currencies image

12 778,12 UZS

78,98

usd

currencies image

14 931,23 UZS

83,40

eur

currencies image

164,01 UZS

1,85

ru



АсосийЯнгиликлар2025 йилда заргар тадбиркорлар учун муҳим ўзгаришлар кучга кирадими?

2025 йилда заргар тадбиркорлар учун муҳим ўзгаришлар кучга кирадими?

Ҳуқуқ

calendar

02.07.2025

eye

123

2025 йилда заргар тадбиркорлар учун муҳим ўзгаришлар кучга кирадими?

Юртимизда кичик бизнес ва ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш мақсадида амалий ишлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда, 2025 йил 26 июнь куни Президентнинг “Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–207-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарор орқали заргарлик марказларида фаолият юритаётган тадбиркорлар учун бир қатор имтиёзлар ва қулай шарт-шароитлар яратилиши кўзда тутилган.

Қарорда белгиланган муҳим янгиликлардан бири — қимматбаҳо металларни кечиктириб тўлаш шарти билан сотиш тизимидаги қулайликлардир. Энди тадбиркорлар ушбу турдаги тўловларни амалга оширишда муайян муддатгача имтиёзга эга бўладилар. Жумладан, 90 кун ичида амалга оширилган тўловлар қисмига фоиз ҳисобланмайди, яъни ушбу даврда тадбиркорларга қўшимча молиявий юкламалар юкланмайди. Шу билан бирга, 91-кундан бошлаб 180-кунгача кечиктирилган тўловлар бўйича йиллик 3 фоиз миқдорида фоиз ҳисобланиши белгиланган.

Бундан ташқари:

Заргарлик марказларида “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси ҳамда Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг филиаллари фаолияти йўлга қўйилади. Бу эса сайёр хизмат кўрсатиш орқали тадбиркорларга маҳаллий жойларда турли давлат хизматларини тезкор ва ортиқча оворагарчиликларсиз олиш имконини беради.

Қарорда тадбиркорларни ташкилотлашган тарзда фаолият юритишга рағбатлантирувчи яна бир муҳим имтиёз белгиланган. Заргарлик марказларида фаолият юритаётган тадбиркорлар “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасига аъзо бўлган тақдирда, аъзолик бадалини 50 фоизлик чегирма билан тўлайди.

Шу билан бирга, қарорда соҳадаги имтиёзларни қайта кўриб чиқиш ва бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича ҳам муҳим қадам белгиланган. Жумладан, 2026 йил 1 январдан бошлаб қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ишлаб чиқарилган заргарлик буюмлари ҳамда ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш бўйича айланмани қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) озод қилишга оид имтиёз бекор қилинади. Олтиндан ясалган заргарлик буюмларини чакана савдода сотганлик учун тўланадиган йиғим ҳам бекор қилинади.

2028 йил 1 январгача заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки уларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларга ҚҚСнинг 80 фоизи ҳар ойнинг 25-санасигача автоматик равишда республика бюджетидан қайтарилади.

2025 йил 1 сентябрдан эса:

Якка тартибдаги тадбиркорларга (ЯТТ) ҳам заргарлик буюмларини сотиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади.

Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси томонидан Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида заргарлик буюмларининг асиллик даражасини текшириш ва уларни тамғалаш бўйича сайёр хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисида “Soliq” мобил иловаси орқали хабар берган шахсларга ундирилган жарима миқдорининг 50 фоизи миқдорида мукофот тўланади.

 

Хулоса қилиб айтганда, Президентнинг ПҚ–207-сонли қарори заргарлик саноатини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва соҳани замонавий, рақобатбардош тарзда ривожлантиришга қаратилган муҳим қадамдир. Қарор билан тадбиркорларга солиқ ва молиявий имтиёзлар, уюшмаларга аъзоликда енгилликлар, сайёр давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари яратилди.

Шу билан бирга, айрим имтиёзларнинг босқичма-босқич бекор қилиниши орқали бозор механизмлари мустаҳкамланади ва тадбиркорлик фаолияти янада тизимли тарзда йўлга қўйилади. Ушбу ўзгаришлар натижасида, заргарлик соҳаси нафақат ички бозорда, балки халқаро майдонда ҳам ўз ўрнини топишига хизмат қилади.

 

Улашиш: