currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларҚисқартиришга тушган ходимларга қандай меҳнат кафолатлари мавжуд?

Қисқартиришга тушган ходимларга қандай меҳнат кафолатлари мавжуд?

Ҳуқуқ

calendar

04.04.2026

eye

22

Қисқартиришга тушган ходимларга қандай меҳнат кафолатлари мавжуд?

Ташкилотларда технология, ишлаб чиқариш ёки меҳнатни ташкил этиш тизимидаги ўзгаришлар, шунингдек ишлар (маҳсулот ёки хизматлар) ҳажмининг камайиши натижасида айрим ҳолларда ходимлар сони ёки штат қисқартирилиши мумкин. Бундай вазиятларда ходимларнинг ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимояси таъминланиши учун қонунчиликда муайян меҳнат кафолатлари белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ, қисқартиришга тушган ходимлар қуйидаги асосий кафолатларга эга.

Аввало, меҳнат шартномаси ходимлар сони ёки штат қисқариши муносабати билан бекор қилинганда, ходимга икки ой давомида ўртача ойлик иш ҳақи сақланади. Меҳнат кодексининг 100-моддасига кўра, бу давр ходимнинг янги иш излаши учун ажратилган вақт ҳисобланади ва шу муддат давомида унга аввалги иш жойидан ўртача иш ҳақи тўлаб берилади. Бу қоида ходимни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим кафолат ҳисобланади.

Иккинчидан, иш берувчи ходимни қисқартириш тўғрисида камида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириши шарт. Меҳнат кодексининг 165-моддасига асосан, технология, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар ёки ишлар ҳажмининг қисқариши сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда ходимга олдиндан хабар берилиши лозим. Бу ходимга ўз келажагини режалаштириш ва янги иш топиш учун етарли вақт беришга хизмат қилади.

Учинчи муҳим қоида ишда қолдириш масаласидаги танлов. Агар штат қисқариши натижасида кимни ишда қолдириш масаласи юзага келса, қонунчиликка мувофиқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга устунлик берилади. Меҳнат кодексининг 167-моддасига кўра, ишда қолдиришда шахсий муносабатлар эмас, балки ходимнинг касбий салоҳияти ва меҳнат самарадорлиги асосий мезон бўлиши керак.

Шунингдек, қисқартиришга тушган ходимлар учун яна бир муҳим кафолат мавжуд. Агар меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ходим ўттиз календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтса, у учинчи ой учун ҳам аввалги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақини олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу тартиб Меҳнат кодексининг 100-моддаси 4-қисмида белгиланган бўлиб, маҳаллий меҳнат органи томонидан берилган маълумотнома асосида амалга оширилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, штат қисқариши ходим учун қийин вазият бўлиши мумкин. Бироқ амалдаги меҳнат қонунчилиги бундай ҳолатларда ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим кафолатларни назарда тутади. Шу боис ҳар бир ходим ўз ҳуқуқларини билиши ва зарур ҳолларда улардан фойдаланиши муҳим ҳисобланади.

Ихтиёр Пайзиев,
«Адолат» МҲАМ ходими

Улашиш: