Аҳолига имтиёзлар
26.11.2026
56

Болаларни мактабга бир йил давомида тайёрлаш тизими кенгайтирилмоқда. Тайёрлов гуруҳлари нафақат давлат боғчаларида, балки мактабларнинг бўш синфхоналарида, шунингдек, заруратга қараб бошқа ижтимоий соҳа объектларида ҳам ташкил этилади. Таълим ва илм-фан вазирлиги янги тизим бўйича кўпчиликни қизиқтираётган саволларга жавоб берди.
Гуруҳлар давлат боғчалари ва мактабларнинг бўш хоналарида очилади. Узоқ ҳудудларда боғча ёки мактаб мавжуд бўлмаган тақдирда, «Келажак» марказлари, техникумлар ва бошқа ижтимоий соҳа объектларидан ҳам фойдаланиш мумкин.
Ҳозиргача 4 мингдан ортиқ мактабнинг бўш синфхоналарида тайёрлов гуруҳлари ташкил этилган. Яқин вақтда яна 191 та мактабда 246 та гуруҳ очилиши режалаштирилган. Бунда фақат тегишли шароит ва бўш жойи мавжуд таълим муассасалари танланади.
Боғчага қатнайдиган болалар мактабга тайёрлов машғулотларини ўз боғчасида ўтайди. Дарсларни уларнинг боғча тарбиячиси олиб боради. Мактаб биноларида очиладиган гуруҳлар учун эса алоҳида педагоглар ишга қабул қилинади. Бу жараёнда мактабнинг амалдаги ўқитувчилари ўз дарсларидан ажратилмайди. Машғулотларни олий маълумотли педагог-тарбиячилар ёки олийгоҳларнинг мактабгача таълим йўналишида таҳсил олаётган битирувчи курс талабалари олиб бориши мумкин.
Гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилишидан олдин бинолар санитария хизмати, ёнғин хавфсизлиги ва таълим бошқармаси вакиллари томонидан текширилади. Бунда хоналарнинг иситилиши, ёритилиши, сув таъминоти, ҳожатхона ва бошқа зарур хавфсизлик талабларига мувофиқлиги ўрганилади.
Давлат боғчалари ва мактабларида бир йиллик тайёрлов таълими бепул ташкил этилади. Хусусий таълим ташкилотларида эса, ота-оналар хизматдан шартнома асосида фойдаланиши мумкин.
Тайёрлов жараёнида болаларга махсус дастур асосида, асосан, ўйин методикаси орқали таълим берилади. Дастур жисмоний ривожланиш ва соғлом турмуш тарзи, нутқ ва мулоқот, ўқиш ва ёзишга тайёргарлик, билиш жараёнлари ҳамда ижодий ривожланиш йўналишларини қамраб олади. Боғчалардаги тўлиқ ва қисқа муддатли гуруҳлар, мобил гуруҳлар ҳамда мактаблардаги тайёрлов синфлари учун ягона таълим дастури қўлланади.
Вазирлик маълумотига кўра, ҳозирда 6 ёшли болаларнинг 98 фоизи, яъни 726 921 нафари мактабга тайёрлов билан қамраб олинган. Уларнинг 489 172 нафари боғчаларда, 19 910 нафари қисқа муддатли ва мобил гуруҳларда, 215 003 нафари мактабларнинг бўш синфхоналарида, 2 836 нафари эса бошқа шаклларда тайёрловдан ўтмоқда.
Қайд этилишича, сўнгги етти йилда мактабга тайёрлов қамрови 37 фоиздан 98 фоизга етказилган. Барча болаларни қамраб олиш учун яна тахминан 800 та гуруҳ ташкил этиш ва 20 мингга яқин қўшимча ўрин яратиш зарур. Бу мақсадлар учун керакли харажатларни 2027 йилги давлат бюджетига киритиш режалаштирилган.
Улашиш:
Бошқалар
Уйини сотган одам ҳам солиқ тўлайдими?
Бу норма фуқароларни узоқ муддатли мулкдорликка рағбатлантириш ва ортиқча солиқ юкини камайтириш мақсадида жорий этилган.
Вояга етмаганлар меҳнати: муҳим қоидалар
Кодекснинг 118-моддасига мувофиқ, умумий қоида бўйича ишга қабул қилишга 16 ёшдан йўл қўйилади.
“Менинг танам – менинг чегарам”: Фарзандингизни хавфдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва амалий қоидалари
Болага танасининг эгаси фақат унинг ўзи эканини уқтиринг.
Чорраҳа яқинида чизиқ босганлик учун ЙПХ баённома тузмайди
Хавфсизлик камарини тақмаслик ҳолатларини автоматлаштирилган камералар орқали қайд этишга рухсат берилди.