Ҳуқуқ
30.09.2024
297
Кундалик ҳаётимизда кўпгина ҳамюртларимиз бир-бирлари билан ишончнома асосида фуқаролик ҳуқуқий муносабатга киришганини кўрамиз. Жумладан, биз судьяларга ишончнома юзасидан тез-тез савол билан мурожаат қилишади. Шундан келиб чиққиб, аҳолига ишончнома ва унинг мазмун-моҳияти хусусида тушунча беришни лозим топдик.
Фуқаролик кодексининг 134-моддасига асосан, бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради. Юридик шахс номидан, шунингдек юридик шахсга ҳам ишончнома фақат юридик шахснинг уставида (низомида) кўрсатилган фаолият мақсадларига зид бўлмаган битимларни тузиш учунгина берилиши мумкин. Кодекснинг 135-моддаси талаби бўйича ишончнома оддий ёзма шаклда ёки нотариал тартибда расмийлаштирилади.
Таъкидлаш лозимки, ишончнома берилган шахс ўз ваколатидаги ҳаракатларни шахсан амалга ошириши шарт. Башарти, унга ишончнома билан ваколат берилган бўлса ёки уни ишончнома берган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилишга шароит мажбур қилса, у ҳаракатларни амалга оширишни бошқа шахсга ўтказиши мумкин. Ваколатларнинг бошқа шахсга берилишига асос бўлган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак. Айни қоидалар кодекснинг 140-моддасида ўз аксини топган.
Баъзан ваколат берувчи шахс ишончномани ҳеч кимни огоҳлантирмаган ва ҳеч бир сабабни изоҳламаган ҳолда ҳам бекор қилиш ҳолатлари учраб қолади. Албатта, бу ишончнома берувчи шахснинг ҳуқуқи. Умуман олганда, Фуқаролик кодексининг 141-моддасида қайд этилишича, ишончнома муддатининг тамом бўлиши, ишончнома берган шахснинг уни бекор қилиши, ишончнома берилган шахснинг бош тортиши, номидан ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши, худди шунингдек, номига ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши, ишончнома берган ёки ишончнома олган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёинки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши ишончноманинг бекор бўлиш омилларидир.
Ишончнома берган шахс истаган вақтда ишончномани бекор қилиши, ишончнома берилган шахс эса ундан воз кечиши мумкин. Бу ҳуқуқдан воз кечиш ҳақидаги битим ҳақиқий эмас. Ишончноманинг амал қилиши бекор бўлиши билан уни бошқа шахсга ўтказиш ҳам ўз кучини йўқотади.
Борди-ю, нотариал тасдиқланган ишончномада айнан кўчмас мулкни тасарруф этиш ҳуқуқи кўрсатилган бўлса, ишончнома асосида кўчмас мулкни олди-сотди шартномасига асосан сотиш, гаровга қўйиш ва бошқа ваколатларини амалга ошириши мумкин бўлади. Агарда ушбу ҳуқуқлар ишончномада акс эттирилмаган бўлса, унда ишочнома олган шахс кўчмас мулкни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлмайди.
Жасур СИРОЖЕВ,
Тошкент шаҳар судининг судьяси
Улашиш:
Бошқалар
Инвестиция киритмоқчимисиз? Ишни Yurxizmat.uz порталидан бошланг
Шартнома тузиш учун камида ҳуқуқий билим бўлиши ёки малакали юрист ёрдами керак бўлади.
Қандай қилиб давлат хизматларидан арзонроқ фойдаланиш мумкин?
ЯИДХПдан узлуксиз ва навбатсиз 24/7 режимда фойдаланиш мумкин.
Кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби қандай?
Кўчмас мулкни сотиш шартномасига биноан кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқининг сотиб олувчига ўтганлиги давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Жисмоний ва юридик шахслар учун адвокат билан шартнома тузишда билиши зарур бўлган муҳим фактлар
Адвокат билан тузиладиган шартнома — ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш жараёнини тартибга соладиган асосий ҳужжат ҳисобланади.