Ҳуқуқ
23.11.2026
102

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди ҳамда хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади.
Бугунги кунда юртдошларимиз дунёнинг 40 дан ортиқ давлатида қонуний меҳнат қилмоқда. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида хорижга ишга кетишдан олдин, чет элда ишлаш давомида ва Ватанга қайтгандан кейин фойдаланиш мумкин бўлган қатор имтиёз ва кафолатлар белгиланган. Қуйида қонунчиликда назарда тутилган энг муҳим 10 та имтиёз ва кафолат ҳақида маълумот берамиз.
Маълумот учун: Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 апрелдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Низомга (4-илова) мувофиқ молиявий имтиёзларнинг аксарияти “Xorijda ish” электрон тизимида рўйхатдан ўтиб, ташкиллаштирилган (расмий) тартибда кетаётган фуқароларга берилади. 2026 йил 1 сентябрдан 1 БҲМ — 440 000 сўм этиб белгиланган.
Расмий тартибда кетаётган фуқарога қуйидаги харажатлар учун компенсация тўланади:
чет тили ва (ёки) касб бўйича малака имтиҳонлари учун — 3 БҲМгача (1 320 000 сўмгача), имтиҳон муваффақиятли топширилиб, сертификат олинган бўлса;
ишчи визани расмийлаштириш учун — 5 БҲМгача (2 200 000 сўмгача);
йўл чиптаси харид қилиш учун — 2 БҲМгача (880 000 сўмгача).
Жами 4,4 млн сўмгача харажат қоплаб берилади. Бунинг учун “Xorijda ish” тизими орқали ёки Миграция агентлигига ариза бериш лозим. Маблағ хорижда ишга жойлашгандан сўнг бир ой ичида фуқаронинг банк картасига ўтказилади.
Асос: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 апрелдаги ПФ-59-сон Фармони (3–4-бандлар) ва Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 апрелдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Низом.
Хорижга ишлаш учун кетаётган фуқароларга ривожланган мамлакатларда ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун тижорат банклари томонидан Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан 10 миллион сўмгача миқдорда, Марказий банкнинг асосий ставкасидан тўрт фоиз бандга юқори ставкада, икки йил муддатга микрокредитлар ажратилади.
Микрокредит олиш учун Миграция агентлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинган тижорат банкларига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
а) шахсни тасдиқловчи ҳужжат;
б) микрокредит олиш учун ариза;
в) Миграция агентлигининг тавсияномаси;
г) банкнинг ички сиёсатидан келиб чиқиб, кредит ажратиш учун талаб қилинадиган бошқа ҳужжатлар.
Асос: Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 апрелдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Низом.
Ташкиллаштирилган тартибда кетаётган ва кам таъминланган оила сифатида Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига ёки “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”дан бирига киритилган фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва бошқа хавфлардан суғурталаниши учун ҳар бир фуқарога йилига бир марта 300 минг сўмгача субсидия тўланади. Бу хорижда бахтсиз ҳодиса ёки касаллик юз берганда суғурта харажатларини қоплашга ёрдам беради ва фуқаро ҳамда унинг оиласининг молиявий юкини қисман бўлса-да камайтиради.
Асос: Президентнинг 2024 йил 4 апрелдаги ПФ-59-сон Фармони 3-бандининг “в” кичик банди.
Хорижда меҳнат қилиш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга дучор бўлган ёки камситилган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволда, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ва яшаш учун маблағсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун адвокат, юридик хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари хизматларига белгиланган тартибда ҳақ тўлаб берилади.
Асос: Президентнинг 2024 йил 4 апрелдаги ПФ-59-сон Фармони 3-бандининг “г” кичик банди.
Хорижда оғир молиявий аҳволга тушиб қолган фуқаролар консуллик муассасаси ёки Миграция агентлиги ваколатхонасининг хулосаси асосида Ватанга қайтарилади. Йўл харажатлари Миграция жамғармаси ҳисобидан қопланади, ўта оғир вазиятда қолганларга моддий ёрдам ҳам кўрсатилади.
Асос: Президентнинг 2024 йил 17 октябрдаги ПФ-162-сон Фармони ва 2024 йил 4 апрелдаги ПФ-59-сон Фармонининг 6-банди.
“Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Қонунга 2026 йил февралда киритилган қўшимчага кўра, меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жасадларини олиб келиш билан боғлиқ харажатлар Миграция агентлигининг Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Асос: Ўзбекистон Республикасининг “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Қонуни.
Хорижда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган фуқаро Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўласа, шу давр иш стажига қўшилади.
— Миқдори: йилига камида 1 БҲМ (ҳозир 440 000 сўм).
— Муддати: ҳар ойда, ҳар чоракда ёки Ватанга қайтгандан кейин 3 йил ичида бирйўла.
— Ким тўлайди: фуқаронинг ўзи, оила аъзоси ёки ишончли вакили.
— Тўлов ҳужжатида: Ф.И.Ш., ЖШШИР ва қайси давр учун тўланаётгани кўрсатилади.
— Тасдиқлаш: хорижда бўлган давр меҳнат дафтарчаси, иш берувчининг маълумотномаси ёки паспортдаги чегарадан ўтиш белгилари билан тасдиқланади.
Асос: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 41-банди.
Меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари бепул тиббий кўрикдан ўтиш ҳуқуқига эга. Ижтимоий аҳамиятга эга касаллик аниқланганда уларга тиббий ёрдамнинг давлат томонидан кафолатланган ҳажми доирасида бепул тиббий ёрдам кўрсатилади.
Бу фуқароларнинг соғлиғини асраш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаниш билан боғлиқ харажатларни камайтиришга хизмат қилади.
Асос: Президентнинг 2024 йил 4 апрелдаги ПФ-59-сон Фармони 13-банди.
“Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг болаларига таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишда ёрдам беради.
Асос: Президентнинг 2024 йил 4 апрелдаги ПФ-59-сон Фармони 15-банди.
Хорижда камида 3 ой ишлаб, сўнгги бир йил ичида қайтган фуқаролар “Онлайн маҳалла” платформасининг реинтеграция модулига киритилади. Уларга томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик ва бошқа фаолият турлари билан шуғулланиши учун “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратилади.
Асос: Президентнинг 2024 йил 4 апрелдаги ПФ-59-сон Фармони 11- ва 14-бандлари.
Хорижда ишлаш, имтиёз ва кафолатлардан фойдаланиш ёки ҳуқуқий ёрдам олиш бўйича қуйидагиларга мурожаат қилиш мумкин:
- 1282 — Миграция агентлигининг ишонч телефони;
- “Xorijda ish” электрон платформаси — рўйхатдан ўтиш ва компенсация олиш учун ариза бериш;
- Миграция агентлигининг ҳудудий филиаллари — жойларда маслаҳат ва амалий ёрдам олиш;
- Миграция агентлигининг хориждаги ваколатхоналари (жумладан, Москва, Сеул ва Истанбул шаҳарларида) — хорижда маслаҳат ва амалий ёрдам олиш;
- Ўзбекистоннинг хориждаги элчихона ва консулликлари — ҳуқуқ ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш бўйича консуллик ёрдами олиш.
Хулоса: Давлат хорижда ишлаётган фуқароларни кетишдан олдин ҳам, чет элда бўлган даврда ҳам, Ватанга қайтгандан кейин ҳам қўллаб-қувватлайди. Бу имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш учун хорижга расмий йўл билан — “Xorijda ish” тизимида рўйхатдан ўтиб кетинг, меҳнат шартномаси тузинг ва пенсия стажингизни тўлдириб боринг. Қийин вазиятга тушсангиз, 1282 ишонч телефонига ёки энг яқин элчихонага мурожаат қилинг.
Шуҳрат Сулаймонов,
Адлия вазирлиги
Ҳуқуқий ахборот бошқармаси
бош маслаҳатчиси
Улашиш:
Бошқалар
Уйини сотган одам ҳам солиқ тўлайдими?
Бу норма фуқароларни узоқ муддатли мулкдорликка рағбатлантириш ва ортиқча солиқ юкини камайтириш мақсадида жорий этилган.
Вояга етмаганлар меҳнати: муҳим қоидалар
Кодекснинг 118-моддасига мувофиқ, умумий қоида бўйича ишга қабул қилишга 16 ёшдан йўл қўйилади.
Ёлғон ахборот тарқатиш учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Текширилмаган ёки атайлаб бузиб кўрсатилган маълумотларни тарқатиш жавобгарлик белгиланган.
Рейс кечиктирилса қандай ҳуқуқларингиз бор?
Рейснинг кечиктирилиши йўловчилар учун турли ноқулайликларни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатлардан бири ҳисобланади.