currencies image

12 965,34 UZS

14,82

usd

currencies image

14 525,07 UZS

81,50

eur

currencies image

161,34 UZS

0,29

ru



АсосийЯнгиликларХорижга вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширишга кетаётган фуқаролар моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланади

Хорижга вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширишга кетаётган фуқаролар моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланади

Life Style

calendar

16.05.2025

eye

92

Хорижга вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширишга кетаётган фуқаролар моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланади

Меҳнат миграцияцси бугунги кунда оммалашиб бормоқда. Давлатларнинг турли иқтисодий даражалари, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва меҳнат шароитлар меҳнат миграциясининг оммалашувига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли меҳнат миграциясини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ҳозирги вақтда энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Мамлакатимиз аҳолисининг хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган қисмининг ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузурида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 апрелдаги ПФ-59-сонли Фармонига асосан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузурида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилган. Ушбу жамғарма томонидан меҳнат миграциясига кетаётган фуқаролар учун қуйидаги моддий ёрдамлар кўрсатилади:

▪️ хорижий тиллар ва (ёки) касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда ва сертификат олинганда — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача миқдорда;

▪️ хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга “ишчи виза”ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда;

▪️ йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача миқдорда компенсация тўланади.

Ушбу компенсациялар “Хорижда иш” меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқаролар учун амал қилади. Юқорида келтирилга компенсацияларни олиш учун фуқаролар “Хорижда иш” меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуаси орқали электрон тарзда ёки бевосита Агентликка асословчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилиши керак бўлади.

Бундан ташқари ушбу жамғарма томонидан қуйидаги моддий ёрдамлар кўрсатилади:

а) суғурта ташкилотларига — “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оила сифатида эътироф этилган ёки “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”дан бирига киритилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти, шунингдек, бошқа таваккалчиликларини суғурталаш бўйича суғурта мукофотини қоплаш мақсадида ҳар бир суғурталанган фуқаро учун йилига бир марта эллик минг сўмгача миқдорда субсидия тўланади;

б) хорижда меҳнат қилиш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга дучор бўлган ва камситилган, меҳнат ҳамда бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволда, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ва яшаш учун маблағсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига адвокатнинг, юридик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг хизматлари учун белгиланган тартибда ҳақ тўланади.

Улашиш: