Содда талқин
02.04.2026
36

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 360-моддасига мувофиқ, мажбурий тиббий кўриклар ходимларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш ҳамда ишлаб чиқаришдаги хавфларнинг олдини олишга қаратилган муҳим ҳуқуқий механизмдир. Ушбу норма иш берувчига бир қатор аниқ мажбуриятларни юклайди ва ходимлар учун муайян кафолатларни белгилайди.
Мазкур модда асосида иш берувчи ходимларни дастлабки ва даврий мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиши шарт. Дастлабки кўрик меҳнат шартномаси тузилаётган пайтда ўтказилса, даврий кўриклар ходимнинг меҳнат фаолияти давомида мунтазам равишда амалга оширилади.
Қонунчиликка кўра, қуйидаги тоифадаги шахслар мажбурий тартибда тиббий кўрикдан ўтказилиши лозим:
— ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар, пенсия ёшига етганлар, ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек меҳнат шароити ноқулай бўлган ишларда, тунги ишларда ёки транспорт воситалари ҳаракати билан боғлиқ фаолиятда банд бўлган ходимлар. — Бундан ташқари, озиқ-овқат саноати, савдо ва аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаларида ишловчилар ҳамда болалар билан ишловчи педагог ва бошқа ходимлар ҳам ушбу мажбурият доирасига киради.
Меҳнат шароити оғир ёки зарарли бўлган ишлар рўйхати ҳамда тиббий кўрик ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади. Кўриклар, одатда, ташкилотга хизмат кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари томонидан амалга оширилади, бундай муассаса мавжуд бўлмаган тақдирда эса ҳудудий тиббиёт муассасалари жалб этилади.
Муҳим жиҳатлардан бири шундаки, мажбурий тиббий кўрикларни ташкил этиш ва молиялаштириш тўлиқ иш берувчининг зиммасига юклатилади. Ходимлар бу жараён учун ҳеч қандай харажат қилмайди. Шу билан бирга, ходимлар мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортишга ҳақли эмас.
Агар ходим тиббий кўрикдан ўтмаса ёки тиббий комиссия тавсияларини бажармаса, иш берувчи уни ишдан четлаштириши шарт. Бу эса меҳнат хавфсизлиги ва бошқа ходимларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан муҳим ҳисобланади.
Шунингдек, агар ходим ўз соғлиғининг ёмонлашуви меҳнат шароитлари билан боғлиқ деб ҳисобласа, у навбатдан ташқари тиббий кўрикдан ўтишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Бу норма ходим манфаатларини қўшимча ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Яна бир муҳим кафолат шундан иборатки, мажбурий тиббий кўрикдан ўтилаётган даврда ходимнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.
Хулоса қилиб айтганда, мажбурий тиббий кўриклар тизими меҳнат муносабатларида хавфсизликни таъминлаш, касб касалликларининг олдини олиш ва ходимларнинг соғлиғини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у иш берувчи ва ходим ўртасидаги мувозанатли ҳуқуқий муносабатларни мустаҳкамлайди.
Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш
Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.
Декретга чиқмасдан ишлаш мумкинми?
Йўриқномага эътибор қаратилса, аёлга ҳомиланинг 30 ҳафтасидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади
Масофадан ишлаш тартиби: ходимлар нимани билиши керак?
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 453-моддасида масофадан туриб ишлашнинг ҳуқуқий тартиби белгиланган.
Ходимларга қандай ҳолатларда “байрам пули” тўлаб берилади?
Иш берувчининг мукофот пули тўлаш мажбурияти Меҳнат кодексида бевосита келтирилмаган, бироқ...