Ҳуқуқ
26.08.2024
1 201
Жорий ўқув йилидан таълим кредити ажратиш тўлиқ электронлаштирилди. Бугунги кунга қадар таълим кредити учун 2472 та ариза берилган. Таълим кредити фақат кундузги таълим шаклида ўқиётганларга берилади.
1. Таълим кредити қай тартибда ажратилади?
Талабаларга таълим кредити ажратиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурида Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ташкил қилинган.
Мазкур жамғарма орқали ажратилган кредитлар фоизи Марказий банк асосий ставкаси миқдорида белгиланади, бугунги кунда 13,5%.
Жамғарма кредитларни банклар орқали ажратади. Ҳозирда 4 та банк кредит ажратмоқда.
Бошқа таълим кредитларнинг фоиз ставкаси, уларни олиш, қайтариш тартибини банклар мустақил белгилайди.
2. Кредитлар кимларга ажратилади?
Таълим кредити ўқиш муддати бир йил ва ундан кўп бўлган барча ОТМларда, техникум ва коллежларда ФАҚАТ КУНДУЗГИ таълимда ўқиётганларга берилади.
Бунда таълим ташкилотининг давлатники ёки хусусийлигининг, аҳамияти йўқ, шунингдек Ўзбекистондаги хорижий таълим муассасаларида ўқиётганларга ҳам таълим кредити ажратилади.
«Супер контракт»ни тўлаш учун таълим кредити ажратилмайди.
Кредит олиш учун ОТМ талабаси контракт.эду.уз тизими ва «Олий таълим жараёнларини бошқариш» тизимига, техникум ўқувчилари эса проф.эду.уз тизимига киритилган бўлиши керак.
3. Кредит миқдори қанча?
1-курслар учун кредит контрактнинг тўлиқ суммаси миқдорида ажратилади.
2- ва ундан юқори курслар учун фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи «3» дан паст бўлганда контракт суммасининг кўпи билан 80 фоизи миқдорида ажратилади.
4. Кредит олиш учун қандай ҳужжатлар талаб қилинади?
Кредит олиш тартиби жорий ўқув йилидан бошлаб электрон кўринишга ўтказилган. Бунда аризалар https://talim-krediti.mf.uz/ ва https://my.gov.uz/oz портали орқали топширилади.
Аризани тўлдириш учун талабанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат, гаров ва кафиллик бўйича ҳужжат талаб қилинади. Қолган ҳужжатлар электрон шаклланади.
5. Ариза қанча муддатда кўриб чиқилади?
Ариза 5 иш кунида кўриб чиқилиб, кредит ажратиш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилинади. Ариза рад этилганда унинг сабаби кўрсатилиши керак.
6. Кредит фоизи қанча?
Кредит Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида яъни 13,5 фоиз миқдорда ажратилади. Барча хотин-қизлар учун эса кредит фоизлари жамғарманинг ўзи томонидан қопланади. Бу дегани хотин-қизларга кредит ФОИЗСИЗ ажратилади.
7. Кредит қачон қайтарилади?
Кредитнинг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади. Фоиз тўловлари эса банк томонидан белгиланган муддатда тўланади.
Бу нима деган? Масалан, талаба 20 млн кредит олди ва у ўқишни 2026 йил 1 июлда тугатади. Талаба 20 млн сўмни 2027 йил 1 февралдан бошлаб 7 йил давомида (2034 йилгача) тўлайди. 20 млн устига қўйилган йиллик 14 фоизни эса банк белгилаган вақтдан бошлаб тўлайди.
Талаба кредитнинг асосий қарзи ва (ёки) фоизини 180 кундан кўп муддат тўламай юрса, банк гаров ҳисобидан қарздорликни қоплайди.
Улашиш:
Бошқалар
1-синфга қабул бошланди: ота-оналар учун муҳим 10 савол ва жавоб
Болаларни 1-синфга қабул қилиш фақат онлайн амалга ошириладими?
Автомобилда газ баллонларидан фойдаланиш юзасидан тавсиялар
Автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда, унинг фойдаланиш муддати асосий мезонларидан бири ҳисобланади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси жиноят иши судга келган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилади.
Тиббиётда дунёвийлик – инсон саломатлиги учун муҳим
Тиббиёт одамларнинг умрини узайтириш, оғриқларини тўхтатиш учун ҳаракат қилади.