Суд очерклари
23.05.2024
513
Учкўприклик Олмосхўжа Асқаров (исм-шарифлари ўзгартирилган) 70 ёшда. Бир пайтлар, аниқроғи 1994–2000 йилларда нуфузли давлат идорасида ҳуқуқшунос лавозимида ишлаган. Шу боис яқингача ҳам кўпчилик ҳавас қилгудек обрў-эътиборга эга эди.
Аммо балои нафснинг измига юрдими, пенсияга чиққач фирибгарликни касб қилди. Ваҳоланки, ҳуқуқшунос бундай қилмиш учун жиноий жавобгарлик белгиланганини жуда яхши биларди.
Гап шундаки, фуқаро О. Деҳқонов туманнинг Каттақашқар қишлоғида жойлашган, қариндоши М. Деҳқоновга тегишли савдо дўконининг кадастр ҳужжатларини тайёрлаш мақсадида Учкўприк тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимига боради. Ўша ерда Олмосхўжа Асқаровни учратиб қолади. Яъни Олмосхўжа ака ўзини кадастр бўлими мутахассиси сифатида таништиради. О. Деҳқонов унга ташрифи сабабини тушунтиради.
У шундай деб суддаги танишлари орқали савдо дўкони учун кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб беришини айтиб, эвазига 1000 АҚШ доллари сўрайди. Қолаверса, банкка ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ 500 минг сўм тўлов қилиш лозимлигини таъкидлайди. Ҳатто тумандан вилоят марказига бориб келиш учун 60 минг сўм йўл кира зарурлигини ҳам айтиб ўтади. Шу боис мурожаатчи О. Асқаровга 560 минг сўм пул беради.
Шундан сўнг О. Деҳқонов дўкон соҳиби М. Деҳқоновга бу ҳақда айтади. Аммо қариндоши нафақат пора олиш, балки пора бериш ҳам ноқонуний иш эканлигини тушунтиради ва бўлиб ўтган ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этади. Оқибатда О.Асқаров шаҳардаги 6-сонли мактаб олдида тадбиркор йигитдан 1000 АҚШ долларини олган вақтида ушланади.
Буни қарангки, мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, иш судда кўрилаётган пайтда Олмосхўжа Асқаровнинг яна бир қилмиши фош бўлади. Аниқланишича, ҳуқуқшунос таниши Саъдулла Ёндошев билан бирга фуқаро Пўлатжон Рисқулов ва Ойбек Юлдашевларни чув туширган экан. Яъни С. Ёндошев Пўлатжон ва Ойбекнинг боғдорчилик учун 5 гектардан ер олиш мақсадлари борлигидан хабар топиб, уларни О. Асқаровга рўбарў қилади.
Натижада О. Асқаров ҳар бир гектар ер ҳисобига 3000 АҚШ доллари миқдорида «харажати» борлигини айтади. Ерни «Сариққўрғон садоси» фермер хўжалиги ҳудудидан олиб беришини, бунинг учун эса аввал фермернинг розилигини ҳам олиш лозимлигини билдиради.
Шундан кейин С. Ёндошев салкам бир йил мобайнида Пўлатжондан 15.000 ва Ойбекдан 10.600 АҚШ доллари олиб, Олмосхўжа Асқаровга етказади. Ҳатто бир гал Саъдулла ака йигитларни ишонтириш учун Фарғона вилояти ҳокимлиги ёнига олиб боради. Аввалдан тузилган «сценарий»га асосан то улар етиб боргунча Олмосхўжа ака вилоят ҳокимлиги биносига кириб туради. Сўнгра ўзини ҳудди вилоят ҳокимлиги мансабдорлари билан қадрдон одамдек кўрсатиб, ичкаридан чиқиб келади. Лекин шунда ҳам иш битмайди. Аксинча, жиноий ҳамтовоқлар пулларни ўртада тақсимлаб олиб, кайфу сафо қилишади.
Албатта, мазкур фирибгарлик бўйича О. Асқаров ва С. Ёндошевга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Иккала ҳолат ҳам жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида кўриб чиқилади. Суд Олмосхўжа Асқаровни дастлабки фирибгарлиги бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28-, 211-моддаси 1-қисми билан, иккинчи жинояти борасида эса кодекснинг 168-моддаси 4-қисми «а» билан айбдор деб топиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 ҳамда 50 баравари миқдорида жарима жазосига маҳкум этди. С. Ёндошев бўлса Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» билан айбдор деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима жазосига тортилди.
Шу ўринда бир мулоҳазамизни баён этсак. Юртдошларимиз оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали турли ёшдаги фирибгарларнинг бир-бирини такрорламайдиган кирдикорларидан хабар топишсада, ҳали-ҳануз суриштириб ўтирмай, топган-тутганларини уларнинг қўлига тутқазиб қўйишяпти. Наҳотки, ҳар бир масаланинг қонуний ечими борлигини ақли расо одам тушунмаса?
Пўлатжон МАМАТУСМОНОВ,
жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг судьяси
Улашиш:
Бошқалар
1 январдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
Айрим таълим ташкилотлари коммунал харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.
Ўзбекистондан қатор халқаро йўналишларга автобус қўйилиши режалаштирилмоқда
Транспорт вазирлиги республиканинг турли ҳудудларидан халқаро йўналишларда автобус қатновларини ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилди.
Хориждан келаётганда бож тўламасдан қанча товар олиб ўтиш мумкин?
Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларининг темир йўл ва дарё божхона чегаралари ўтиш пунктлари орқали олиб ўтишда — 1 000 (бир минг) АҚШ доллари олиб ўтиш мумкин.
Айрим тадбиркор ва юридик шахслар давлат божини тўлашдан озод этилади
Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-1018-сон, 13.01.2025 й.) билан “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга қўшимчалар ва ўзгартириш киритилди.