Содда талқин
27.05.2026
35

Иш жойида интизом бузилиши билан боғлиқ ҳолатларда кўпчилик иш берувчи ходимга исталган пайтда жазо қўллаши мумкин деб ўйлайди. Аммо меҳнат қонунчилигида интизомий жазо қўллаш учун аниқ муддатлар белгиланган. Бу эса ходимнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси интизомий жазони қўллаш муддатларини белгилайди.
Меҳнат Кодекси 314-моддасига кўра, иш берувчи интизомий қилмиш аниқланганидан кейин жазони дарҳол қўллаши лозим. Бироқ қонун бу жараён чексиз давом этишига йўл қўймайди. Интизомий жазо қилмиш аниқланган кундан бошлаб бир ой ичида қўлланилиши шарт.
Шу билан бирга, ходим касал бўлган ёки таътилда юрган вақт ушбу бир ойлик муддатга киритилмайди. Яъни ходим вақтинча ишга чиқмаган давр ҳисобдан чиқариб ташланади.
Агар интизомий ҳолат хизмат текшируви орқали аниқланган бўлса, комиссия далолатномани имзолаган кун интизомий қилмиш аниқланган сана ҳисобланади. Бу эса амалиётда баҳсли ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қонунчиликда яна бир муҳим чеклов бор. Интизомий жазо одатда қилмиш содир этилган кундан бошлаб олти ойдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин. Агар ушбу муддат ўтиб кетса, иш берувчи жазо бериш ҳуқуқини йўқотади.
Молиявий текширув, аудит ёки тафтиш натижаларида аниқланган ҳолатларда эса муддат узоқроқ белгиланган. Бундай вазиятларда интизомий жазо икки йил ичида қўлланилиши мумкин.
Шунингдек, жиноят ишини юритиш вақти ушбу муддатларга киритилмайди. Яъни тергов ёки суд жараёнлари кетган вақт алоҳида ҳисобланади.
Шу жиҳатдан қараганда, Меҳнат кодексининг 314-моддаси интизомий жазо қўллаш жараёнини тартибли ва қонуний асосда амалга оширишга хизмат қилувчи муҳим ҳуқуқий нормалардан бири ҳисобланади.
Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Транспорт воситалари қандай ҳолларда жарима майдончасига олиб кирилади?
Жарима майдончаси — ҳайдовчиларни жазолаш эмас, балки йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора ҳисобланади.
Иш вақтини ҳисобга олиш нима ва унинг қандай турлари мавжуд?
Меҳнат муносабатларида иш вақтини тўғри ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.
Ойлик иш ҳақи нима учун икки қисмга бўлинади?
Агар иш берувчи иш ҳақини ўз вақтида тўламаса, у ҳолда у ходим олдида моддий жавобгарликка тортилади.
Халқаро оила куни
1994 йилдан бошлаб 15 май кунини - Халқаро оила куни деб белгиланган.