Ҳуқуқ
13.02.2025
374
Ходим айнан ўша иш берувчида ишни давом эттирганда унинг меҳнат вазифаларини ўзгартириш ходимни бошқа ишга ўтказиш ҳисобланади. Ходимни бошқа ишга ўтказиш қайси муддатга амалга оширилаётганлигига қараб доимий ва вақтинчага ажратилади. Бундан ташқари, ташаббус субъектига кўра, бошқа ишга ўтказишни тарафлар келишувига кўра, иш берувчи ёки ходим ташаббусига кўра турларга ҳам ажратиш мумкин. Меҳнат қонунчилигида ходимни бошқа ишга ўтказишда ҳамда буни расмийлаштиришда иш берувчилар амал қилиши лозим бўлган айрим муҳим қоидалар белгиланган. Қуйида улар билан танишиб чиқамиз:
1. Бошқа ишга ўтказиш учун ходимнинг розилиги олиниши керак
Доимий бошқа ишга ўтказишда ходимнинг розилиги олиниши шарт. Ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказишда ҳам унинг розилиги олиниши зарур. Бироқ, бунда қонунчиликда айрим истиснолар белгиланган. Иш берувчи ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиш муносабати билан ходимни бошқа ишга унинг розилигисиз, ўз ташаббусига кўра вақтинча ўтказиши мумкин. Лекин бунда ходим соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма бўлган бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмас. Бекор туриб қолиш сабабли ходимни пастроқ малака талаб этиладиган ишга вақтинча ўтказишда ҳам ходимнинг ёзма розилиги билан йўл қўйилади.
Мазкур асосга кўра ходимни бошқа ишга ўтказиш даврлари бир календарь йил давомида 60 календарь кундан ошмаслиги лозим.
2. Айрим ҳолатларда иш берувчи ходимнинг бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги талабини қаноатлантиришга мажбур
Умумий қоидага кўра, ходим иш берувчидан бошқа ишга ўтказишни талаб қилишга ҳақли эмас. Аммо қонунчиликда айрим тоифадаги ходимлар соғлиғи ҳолати ёки бошқа узрли сабабларга кўра, иш берувчидан бошқа ишга ўтказишни талаб қилишга ҳақли эканлиги белгиланган. Масалан, иш берувчи қуйидаги тоифадаги ходимларни тегишли асослар мавжуд бўлганда енгилроқ, ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган бошқа ишга ўтказишга мажбур:
а) икки ёшга тўлмаган бола парваришини амалга ошираётган ота-онадан бири ёки васийни; агар улар аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаган тақдирда, ариза билан мурожаат қилса;
б) ҳомиладор аёлларни; агар тиббий хулоса мавжуд бўлса;
в) тиббий хулоса асосида соғлиғи ҳолатига кўра бошқа ишга ўтказишга муҳтож ходимни, вақтинча ёки муддатини чекламаган ҳолда.
3. Ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказишда муддат белгиланиши ва муддат тугагач ходимга аввалги иши берилиши лозим
Ходим бошқа ишга ўтказилаётганда у ишни бошлаши зарур бўлган сана белгиланиши керак. Вақтинча бошқа ишга ўтказишда ходимнинг ишни тугатиш санаси ҳам кўрсатилиши лозим. Ишнинг тугаши календарь сана воситасида белгиланиши ёки маълум воқеа ёки ҳодисага боғланиши ҳам мумкин. Масалан, меҳнат таътилига кетган ходим ишга қайтгунга қадар тарзида. Муддат тугагач, ходимга меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган аввалги иши берилиши керак.
4. Тарафлар келишувига кўра ҳам ходим бошқа ишга ўтказилиши мумкин
Тарафларнинг келишувига кўра ходим бошқа ишга бир йил муддатгача вақтинча ўтказилиши мумкин, бундай ўтказиш қонунга мувофиқ ўзининг иш жойи сақланиб қолинадиган вақтинча йўқ бўлган ходимнинг ўрнини эгаллаш учун амалга оширилаётган тақдирда ушбу ходим ишга чиққунига қадар ўтказилиши мумкин. Бунда фақат бир жиҳатга аҳамият бериш лозим. Агар ходимни бошқа ишга ўтказиш муддати тугагач унга аввалги иши берилмаган, ходим унинг берилишини талаб қилмаган ва ишлашни давом эттираётган бўлса, ўтказишнинг вақтинчалик хусусияти тўғрисидаги келишувнинг шарти ўз кучини йўқотади ҳамда ўтказиш доимий деб ҳисобланади.
5. Ходим доимий бошқа ишга ўтказилганда меҳнат шартномасига қўшимча келишув расмийлаштирилади
Ходим бошқа ишга доимий ўтказилганда меҳнат шартномасиг ўзгартириш киритиш талаб этилади. Бунда ходим ва иш берувчи ўртасида меҳнат шартномасига ўзгартириш киритиш тўғрисида қўшимча келишув тузилади. Мазкур келишув асосида эса, иш берувчининг ходимни доимий бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги буйруғи қабул қилинади.
Вақтинча бошқа ишга ўтказишда эса, меҳнат шартномасига ўзгартириш киритиш талаб этилмайди. Бунда вақтинча бошқа ишга ўтказиш тегишли муддат кўрсатилган ҳолда буйруқ билан расмийлаштирилади.
Наргиза Шарипова,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази етакчи маслаҳатчиси
Улашиш:
Бошқалар
Ўқишини кўчиришга оид: муҳим 7 саволга жавоб
Ўзим яшайдиган ҳудудга ўқишимни кўчирсам, ўқишни тўлов-контрак асосида давом эттираманми?
Автомобилда газ баллонларидан фойдаланиш юзасидан тавсиялар
Автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда, унинг фойдаланиш муддати асосий мезонларидан бири ҳисобланади.
“Жасорат мактаблари”га ўқувчилар танлаб олинади
Белгиланган квотага асосан кириш имтиҳонлари натижалари бўйича энг юқори балл тўплаган ўқувчилар ўқишга қабул қилинади.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижда бепул ўқиш: муҳим 5 саволга жавоб
Жамғарма томонидан ҳужжатлар текширилиб, танлов талабларига тўғри келадиганлар саралаб олинади.