currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларКимларга автомобиль бошқарувида хавфсизлик камарини тақишлари талаб этилмайди?

Кимларга автомобиль бошқарувида хавфсизлик камарини тақишлари талаб этилмайди?

#NoComment

calendar

15.01.2026

eye

494

Кимларга автомобиль бошқарувида хавфсизлик камарини тақишлари талаб этилмайди?

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, автомобил ҳайдовчилари ҳаракатланиш вақтида хавфсизлик камарини тақишлари шарт қилиб белгиланган. Бу, аввало, ҳайдовчи ҳаёти хавфсизлиги учун хизмат қилади. Бироқ қонунчиликда ушбу қоидадан мустасно бўлган муайян шахслар тоифаси белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ, конструкциясида хавфсизлик камарлари назарда тутилган транспорт воситасини бошқараётган ҳайдовчи ва унинг олд ўриндиғидаги йўловчилар ҳаракатни бошлашдан олдин хавфсизлик камарларини тақиб олишлари шарт.

Қуйидаги шахсларга хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат берилади:

Болалар: Автомобилнинг орқа ўриндиғидаги 12 ёшгача бўлган болалар;

Инструкторлар: Ўқув-машқ транспорт воситасини ўқувчи бошқараётган вақтда автомототранспорт воситасини ёки шаҳар электр транспортни бошқаришни ўргатувчи амалий машғулотлар инструктори;

Ҳомиладор аёллар ва беморлар: Ҳомиладор аёллар ҳамда саломатлиги хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган беморлар (Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган касалликлар рўйхатига мувофиқ ва тиббий маълумотнома мавжуд бўлганда);

Махсус хизмат ходимлари: Хизмат вазифасини бажараётган, кўк ёки қизил (ёхуд иккала рангли) ялтироқ маякча билан жиҳозланган ҳамда махсус рангли бўёқ схемалари ва ёзувлар билан белгиланган транспорт воситалари ҳайдовчилари ва йўловчилари.

Бундан ташқари, мотоцикл, электромотоцикл, мопед ва скутер ҳайдовчилари ҳамда йўловчилари учун хавфсизлик камари ўрнига махсус мотошлем кийиш ва уни маҳкамлаб қадаб олиш мажбурияти юклатилган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2025 йил 24 декабрдаги 29-сонли “Саломатлиги хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган касалликлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғига иловада ушбу касалликлар рўйхати тасдиқланган бўлиб, унга кўра III даражали (морбид) семизлик, яъни тананинг масса индекси ≥ 40 бўлганда хавфсизлик камарини тақиш талаб этилмайди.

Бундан ташқари, қуйидаги ҳолатларда ҳам хавфсизлик камарини тақиш мажбурий эмас:

— Елка камари синиши

— Қовурғалар синиши

— Чап ўмров суяги чиқиши туфайли ўтказилган операциялар

— Чап ўмров суягининг сохта бўғими синиши

— Умуртқа поғонасининг компрессион синиши

— Ўпканинг сурункали обструктив касалликлари (IV босқич)

— Бронхиал астма (IV босқич)

— Ўпканинг интерстициал зарарланиши (фиброз ва бошқалар)

— Ўпканинг бир қисми ёки бутун қисми (чап ёки ўнг) олиб ташланиши (лобэктомия, пневмонэктомия)

— Сурункали юрак етишмовчилигининг III босқичи ва декомпенсация босқичи

— Оғир юрак-қон томир касалликлари (ўтказилган инфарктлар, ишемия ва бошқалар)

— Паст бўйлик (нанизм) — 150 сантиметрдан паст

— Қўл ёки елка ҳаракатини чекловчи неврологик касалликлар

— Тананинг кўкрак қисмида жойлашган оғир аллергик ёки дерматологик касалликларнинг оғир шакллари (экзема, псориаз ва бошқалар)

— Ўмров, курак, елка, тўш суяклари ва қовурғаларда ички ва ташқи имплантларнинг мавжудлиги

— Кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғида ўтказилган очиқ турдаги операциялар

— Стомалар мавжуд бўлиши

— Кўкрак қафаси соҳасидаги йирик ҳосилалар (ўсмалар).

Ушбу касалликлар билан касалланганлиги бўйича QR-кодли (матриц штрихли код) электрон тиббий маълумотнома тегишли шаклда “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизими орқали бемор бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси ёки бемор даволанган давлат тиббиёт муассасаси томонидан бепул 1 йил муддатга ( елка камари синиши, қовурғалар синиши, чап ўмров суяги чиқиши туфайли ўтказилган операциялар, чап ўмров суягининг сохта бўғими синиши, умуртқа поғонасининг компрессион синиши ва паст бўйлик бундан мустасно) берилади.

Ўзбекистон Республикасининг "Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш киритиш ҳақида"ги Қонунга кўра, ҳайдовчиларнинг хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги жарима солинишига сабаб бўлади.

Улашиш: