янги даврни бошлаб берди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Ушбу Фармон билан илғор хорижий тажриба, халқаро, шу жумладан БМТ экспертларининг хулоса ва тавсиялари асосида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024 — 2028 йилларга мўлжалланган Миллий стратегия тасдиқланган. Ушбу Миллий стратегияда аҳолида гиёҳвандликка қарши иммунитетни шакллантириш, гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг олдини олишга қаратилган сифат жиҳатидан янги механизмларни белгилаш, наркожиноятларга қарши курашиш фаолиятига замонавий ишлаш усулларини татбиқ қилиш, аҳолига сифатли наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини янги методлар асосида ривожлантириш, гиёҳвандликнинг тиббий-ижтимоий реабилитациясини янада такомиллаштириш, гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш каби олтита аниқ мақсадлар ҳамда ушбу мақсадларга эришишнинг устувор йўналишлари ва чора-тадбирлари белгилаб қўйилди. Бу мақсадларни амалга оширишда эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда фуқаролар ўртасида ўзаро ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, гиёҳвандлик моддалари ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, шунингдек, наркожиноятларга қарши кураш нафақат Ўзбекистон Республикасини, балки бутун халқаро ҳамжамиятни ўйлантириб келаётган муаммолардан бири ҳисобланади. Бу эса барча давлат органлари ва ташкилотлардан ушбу масалага жиддий ёндашишни, фуқаролардан эса огоҳликни ва қонунларга бир хилда оғишмай риоя этишни талаб этади.
Бахрам Худайбергенов,
Тошкент давлат юридик университети
Жиноят-процессуал ҳуқуқи кафедраси
доценти, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори
Далербек Ҳабибуллаев,
Тошкент давлат юридик университети
4-курс талабаси
Улашиш:
Бошқалар
Прокат шартномаси ва уни тузиш тартиби қандай?
Прокат шартномаси бир йилгача муддатга тузилади.
Шу йилнинг 1 сентябридан ҳар бир қурилаётган объектнинг QR-кодли паспорти бўлади
Бу орқали шаҳарсозлик субъектлари, қурилиш муддатлари, шаҳарсозлик ҳужжатлари ва тасдиқланган экспертиза хулосалари ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти яратилади.
Опцион шартномаси нима учун керак?
Опцион шартномаси рисксиз қарорлар қабул қилиш имконини беради ва келажакдаги молиявий фойдани кўзлайди.
Уй-жой сотиб олишда “эскроу” тизими: муҳим 5 саволга жавоб
“Эскроу” тизими кўчмас мулк олди-сотдисида ишончли восита ҳисобланади. Уй сотиб олмоқчи бўлганлар қурувчи ҳисоб рақамига эмас банкка тўлов қилади, уй-жой қурувчининг маблағи ва кредити ҳисобига қурилади.