Ҳуқуқ
13.03.2024
1 875
Аксарият ҳолатларда ишга кираётганлардан олдинги иш жойидан ёки ОТМдан тавсиянома олиб келиш сўралади. Бу ҳолат қанчалик асосли? Ўзи ишга кираётганда қандай ҳужжатлар керак? Қариндошлар хусусий ташкилотда бирга ишлаши мумкинми? Hudud24.uz қуйида ишга кириш жараёнида зарур бўлган энг муҳим ҳуқуқий маълумотларни беради.
1. Ишга кираётганлар қандай маълумотлар билан танишиши мумкин?
Иш берувчи ишга кираётган шахсни олдиндан қуйидагилар билан таништириши шарт:
– қайси иш учун ишга кираётган бўлса, ўша ишнинг мазмуни;
– меҳнат шароитлари;
– ички меҳнат тартиби қоидалари, жамоа шартномаси, унинг меҳнат фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа ички ҳужжатлар.
!!!Меҳнат шартномаси ишга қабул қилинганда тузилади, унинг бир нусхаси ходимга, албатта, берилиши керак.
2. Ишга кираётганда қандай ҳужжатлар керак?
Ишга киришда қуйидаги ҳужжатлар керак:
паспортни ёки ID–карта (уларнинг ўрнини босувчи ҳужжат), 16 ёшгача бўлганлар туғилганлик гувоҳномаси;
охирги иш жойидан тасдиқланган қоғоз меҳнат дафтарчаси ёки электрон меҳнат дафтарчаси кўчирмаси (ишга биринчи марта кираётганлар мустасно).
!!!Ўриндошлик асосида ишга кираётганлар меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан маълумотнома тақдим этади.
ҳарбий хизматга мажбурлар учун ҳарбий гувоҳномани ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳнома;
олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим ташкилотини тамомлаганлиги тўғрисидаги диплом, махсус маълумот ёки махсус тайёргарлик керак бўлган ишлар учун тегишли гувоҳнома (сертификат). Масалан, ҳайдовчи бўлиб ишга кирмоқчи бўлса, ҳайдовчилик гувоҳномаси сўралади;
солиқ тўловчининг идентификация рақами (бу маълумотни иш берувчи электрон тизимлар орқали мустақил олиши ҳам мумкин);
жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (бу маълумотни иш берувчи электрон тизимлар орқали мустақил олиши ҳам мумкин);
жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси, ишга биринчи марта кираётганлар мустасно.
Ёдда тутинг! Ишга қабул қилишда қонунчиликда назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади. Мисол учун, ишга кирмоқчи бўлган шахсдан олдинги иш жойидан тавсифнома ёки қариндошларининг судланмаганлиги ҳақидаги маълумотномани талаб қилиш мумкин эмас.
3. Ўриндошлик асосида ишлаш учун асосий иш жойидан розилик керакми?
Йўқ, ўриндошлик асосида ишлаш учун асосий иш берувчининг, асосий иш жойидан касаба уюшмаси қўмитасининг ёки бошқа органнинг розилиги талаб қилинмайди. Чунки ходим ўриндошлик асосидаги ишни асосий ишидан бўш вақтида бажаради.
4. Ишга қабул қилиш буйруғини расмийлаштириш шартми?
Ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади.
5. Меҳнат дафтарчасини ким расмийлаштиради?
Иш берувчи биринчи марта ишга кирган, беш кундан ортиқ ишлаганларга меҳнат дафтарчасини расмийлаштириши шарт.
Шунингдек, илгари жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобда турмаган ходимларни ҳисобга қўйиш ҳам иш берувчи томонидан амалга оширилади.
5. Яқин қариндошлар битта жойда ишлаши мумкин эмасми?
Ўзаро яқин қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар (ота-она, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотин, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари) ўзаро бир-бирига бўйсунув ёки бир-бирини назорат қилиш ҳолатида давлат ташкилотида ишлаши тақиқланади.
Ёдда тутинг! Ушбу қоида фақат давлат ташкилотларигагина татбиқ этилади ҳамда яқин қариндошларнинг ўзаро бўйсунув ва назоратда ишлашига чекловни назарда тутади.
Масалан, А исмли шахс давлат ташкилотида бош бухгалтер лавозимида ишласа, унинг ўғли отасининг қўл остида бухгалтер лавозимида ишлаши тақиқланади. Чунки ушбу ҳолатда ота ва ўғил лавозимида бевосита бўсунув мавжуд. Лекин ушбу ота-ўғил хусусий корхонада мазкур лавозимларда ишлаши мумкин.
Бошқа мисол, А исмли шахс давлат ташкилотида бош бухгалтер лавозимида ишласа, унинг ўғли ушбу ташкилотда Мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаши мумкин ва бунга ҳеч қандай чеклов мавжуд эмас. Чунки ушбу ҳолатда ота ва ўғил лавозимида бевосита бўсунув ёки назорат йўқ.
Қариндошларнинг бир ташкилотда ишлашига истисно ҳолатлар мавжуд, масалан, шифокорлар, ўқитувчилар, мусиқачилар ва ҳ.з. Батафсил рўйхат билан билан бу ерда танишишингиз мумкин.
Дилмурод Ражабоев,
Hudud24.uz колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Ишончнома тушунчаси, шакли ва уни расмийлаштириш тартиби
Ишончнома — бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради.
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Иситиш мавсумида қандай оилаларга компенсация тўлаб берилади?
Иситиш мавсумида (ноябрь — февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга қуйидаги компенсация турлари тақдим этилади.