Суд очерклари
09.11.2023
2 704
Жим туриш – ёмон. Нимадир дейиш – ундан баттар. Аммо Исроил – Фаластин уруши шундай паллага кирдики, йирик компаниялар ва жаҳон брендлари учун жим туриш шармандалик билан тенг бўлиб қолди. Муносабат билдирганлар эса, албатта, бир томонни танлагани учун нариги томоннинг ғазабига учради. Бойкот, canceling ҳаракатлари оммавий тус олиб, урушга ва томонларга муносабат билдиришнинг иқтисодий ва маданий кўриниши сифатида оммалашди. Шундай вазиятда Ўзбекистон бизнес муҳити ўзининг маънавий-ахлоқий принципларини, сиёсий позициясини намоён этиши керакми? Уруш пайтида ижтимоий масъулиятли бренд бўлиш қанчага тушади? Исроил брендларини бойкот қилиш самара берадими? Бойкот, canceling (рад этиш) маданияти – бу ижтимоий фаоллик, ўз позициясини билдиришнинг маданий кўриниши ўлароқ сўнгги йилларда кенг тарқалиб бормоқда. Мутахассислар бунга ижтимоий тармоқларнинг пайдо бўлиши ва оммалашувини сабаб сифатида кўрсатишади. Масалан, тижорат компанияларида “корпоратив ижтимоий масъулият” атамаси 1950 йиллардаёқ пайдо бўлган. Бироқ у пайтлар кўпроқ филантропия ва хайрияда ўзини намоён қилган. 2000 йилларга келиб ижтимоий тармоқлар пайдо бўлгач, ушбу йўналишда жиддий маданий силжиш кузатилди. У ёки бу воқеликка ўша оннинг ўзидаёқ фикр билдириш ва фикрга жавоб қайтиши кучайгач, жамоатчиликнинг корпорацияларга босими ортди. Омма корпорациялардан деярли ҳар қандай ижтимоий-сиёсий ҳодисага – у уруш бўладими, абортми ё ЛГБТ – фаол муносабат талаб қиляпти. Компаниянинг имижини шунга боғлаяпти. Бойкот билан таҳдид қиляпти ва бойкот қиляпти ҳам. 7 октябрь куни Европа Иттифоқи террорчи гуруҳ деб биладиган ХАМАС Ғазо секторидан Исроилга ҳужум қилди. Гуруҳ бу амалиётни Фаластиннинг мазлум халқи учун интиқом деб атади. Айрим манбаларга кўра 1400 исроиллик ўлдирилган. Шунда кўплаб компаниялар ушбу ишни қоралаб чиқишга шошилди. Walt Disney исроилликларга инсонпарварлик мақсадида деб 2 млн доллар хайрия қилди. Amazon. Pfizer каби компаниялар ҳам Исроил томонини олди. Кейин можарога Starbucks ва McDonald's ҳам тортилди. Улар Исроил армиясига бепул тушликлар етказиб беришини маълум қилди. Бироқ бунга норози томоннинг овози ҳам ўзини узоқ куттирмади. Улар компанияларни фаластинликларнинг узоқ йиллар давомида тортиб келаётган азобларини менсимаслик, камситиш ва аҳамиятини пасайтиришда айбладилар. Айниқса, Исроилнинг ХАМАС ҳужумига жавобан зарбалари, берилаётган қурбонлар умуман қиёслаб бўлмас даражада катталиги туфайли лидерлар ва жамоатчилик фикри тез ўзгарди. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Исроилнинг ҳужумларини қаттиқ қоралади. Исроилга ҳамжиҳатлигини маълум қилган Starbucksнинг ишчилари эса касаба уюшмаси орқали компания раҳбариятига тамомила қарши муносабатини билдириб, фаластинликларга ҳамжиҳатлигини маълум қилди. Натижада Starbucks ўз ишчилари касаба уюшмасини судга берди. Кўриниб турганидек, икки йил аввал Россиянинг Украинага ҳарбий амалиёти пайти якдиллик билан ишлаган canceling culture (рад этиш маданияти) бу сафар жиддий зиддиятлар билан намоён бўлмоқда. Ўзбекистонда ҳам Исроил товарларига бойкот эълон қилишга тарғиб турли фаоллар томонидан айтилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова шундай мазмундаги чақириқ билан чиқди.
Қолаверса, охирги кунларда дўконларда “қора рўйхат”га кирган айрим маҳсулотлар чегирма нархларда сотилаётгани акс этган суратлар тармоқларда айланмоқда.
Бунинг сабаби нима? Ўзбекистонда бойкотнинг масалага бирон таъсири ё самараси сезиладими? Бизнинг тадбиркорлар позицияси қандай? Бойкотга қўшилишадими? Hudud24.uz мавзуни ўрганиш доирасида ушбу саволлар билан ўзбекистонлик тадбиркорлар, иқтисодчилар ва экспертларга мурожаат қилди.
Зафар Ҳошимов, “Корзинка.уз” бренди асосчиси, тадбиркор Бу савол формулировкаси ҳақида ўйларим бор. Масалан, Россия – Украина бўйича бизнес субъектлари Россияни ҳеч бир кўринишда тотал бойкот қилмади. Россияга нисбатан қатор ҳукуматлар иқтисодий санкциялар киритди. Бу, албатта, бизнесга таъсир қилди. Санкция киритган мамлакатларда жойлашган корхоналар Россияда ўз фаолиятини чеклади, албатта. Лекин бу, умуман олганда, бизнес танлаган позиция бўлмаслиги мумкин, балки юзага келган шароит асоратларидир. Бизнес субъектлари эса, худди ҳозир Исроил-Фаластин инқирози ҳолида бўлгани каби, мавжуд шароитга қараб йўл тутишади. Феруз Аллаев, “Asaxiy.uz” бренди асосчиси, тадбиркор
Россия – Украина ва Исроил – Фаластин масаласи – бу икки хил ҳолат. Биринчи ҳолатда Россия ноҳақлигига кўпчиликнинг ишончи комил эди. Қолаверса, Украина Россия ҳудудига эмас, аксинча Россия Украина ҳудудига бостириб кирди ва буни бутун дунё кўрди. Исроил – Фаластин масаласи бўйича эса ҳатто жаҳон сиёсатчилари орасида ҳам бўлиниш ва жиддий баҳс бор. Айни кунларда Исроил Фаластинда геноцид қилиб турибди ва биз буни қоралаймиз. Лекин ҳозирги воқеалар ХАМАСнинг Исроилга ҳужумидан бошланди. Агар Россия – Украина урушида ҳам Украина Россия ҳудудига биринчи ҳужум қилганида ва Россия қасос олиш учун уруш бошлаганида бунақа реакция бўлмасди. Исроилга нисбатан бойкотнинг ишлаши қийин. Чунки Россия билан Исроилнинг жаҳон иқтисодиётига таъсирида фарқ, айниқса, патентлар даражасида, жуда катта. Яъни Исроилни бойкот қилиш Россияни бойкот қилгандан қимматроққа тушади. Шунинг учун ҳатто мусулмон давлатлари ҳам Исроилни муваффақиятли бойкот қилди деб айтолмаймиз. Умуман, бирорта давлат расман чиқиб Исроилни бойкот қилишини айта олмади, бу кўпроқ инфлюэнсерлар ва уларнинг таъсирида аҳоли томонидан қилинаётган хатти-ҳаракатлар. Баъзида асосли, баъзида эса асоссиз. Алишер Абдужаббор, тадбиркор, иқтисодчи
Россия – Украина уруши асосан ҳарбий позицияларни яхшилаш учун бошланган, шунинг учун ҳам Ғарб Россияга тотал, гибрид уруш эълон қилди. Жумладан, иқтисодий уруш ҳам олиб боришяпти. Исроил – Фаластин уруши эса бироз бошқачароқ, асосан Исроил – араб мамлакатлари орасидаги илиқликнинг олдини олиш учун бошланди. ХАМАС Исроил томонидан тузилганлиги, “Ихванул муслимин” террорчилик гуруҳи билан бирга эканлигини ҳисобга олиш керак. Номини ошкор этишни истамаган иқтисодчи, эксперт, тадбиркор Бизнес субъектлари йўқотадиган нарсалари борлиги сабабли сиёсий қарашларини ошкор қилишда эҳтиёткорлик қиладилар. Россия–Украина можаросида кўпчилик Россияни ҳақ деб ҳисоблади, албатта, бунда Россия телеканаллари ва бошқа оммавий ахборот воситалари пропагандаси катта роль ўйнади. Инглиз тили ёки бошқа хорижий тилларни яхши билган, Россия ОАВ эмас, балки муқобил ахборот манбалари билан танишиш имкониятига эга бўлган оз сонли одамларгина бу можарода россияпарастлик позициясида бўлмадилар. Россия – Украина можароси мигрантлардан келаётган пул оқимларининг камайиши, логистикадаги муаммолар, Россия аҳолисининг харид қобилияти пасайиши оқибатида Россияга экспорт қилинувчи мева-сабзавот ва бошқа шу каби товарлар сотув ҳажми камайиши каби сабабларга кўра мамлакатимиз иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатди. Лекин аҳоли Россия – Украина можароси сабабли бирон-бир товарга ёки компанияга бойкот қилгани сезилмади. Исроил-Фаластин можаросида аҳоли асосан диний сабабга кўра, яъни диндошларимизга бошқа дин вакиллари зулм қилмоқдалар деган нуқтаи назардан Фаластин тараф бўлмоқда. Мен сиёсатга аралашмайман, бу ишларнинг менга алоқаси йўқ деган бефарқ қатлам ҳам катта улушга эга. Исроил тараф бўлиб, бу позициясини ошкор қилаётган қатлам русийзабон аҳоли ёки ошкора исломофоблар бўлиши мумкин холос, бундай одамлар жуда оз. Энг катта қатлам бефарқ, Фаластин тарафдорлари улардан озроқ ва Исроил тарафдорлари ўта оз деб тахмин қилиш мумкин.
Зафар Ҳошимов Маҳсулотлар савдосида ҳозирга қадар бундай бойкот таъсири сезилмади. Баъзи медиаманбаларда савдо корхоналарида чегирма бўлаётган маҳсулотлар нархномаси кўрсатилган фотосуратлар чиқарилиб, бу бойкот таъсири, деб талқин қилинаётган бўлса-да, шу нархномаларга эътибор бериб қарасангиз, уларнинг аксари сентябрь ойида бошланган чегирмалар, яъни инқироздан аввал туширилган нархлар. Қолаверса, бойкотга чақирилаётган маҳсулотларнинг муайян қисми Ўзбекистонда чиқарилаяпти, шу маънода, агар истеъмолчилар ушбу маҳсулотларни бойкот қилишганида ҳам, Исроилни эмас, балки ўз иқтисодиётимизни жазолаган бўлардик. Феруз Аллаев Истеъмолчилар томонидан ҳозир қилинаётган бойкот қисқа муддатли кичик самара бериши мумкин, бироқ узоқ муддатга натижа беради деб ўйламайман. Эсласангиз, Туркияда Франция маҳсулотларини бойкот қилишганди. Ёки ўзимизда ҳам карикатура масаласида Франция маҳсулотларини бойкот қилишга чақириқ янгради. Лекин буни тез унутишди ва яна ҳамма дунёга машҳур брендларни сотиб олишга ўтди. Шунинг учун мен Coca-cola, P&G ва ёки бошқа компания маҳсулотларининг сотуви кескин тушиб, улар банкрот бўлади деб ўйламайман. Шунчаки жамоатчилик бошқа муаммога чалғиб кетгунича маълум муддатга уларнинг даромади камайиши мумкин. Агар уруш узоқ давом этса, катта компаниялар вазиятга мослашиб, ребрендинг қилиб яна ўша мамлакатларда савдосини давом эттиравериши мумкин. Буни Россия мисолида кўрдик. Чунки компаниялар қонунчиликни ҳам, бойкотни ҳам тез айланиб ўтиш хусусиятига эга. Масалан, Coca-cola ёзуви динга қарши фикрларни ифодалайди деган гап чиқиши билан бренд ўз номини арабча ёзувда ёза бошлади. Яъни улар манипуляцияни ҳам яхши эплашади. Алишер Абдужаббор Бойкот билан иш битмайди, бойкот қилиш керак бўлса, катта банкларни, корпорация ва биржаларни бойкот қилиш керак, битта совун ёки шампун бойкоти ҳеч қандай таъсир қилмайди. Бу фақат дахлдорлик ва вазиятга муносабат, ижтимоий фаоллик нуқтаи назардан аҳамиятли бўлиши мумкин. Шахсий муносабатим – долларни бойкот қилишни ўйлаяпман. Номини ошкор этишни истамаган иқтисодчи Исроил – Фаластин можароси сабаб Фаластин тараф бўлганлар қаторидаги кам сонли аҳоли Исроил товарларини бойкот қилмоқда, лекин бу ҳозирча савдо ҳажмининг сезиларли даражада тушишига олиб келгани йўқ. Ўзбекистонда бизнес бойкот сабаб сезиларли зарар кўрди деб айта олмаймиз. Исроил – Фаластин можаросининг бизнесга таъсири ҳудудлар бўйича жиддий фарқ қилади, ҳатто Тошкент шаҳри ичида ҳам русийзабон аҳоли кўпроқ яшайдиган туманларда (масалан, Кадишева бозори атрофида) бу салбий таъсири камроқ, ўзбеклар салмоғи кўпроқ бўлган ҳудудларда салбий таъсир кўпроқ сезилмоқда. Умуман олганда, чакана савдода даромад ўртача 10 фоизга камайди деб айтиш мумкин.
Зафар Ҳошимов Бу зарар ва фойдани ҳар бир ҳолатда алоҳида баҳолаш жоиз, умумий бир ҳисоб йўқ. Шахсан мен бизнес жамиятда фаолият кўрсатар экан, шу жамият бизнесга ресурслар, ходимлар, харидорлар берар экан, албатта, бизнес ҳам жамият манфаати учун ижтимоий фаоллик кўрсатиши лозим, деб биламан. Бизнеснинг жамият олдида бурчи ва масъулияти бор ҳамда унга амал қилиши керак, деб ҳисоблайман. Феруз Аллаев Ижтимоий масъулият доим компанияга қанчагадир тушади. Кўпинча бу маркетингнинг бир қисми деб қаралади. Қайсидир компаниялар чиндан, самимий ҳаётдаги муаммоларни ҳал қилишга интилиши мумкин, лекин гигант компанияларда ижтимоий фаоллик маркетингнинг бир қисми, бренднинг имижини яхшилаш учун ишлатиладиган хийла деса ҳам бўлади. Масалан биронта катта компания ўз ташаббуси билан ҳеч бир экологик технологияни жорий қилмаган. Шунчаки, экологик технологияларни жорий қилди дегани брендга маркетинг томонидан фойда келтиради, имижини яхшилайди ва кўпроқ сотишга сабаб бўлади. Яъни бизнес бозор шароитида ижтимоий фаолликка мажбур ҳозирги кунда. Табиийки, бу ортиқча харажат дегани. Яна риск ҳам бор. Масалан, ижтимоий фаол бўлган компания ўзи илгари сурган ғоя эртага узоқ муддатда нотўғри бўлиб чиқса, ижтимоий нейтрал компанияга нисбатан каттароқ зарар кўради. Алишер Абдужаббор Ижтимоий фаоллик ва масъулият компанияга фақат зиён келтиради. Номини ошкор этишни истамаган иқтисодчи Ижтимоий фаоллик мамлакатимиз компаниялари фаолиятига сезиларли даражада таъсир кўрсатмайди. Тадбиркорларимизнинг деярли ҳаммаси сиёсатга аралашмайди.
Зафар Ҳошимов Компаниямиз раҳбари бўлганим учун, кўпида ўзим номимдан билдирган фикр компания фикри деб нотўғри талқин қилинади. Компаниямизда 10 минг ходим ишлайди, албатта, фикрлар ҳам кўп ва фарқли бўлиши мумкин. Табиийки, бизнинг савдо корхонамиз сиёсий масалалар бўйича ягона позиция чиқаришни ўз олдига мақсад қилиб қўймаган. Шахсан ўзимнинг позициям ҳақида гапирсак, ҳозир Ғазода бўлиб турган вазият бу Исроил томонидан ХАМАСга қарши уруш аслида Ғазо аҳолисини диспропорционал равишда коллектив жазолаш амалиётига айланганини кузатаяпман. Йўл қўйиб бўлмайдиган даражада тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлаяпти ва буни зудлик билан тўхтатиш керак. Жабрланганларга тиббий ёрдам, дори-дармон, озиқ-овқат, сув ва бошқа ҳаётий зарур маҳсулотлар етказилиши керак. Минтақада зўравонликнинг олдини олиш ва узоқ муддатли барқарор тинчлик ўрнатилиши учун эса, БМТнинг саноқсиз резолюцияларига асосан эркин ва мустақил Фаластин давлати барпо этилиши лозим. Ўзимнинг шахсий ҳиссам сифатида мен Ғазода азоб чекаётган болаларга ЮНИСЕФ фонди орқали ёрдам бериб келмоқдаман. Феруз Аллаев Агар Ўзбекистон давлати бирор брендга нисбатан санкция қўллайдиган бўлса, биз ўша санкцияга қўшиламиз. Яъни қонунан бунга мажбурмиз, чунки қонунни ҳурмат қиламиз. Лекин бизда Исроил томонидан тўғридан-тўғри ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар сотилади деб ўйламайман. Исроилнинг қайсидир патентлари билан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот бўлиши мумкин, лекин патентлар масаласи жуда мураккаб. Биз истеъмол қилаётган ҳамма маҳсулот ғарб давлатларининг патенти асосида ишлаб чиқарилаётган ёки яҳудий олим кашф этган бўлиши мумкин. Ҳаммасини бойкот қилиш имконсиз. Исроил – Фаластин можаросига шахсий муносабатим эса, ҳозирда бўлаётган геноцидни қоралайман. Томонлар фақат музокара йўли билан, ўз давлатлари чегараларини аниқ белгилаб, ўша чегараларга дахл қилмаган ҳолда яшаши лозим деб ҳисоблайман. Алишер Абдужаббор Бизнинг бизнес – реал қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигига ҳисса қўшиш. Шу сабабли бойкотга аралашмаймиз. Номини ошкор этишни истамаган иқтисодчи Бизнинг бизнесимизга бу можаролар таъсири сезилмади. Биз ҳам тадбиркор сифатида нейтрал позициядамиз. Дунёнинг қаеридадир бўлаётган можаролар сабаб бизнесимизга зарар етишини истамаймиз.
Улашиш:
Бошқалар
2025 йил 1 апрелдан айрим йўналишларда фаолият юритувчи хўжалик субъектларга берилган эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинади
“ЎзИнжиниринг” лойиҳа институтининг инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди.
Ҳар бир ҳудудда реновация жамғармалари ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни шаҳарсозлик реновациясининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Жамоавий меҳнат низоларини медиатор иштирокида ҳал этиш тартиби қандай?
Медиатор жамоавий меҳнат низосининг тарафларидан ушбу низога тааллуқли зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўрашга ҳамда олишга ҳақлидир.
Шу йилнинг 1 сентябридан ҳар бир қурилаётган объектнинг QR-кодли паспорти бўлади
Бу орқали шаҳарсозлик субъектлари, қурилиш муддатлари, шаҳарсозлик ҳужжатлари ва тасдиқланган экспертиза хулосалари ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти яратилади.