Life Style
24.11.2026
280

Ҳар бир ота-она фарзандининг хавфсиз ва бахтли улғайишини истайди. Бироқ замонавий дунёда болани фақат уйда олиб ўтириш ёки доимий назорат остида ушлаш билан ҳимоя қилиб бўлмайди. Энг ишончли қалқон – бу боланинг ўз шахсий чегараларини билиши, хавфни таниши ва катталарнинг ҳушёрлигидир.
Кўпинча жамиятда болаларга нисбатан содир этиладиган нохуш ҳолатлар ҳақида гапиришга истиҳола қилинади. “Ҳали кичкина, тушунмайди” ёки “қўрқиб қолмасин” деган қарашлар эса, афсуски, болани кутилмаган хавф олдида ҳимоясиз қолдиради. Аслида, шахсий дахлсизлик тарбиясини 3–6 ёшдан бошлаб, қўрқитмасдан, содда ва тушунарли қоидалар орқали сингдириш зарур.
“Уят бўлади” тушунчаси қандай қилиб болани ожиз қилади?
Психологлар ва ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, болаларга нисбатан содир этиладиган аксарият ноқонуний хатти-ҳаракатлар бегоналар эмас, балки болага маълум даражада таниш бўлган шахслар томонидан амалга оширилади. Бунда бизнинг кундалик тарбиямиздаги айрим одатлар ҳам беихтиёр салбий роль ўйнаши мумкин.
Масалан, меҳмондорчиликда бола нотаниш ёки узоқ қариндошнинг қучоқлашини хоҳламай тисарилса, ота-оналар кўпинча “Уят бўлади, бориб ўптириб қўй” деб мажбурлашади. Бу билан боланинг онгига хавфли тушунча сингдирилади: “Катта одам хоҳласа, менинг хоҳишим муҳим эмас, чидашим керак”. Натижада, бола келажакда ҳақиқий хавфга дуч келганида ҳам “ЙЎҚ!” дейишга журъат этолмайди.
Муҳим қоида: Болага танасининг эгаси фақат унинг ўзи эканини уқтиринг. Агар у кимнидир қучоқлашни ёки тиззасида ўтиришни истамаса, унинг бу қарорини ҳурмат қилинг ва атрофдагиларга ҳам буни тушунтиринг.
Ҳар бир бола билиши шарт бўлган 5 та олтин қоида
Ота-оналар фарзандлари билан ўйин ва суҳбат шаклида қуйидаги қоидаларни мунтазам такрорлаб туришлари лозим:
“Чўмилиш кийими” қоидаси: Болага ички кийим (чўмилиш кийими) ёпиб турадиган тана қисмлари мутлақо дахлсиз эканини тушунтиринг. У ерларга ҳеч ким тегиши, қараши ёки расмга олиши мумкин эмас(гигиена мақсадида ота-она ёки ота-она иштирокида шифокор кўриги бундан мустасно).
“Катталар бегона болалардан ёрдам сўрамайди”: Агар нотаниш киши кучукчасини топиш, юкини кўтариш ёки йўл кўрсатиш учун боладан ёрдам сўраса бу хавф белгиси. Катталар ёрдамни фақат бошқа катталардан сўрайди.
“Оилавий махфий парол”: Ота-она ва бола ўртасида ҳеч ким билмайдиган кулгили сўз (пароль) ўйлаб топинг. Агар кимдир “Ойинг мени юборди”десаю, паролни айтолмаса, бола у билан ҳеч қаерга кетмаслиги шарт.
“Яхши сир” ва “ёмон сир”: Кимдир болани қўрқитиб, ноқулай ҳаракат қилиб “Ота-онангга айтма” деса бу ёмон сир ва уни дарҳол ота-онага айтиш керак.
“Супер-овоз” ҳуқуқи: Хавфли вазиятда одоб сақлаш шарт эмас. Бола уялмасдан бор овози билан “йўқ! тегманг! бу менинг дадам/ойим эмас!” деб бақиришни билиши керак.
Ўзбекистонда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва шахсий дахлсизлиги энг олий даражада – давлат ҳимоясидадир.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конститутсиясига мувофиқ, ҳар бир инсон, жумладан, болалар ҳам шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлатнинг устувор мажбуриятидир. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларда боланинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз экани, уни ҳар қандай жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш механизмлари қатъий белгилаб қўйилган.
Миллий жиноят қонунчилигида эса вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик, уятсиз-бузуқ ҳаракатлар ва шахсий дахлсизликка тажовуз қилиш учун энг оғир ва муқаррар жазо чоралари назарда тутилган. Хусусан, бундай жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан ярашув институти қўлланилмайди, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки уни енгилроғи билан алмаштириш чекланади, шунингдек, уларга таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш ҳамда спорт муассасаларида ишлаш тақиқланади.
Қонунчиликка кўра, ота-оналар фарзандларининг хавфсизлигини таъминлашга мажбурдирлар. Шу билан бирга, ҳар бир фуқаро болага нисбатан зўравонлик ёки шубҳали хатти-ҳаракатга гувоҳ бўлганда бефарқ қолмаслиги, дарҳол ички ишлар органларига (102 қисқа рақами орқали) хабар бериши зарур.
Болаларни ҳимоя қилиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки ота-оналарнинггина эмас, балки бутун жамиятнинг умумий бурчидир. Савдо марказида йиғлаб, бегона одамдан тисарилаётган болани кўрганда кўзни олиб қочмаслик, уйда фарзандининг гапини “ҳозир бандман” деб бўлмаслик ва унинг шахсий чегараларини ҳурмат қилишкатта фожиаларнинг олдини олади.
Унутманг: бегона бола бўлмайди. Фарзандингизни бугун тингланг, унга «ЙЎҚ!» дейишни ўргатинг ва унинг хавфсиз келажагини биргаликда ҳимоя қилинг.
Иброҳим Тошев,
Адлия вазирлиги масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Уйини сотган одам ҳам солиқ тўлайдими?
Бу норма фуқароларни узоқ муддатли мулкдорликка рағбатлантириш ва ортиқча солиқ юкини камайтириш мақсадида жорий этилган.
Вояга етмаганлар меҳнати: муҳим қоидалар
Кодекснинг 118-моддасига мувофиқ, умумий қоида бўйича ишга қабул қилишга 16 ёшдан йўл қўйилади.
Ёлғон ахборот тарқатиш учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Текширилмаган ёки атайлаб бузиб кўрсатилган маълумотларни тарқатиш жавобгарлик белгиланган.
Рейс кечиктирилса қандай ҳуқуқларингиз бор?
Рейснинг кечиктирилиши йўловчилар учун турли ноқулайликларни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатлардан бири ҳисобланади.