Бундан уч-тўрт йил аввал “дунё қизиб боради” деган башоратга бепарво қараганмиз. Бироқ прогноз қилинганидек, дунё қизигандан қизияпти. 2021 йили рекорд ҳарорат Италиянинг Сицилия оролида кузатилган (48.8 даража) бўлса, бу йилгиси ҳам ундан қолишмаяпти. Айниқса, мегаполис, гавжум шаҳарлардаги иссиқдан ўлим сони ошаётгани ёмон. Халқаро олимлар бунинг олдини олиш учун қатор чораларни тавсия этган. Улардан ҳудудларни яшиллаштириш, кўпроқ дарахт экиш, суғориш тизимини оптималлаштириш тавсияси олд ўринда.
Лекин Ўзбекистонда негадир бунинг тескариси қилинаётгандек: дарахт кесилиб, яшиллик йўқотиляпти, шаҳарлар чўл-биёбонга ўхшаб боряпти, суғориш тизимини ҳам маромида деб бўлмайди. Сўнгги тўрт-беш йил ичи шунчалик кўп дарахт кесилдики, энди ўн йил нари-бериси аввалги ҳолга қайтиш қийин масала. Солинаётган жарима, маъмурий жавобгарлик ҳам иш бермаётгандек. Вазият ўнгланмаса, ҳаммаси ўз ҳолича давом этаверса, оқибати нима бўлади? Боғбонликдан кўра нега жаллодликни – дарахткушликни танлаяпмиз?
Ғалати аксиома: биттаси кўкарса, ўнтаси кесилади
Европалик олимларнинг аниқлашича, шаҳарларнинг 30 фоизи дарахтзорга айлантирилса, юқори ҳарорат даражаси 0.4 C гача тушиши мумкин. Ҳарорат пасайишидан ташқари яшиллик аҳоли кайфиятига бевосита таъсир қилади. Тасаввур қилинг, тап-тақир, ўт-майсасиз жойда яшаб-ишлаш яхшими ёки кўм-кўк, серсоя дарахтга тўла маскан афзалми?
Оксфорд университети профессори, экотизимлар бўйича мутахассис Ядвинер Малҳининг айтишича, “Дунё аҳолисининг ярмидан кўпи шаҳар ва марказда яшашини ҳисобга олсак, дарахтлар гавжум шаҳарларни иқлим ўзгаришларига тоб беришга, атроф-муҳит яхшиланишига ёрдам беради. Тадқиқотларда исботини топган: дарахтларни шунчаки томоша қилиб, улар олдида тўйиб-тўйиб нафас олсангиз, соғлиғингизда қандай ўзгаришлар бўлишидан лол қоласиз. Аксиомани қарангки, бугун бой ўлкаларда дарахт кўп”. Чинданам, тескари қонуниятга ўхшайди: иқтисодиёти фаровон давлат тобора экологик тоза шаҳар концепциясига ёпишса, ўртаҳол давлатлар бор табиатини ҳам асраб-авайлай ололмаётгандек.
Олимларнинг ўрганишича, дарахтзор ёки ўрмонда вақт ўтказилса, кишидаги стресс камаяди, қон босими меъёрига тушади, кайфият кўтарилади. Турли эмоционал ҳолатлар: агрессия, тушкунлик йўқолади, чарчоқ, толиқиш ўрнини ишчанлик эгаллайди, диққатни жамлаш кучаяди. Қисқача айтганда, табиат одамдаги негативни позитивга алмаштириб беради.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти олимлари ҳам яшил ҳудуднинг инсон саломатлигига таъсирини ўрганиб, нега яшилликни сақлаб қолиш кераклиги ҳақида таклиф ва тавсияларини берган. “JAMA Network Open”да чоп этилган тадқиқот натижалари хиёбонлар, жамоат боғлари ва бошқа яшил майдонларга келувчиларнинг руҳий саломатлиги яхшиланишини тасдиқлаган. Ҳафтасига 3-4 марта яшил ҳудудларда сайр қилувчилар бир марта ёки ундан кам келувчиларга қараганда руҳий саломатлик дориларидан 33 фоиз, қон босими дориларидан 36 фоиз ва астма дориларидан 26 фоиз кам фойдаланиши аниқланган.
Экофаол, блогер Мўътабар Хушвақтова ҳам бу мавзуда доимий чиқишлар қилиб, яшил ҳудудларнинг камайишини фожиага тенглаштиради, акциялар ўтказиб, омма диққатини экомуаммоларга қаратади. “Ҳозир шаҳарда ҳаво ҳарорати келтирилаётган маълумотлардан анча юқори. Бир ҳисобдан яшил ҳудуд камлиги, ҳамма томонни асфальтлаштириш сабаб бунга, — дейди у. — Адашмасам, 33 фоизга қисқарган шундай ҳудудлар. Шаҳардаги ҳавони айнан дарахтзорлар, ўт-ўсимликлар мўътадиллаштириб туради”.
2022 йил октябрида Тошкент шаҳри ҳавонинг ифлослиги бўйича IQAir рейтингида биринчи ўринга чиққанди. Аввалига жамоатчилик хавотирини билдирди, мутахассислар кутилажак хавфлар ҳақида огоҳлантирди, аммо ҳаммаси яна ўз ҳолича қоляпти – дарахтлар кесиляпти, ортидан чанг-тўзон тўхтамай, экологик инқироз шиддати кучайяпти.
Ботаника боғи Дендрология лабораторияси катта илмий ходими Мирабдулла Турғунов ҳаво сифатининг ўзгариши ҳозирдан салбий таъсир қилаётганига диққат қаратади: “Охирги беш йил ичида нафақат Тошкент, республиканинг бошқа ҳудудларидаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари деярли ўн баравар кўпайди, дарахтлар сони ўн баравар камайди. Тескари пропорционал иш бошланди. Шунинг ҳисобига касалхоналарда беморлар сони ошди. Чақалоқлар нуқсон билан туғиляпти. Ҳаммаси чангнинг ҳисобига. Хато қарорларимиз кўп. Масалан, дарахтларни ёшартириш тўғри йўлга қўйилмаган, суғориш тизими ишдан чиққан. Энди эса Тошкент энг ифлос шаҳарлар рейтингидан тушмаяпти. Аввалги сердарахт, серсоя ўлкага айланиш учун камида ўн йил керак. Лекин ўртада бир авлод йўқотилади”.
Хавф жиддий, вазият оғирлашяпти, лекин бундан хулоса чиқаришга, чора кўришга негадир шошилмаяпмиз. Бепарвомиз.
Ўхшаш лойиҳа — тескари натижа
Дарахт экиш, атрофини чимзорга айлантиришда дунёга ўрнак қилиб кўрсатиладиган Сингапур бор. Жаҳондаги “энг яшил шаҳар” деб мақталган. 2021 йили ҳукумат махсус қарор чиқариб, “2030 йилгача бўлган яшил режа” бўйича миллионга яқин дарахт ўтқазиш, хиёбонлар сонини 50 фоизгача кўпайтиришни белгилаган. Агар ушбу улкан режа амалга ошса, Сингапурнинг яшил майдони яна минг гектарга кенгайиши мумкин экан. Бу бир паркдан исталган уйга етиб олиш учун 10 дақиқа табиат қўйнида пиёда юриш кифоя дейди мутахассислар.
Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш 2021 йили тасдиқланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бор ва муддати ҳам бир хил – 2030 йилгача. Бунда йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган. Агар лойиҳа тўла-тўкис бажарилса, “шаҳарларимиздаги яшил майдонлар ҳудуди ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга” етиши қайд этилган.
Аммо амалда-чи? Ўрмон хўжалиги агентлигига кўра, 2022 йили 76,4 миллион дона дарахт ва бошқа турдаги кўчатлар экилган. Ўрмонзор ва бутазорлар майдони эса 2030 йилга бориб 6,1 миллион гектар (15 %)га етказилиши, шамол эрозияси ҳамда қум босишига қарши 2030 йилгача 28,7 минг гектарда иҳота дарахтзорлари барпо этилиши таъкидланган.
Лойиҳага киритилган рақамлар кишини қувонтириши табиий. Биохилмахил шаҳарда табиатдан завқланиб яшаш умиди кимга ёқмайди (2030 йилга 7 йил қолди). Лекин реалликда бошқа манзара ҳукмрон. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги мутахассиси Хуршид Пировнинг маълум қилишича, 2023 йилнинг олти ойи мобайнида юртимизда 477 дона қимматбаҳо ва 836 дона кам қийматли дарахт кесилган. 2022 йили эса 1770 дона қимматбаҳо ва 4157 дона кам қийматли дарахтга қирон келтирилган. Тўғри, бундай қоидабузарликка тегишли чора кўрилган, аммо минг-минг дарахт йўқотилгач, тўланган товон пулидан наф кам.
Нега икки ўхшаш лойиҳанинг тақдири турлича экани ҳақида тадқиқотчи Мирабдулла Турғунов изоҳ берганди:
“— Нима учун Сингапурда натижа бераётган лойиҳа бизда олға юрмаяпти, деган савол ўринли. Йўқ, бизам тўхтаб қолмадик: ниҳоллар ўтқазяпмиз, кўкаламзорлаштиряпмиз. Лекин бемаслаҳат, ўз билганимизга қиляпмиз. Олиму мутахассислар билан камдан кам ҳолларда кенгашилади. Энг биринчи хато – яшил макон яратишда жой, вақт ва танланган кўчатлар турининг нотўғрилигида. Бу зарар. Тасаввур қилинг, сизнинг шахсий ҳудудингиз бор, кимдир келиб ўша ҳудудга суқилса, ўзингизни ноқулай ҳис қиласизми? Дарахт ҳам шундай. Ўсолмайди, бемалол томир отолмайди.
Икки ой аввал бир воқеа бўлди. Юртимиздаги бир йирик компанияга муайян ҳудудда яшил зона яратсин, деган топшириқ берилади. Шароити оғир, маҳаллий аҳолининг қурби етмайдиган жой танлансин, дейилади. Компания муайян ҳудудда 200 гектарлик боғ барпо этишга киришади. Биласизми, нимада хато қилишди? Улар маҳаллий шароитга мос келмайдиган, сувни кўп талаб этадиган павлонияни танлашди. Кўкармади. Серсув жойни ёқтирадиган дарахтни қақроқ ерга экишди-да, энди кўкартиролмасдан овора. Ўйлаб кўринг, бунга қанча маблағ, меҳнат, вақт кетган. 200 гектар ерда қақшаб ётган дарахтни тасаввур қилинг-а! Мен ақлдан озай дедим. Охирида айбдор ким – суғоришга масъул шахслар бўлиб чиқяпти. ‘Қарамагансан, вақтида сув қуймагансан!’ қабилидаги даккилар бериляпти. Ҳудуд учун мос дарахтларни танлаш ва уларни экиш муддатлари, кўчат ўтқазиш агротехникаси бўйича албатта мутахассислар билан маслаҳатлашиш лозим.
Иқлим омиллари, суғориш тизими, тупроқнинг холатига эътибор бериш керак. Сингапур ёки Жанубий Кореяда бундай эмас. Улар олимларни тинглашади, ҳар бир тавсиясини инобатга олишади. Беҳуда харажат қилганни жиноятчи, исрофгарга тенглаштиришади. Кимнидир кўзи, вақтинчалик рақамлар учун номига бажарилган иш самара бермайди.
Ижтимоий тармоқларда битта кўчатни ушлаб бир неча кишининг расмга тушаётгани, биров эккан дарахт ёнида ҳисобот учун селфи тушаётганларнинг ҳолати ҳам кулгили, ҳам ачинарли. Ҳисоботни эмас, боғ яратишни ният қилсак, Корея ва Сингапурдаги натижаларга биз ҳам эришамиз”.
Ботаника боғлари ўсимликларини ҳимоя қилиш халқаро кенгаши (Botanic Gardens Conservation International) бош котиби доктор Пол Смит дарахт ўтқазиш, ҳудудни кўкаламзорлаштиришнинг 10 олтин қоидасини тавсия этган. Тўғри, бу барча ҳудуд ва иқлимга мос тушади, дегани эмас, аммо ўн тавсия олимларнинг ўттиз йиллик изланишларидан кейин якдил қарорга келган хулосаси. Тавсияда қуйидагилар алоҳида таъкидланган:
- Бир ерни обод ва кўкатзорга айлантиришдан олдин мавжуд ўтлоқзор, ўрмонларни асранг;
- Дарахт экиш лойиҳаси марказига маҳаллий аҳолини қўйинг;
- Мақсадга эришиш учун биохилмахилликни тикланг;
- Тўғри жой, майдонни танланг;
- Имкон қадар, кўчат табиий равишда тутиб кетадиган жой бўлсин;
- Биохилмахилликни оширадиган дарахт турини тўғри танланг;
- Кўчатлар иқлим ўзгаришларига чидамли бўлсин;
- Ҳаммасини олдиндан режалаштиринг;
- Ишни бажараркансиз, ўрганишдан тўхтаманг;
- Натижасини олинг.
Ўзбек олимлари ҳам шундай тавсияларни ишлаб чиққан. Бир мамлакатга ёппасига бир хил дарахт ёки бута экиб бўлмаслиги, ҳар бир ҳудуд ва ундаги тупроқнинг севимли ўсимлиги бўлишини дендролог Мирабдулла Турғунов ҳамкасблари билан илмий асослаб берган: “Ўзбекистон иқлими учун қимматбаҳо дарахтлар келтириш, пул харжлаш шарт эмас. Ҳар битта ҳудуднинг ўзи ёқтирадиган дарахти, ўсимлиги бўлади. Иқлим шароитимизга 100 йиллар давомида мослашган дарахтлар бор. Илгари эколог, геолог ва меъмор ҳамкорликда ишлаган. Ҳозир бирор архитектор дендролог ёки экологга мурожаат қилганини эшитмаяпман”.
Жарима ечимми?
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, 2023 йилнинг 6 ойида Ўзбекистонда дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш билан боғлиқ жами 3,6 миллиард сўмлик 2 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланган. Қонунни бузганлик учун 7 та жиноят иши ва 2055 та маъмурий иш қўзғатилиб, 1,7 миллиард сўмлик зарар ундирилган. Лекин қўлланаётган жазо ёки жарима муаммога ечиммикан? Нега йиллик йўқотишлар сони камайиб ёки бутунлай йўқ бўлиб кетмаяпти?
Жарима қай даражада ечим экани ёки йўқлиги ҳақида мутахассисдан сўралганида, Мирабдулла Турғунов вазият мутлақо бошқачалиги, дарахтлар тақдири олдиндан ҳал этилишини айтди:
“— Бизни дарахт кесилгач, етказилган моддий зарарни аниқлаб беришга чақиришади одатда. Кейин суд жараёнида қатнашамиз. У ерда тадбиркор, биз, экология ва прокуратура ходими бўлади. Бевосита зарар етказган одам билан гаплашамиз. У эса ҳолатни изоҳлайди. Унга шу ерда уй қуриши учун тегишли ташкилот рухсат берган бўлиб чиқади. Ертўла қазиб, жойни очаман деганида ҳудуддаги дарахтлар лойиҳага халал бериши аниқланади. Кейин мутахассис, тегишли ташкилот раҳбарига учрайди. Агар дарахтларни олмасам, режам ўзгариб, уй кўчага чиқиб кетиши ёки лойиҳа ўзгариши мумкин, нима қилай деб жаримани ҳисоблатади.
Тадбиркор қанча жарима тўлашини аввалдан билади. Чунки лойиҳани ўзгартиролмайди-да. Режасини бошқатдан чизаман деса, жаримаданам кўп маблағ сарфлашига, кимларгадир узатиб эга чиққан жойидан қуруқ қолишига тўғри келади. Дарахт кесиб, 150-200 миллион тўлаш лойиҳани ўзгартириб, 500 миллион сарфлаб, яна камига сарсон бўлишдан арзонга тушади-да. Қийшиқ мих энг бошидан қийшиқ болға билан қоқилган бўлади”.
Айб кимда шунда: дарахтларни кесишга мажбур тадбиркор-қурувчидами ёки унга ерни ажратиб, лойиҳасини тасдиқлаб берган масъулда? Бу саволга вазиятга ичкаридан гувоҳ бўлаётган Мирабдулла Турғуновнинг жавоби шундай:
“— Мен бунда тадбиркорни ҳам, унинг табиатга етказган зарарини ҳам қоралай олмайман. Ҳамма айб – унга ерни энг бошидан дарахтларни ҳисобга олмай лойиҳалаб берган раҳбарда. Чунки тадбиркорнинг дарахтни кесишдан бошқа чораси қолмайди кўпинча. Унга ажратилган ерда қурилишни бошлаши учун юқоридан тасдиқланган лойиҳада дарахт бор-йўқлиги ҳечам ҳисобга олинмайди.
Иккинчи мисолни айтай. Тошкент вилоятига бордик. Тадбиркорнинг бўйнига 1 миллиард 650 миллион сўм жарима илинган. Ҳокимият дарахтлар кесилган ҳудудни тадбиркорга балиқчилик хўжалиги ташкил этиши учун ажратган. Тасаввур қиляпсизми, ҳовузнинг ичида дарахт ўсадими? Тадбиркор дарахтларни кесиш, кўчириш бўйича ҳужжат тайёрлаб, идорама идора югурганида, экология бошқармаси, тегишли ташкилотга бош суқиб, ҳалак бўлганида унга икки йилгача жавоб берилмайди. Кутади, чидайди, битмаган ҳовузи, етилмаган балиғи учун солиқ тўлайверади. Кейин туман прокуратураси суриштиришга ўтади: қани балиқ, қани даромадинг, нега ҳалиям бошламадинг ишни, деб. Босим кучаявергач, дарахтларни шартта кесадию, ҳовуз қуришга киришади. Кейин доимги сценарийга ўтилади: қонун бузилди, жарима тўласин, айбини тан олсин каби”.
Нима қилмоқ керак?
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари ҳам яқинда мамлакат бўйлаб яшиллик охирги 5 йилда кескин қисқариб, 37 фоизгача камайиб кетганини аниқлади. Келгуси йиллар бу сон ошиши ҳам мумкин.
Яшиллаштириш лойиҳаси Ўзбекистонда нега тескари ишлаётганига сабаблар кўп: янги турар жой қуриш, савдо маркази, автопарк, замонавий хиёбон ва яна бошқа иншоотлар қуриш “зарурати” яшил ҳудудларни қисқартиришга “мажбурлаяпти”. Биз “бир дарахтни кессанг, ўн ниҳол ўтқаз” мақолига риоя қилаётгандек кўринамизу, амалда натижа нолга тенглашиб қолаверади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилаётган дарахтлар бўйича мутахассис-экспертларнинг ҳақли эътирози бор.
“— Боя айтганимдек, ҳар бир ҳудуднинг ёқтирган ўсимлиги, дарахти бўлади. Айтайлик, Сурхондарёга мос келадиган ниҳол пойтахтда кўкармаслиги, томир отмаслиги мумкин, — дейди Мирабдулла Турғунов. — Ҳозир мендан чинор, эман, тол экиш керак, деган жавобни кутаётгандирсиз. Йўқ, ундай деёлмайман. Ҳар бир жой талаб қиладиган дарахт бор. Буни ҳамкасбларим билан ўрганиб, “Кўкаламзорлаштириш” деган монографияда келтирганмиз. Қандай ниҳолни танлашдан тортиб, уни экиш, парваришлаш, суғоришгача битталаб тушунтирилган. Лойиҳа натижа бериши мумкин, қачонки, кимнингдир манфаатини ўйлаб ҳудуд иқлими, шароит ва инжиқлигига мос келмайдиган дарахтни зўрлаб экиш тўхтатилсагина. Олим, экспертлар билан маслаҳатлашилса, ҳар тарафдан ютамиз. Вақт ва маблағни тежаймиз”.
Шундоғам кўкаламзор бўлиб ётган Сингапурда ҳозиргача 400 минг кўчат экилибди. 2030 йилгача уларнинг сони 1 миллионга етиши кўзланган. Энг қизиғи, экилаётган ниҳоллар қуриб-қовжираб қолмаган – томири тутиб кетган ва эски дарахтларнинг бирортаси кесилиб, нест-нобуд қилинмаган. Ўзбекистонда эса 2021—2030 йиллари оралиғида 200 миллион туп кўчат ўтқазиш режалаштирилган. Қоғозга қаралса, ҳаммаси силлиқ кетаётгандек: юрт дарахтзор, ям-яшил, соя-салқин хиёбонларга тўла, аммо реал манзарада бутун Ўзбекистон иссиқдан иситмалаяпти ва иссиғи йилдан йилга кўтарилаверади.
Чарос Низомиддинова