currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларНодавлат ОТМлар лицензияси бекор қилинишига нима сабаб бўлади? Муҳим қоидалар

Нодавлат ОТМлар лицензияси бекор қилинишига нима сабаб бўлади? Муҳим қоидалар

Ҳуқуқ

calendar

24.11.2026

eye

64

Нодавлат ОТМлар лицензияси бекор қилинишига нима сабаб бўлади? Муҳим қоидалар

Олий таълим соҳасида хусусий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари сони ортиб бораётгани таълим хизматлари бозорида рақобатни кучайтирмоқда. Бироқ олий таълим муассасасини ташкил этиш ва унинг фаолиятини юритиш фақат лицензия олиш билан чекланмайди. Бундай ташкилотлар таълим сифати, ўқув жараёнини ташкил этиш, талабаларни қабул қилиш ва давлат томонидан белгиланган талабларга доимий равишда риоя қилиши шарт.

Президентнинг 2025 йил 5 майдаги ПФ-76-сон «Таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида нодавлат олий таълим ташкилотлари фаолиятига доир муҳим талаблар, таълим сифатини назорат қилиш механизмлари ҳамда лицензияни бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар белгиланган.

Хўш, нодавлат ОТМлар қандай талабларга амал қилиши керак? Қайси қоидабузарликлар лицензиядан маҳрум бўлишга сабаб бўлади?

 

Таълим сифати устидан назорат кучайтирилмоқда

Мазкур Фармонга мувофиқ, таълим сифатини таъминлаш соҳасида ташқи назоратни амалга ошириш вазифаси Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигига юклатилган. Агентлик олий таълим ташкилотларини комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказади, уларнинг фаолиятини ўрганади ҳамда таълим хизматлари сифатига баҳо беради.

Комплекс давлат аккредитацияси ҳар беш йилда таълим ташкилотларини ташқи баҳолаш натижалари асосида ўтказилади. Махсус давлат аккредитацияси эса янги таълим дастурлари бўйича ўқув жараёни бошланишидан олдин амалга оширилади.

Бу талаблар нодавлат ОТМлар учун ҳам бирдек амал қилади. Яъни муассаса фаолиятини фақат лицензия мавжудлиги билан асослаб, таълим сифатини таъминлаш ва аккредитация талабларини бажаришдан четда қолиши мумкин эмас.

 

Комплекс аккредитациядан ўтмаслик  лицензия учун хавф туғдиради

Нодавлат ОТМлар учун яна бир муҳим талаб — комплекс давлат аккредитациясидан муваффақиятли ўтишдир.

Фармоннинг 5-бандига мувофиқ, таълим ташкилотининг комплекс давлат аккредитациясидан ўтмаганлиги ёки аккредитация жараёнида аниқланган камчиликларни белгиланган муддатларда бартараф этмаганлиги лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади.

Бундай ҳолатда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги лицензияни бекор қилиш масаласини ҳал этиш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдимнома киритади.

Шу ўринда бир муҳим фарққа эътибор қаратиш лозим: ҳар қандай аниқланган камчилик дарҳол лицензиянинг бекор қилинишига олиб келмайди. Аввало, камчиликларни бартараф этиш учун белгиланган муддат берилиши мумкин. Бироқ таълим ташкилоти ушбу талабларни бажармаса ёки комплекс аккредитациядан ўта олмаса, лицензиядан маҳрум бўлиш хавфи юзага келади.

Шунингдек, комплекс аккредитация натижасида муайян таълим дастурида жиддий камчиликлар аниқланиб, улар белгиланган муддатда бартараф этилмаса, айнан шу дастур бўйича ўқув фаолиятини давом эттириш ва янги талабаларни қабул қилишга йўл қўйилмайди. Бу бутун университет лицензияси бекор қилиниши билан бир хил эмас.

 

Талабаларни қабул қилиш квоталарига қатъий риоя этиш лозим

Фармоннинг 7-бандида таълим шакллари бўйича талабаларни қабул қилишга доир чекловлар ҳам белгиланган.

Хусусан, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотларида сиртқи таълим шаклига қабул тугатилган. Кундузги таълимдан бошқа муқобил таълим шакллари бўйича қабул квоталари босқичма-босқич ошириб борилиши белгиланган.

Шу билан бирга, муқобил таълим шакллари бўйича умумий қабул квотаси кундузги таълим шаклидаги қабул натижасининг 50 фоизидан ошмаслиги керак.

Масалан, университетнинг кундузги таълим шаклига 1 000 нафар талаба қабул қилинган бўлса, муқобил таълим шакллари бўйича қабулнинг умумий миқдори 500 нафардан ошмаслиги лозим.

Белгиланган меъёрдан ортиқча талабаларни муқобил таълим шаклларига қабул қилиш лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш деб баҳоланади ҳамда лицензияни бекор қилиш учун асос ҳисобланади.

 

ОТМлар нималарга алоҳида эътибор қаратиши керак?

Юқоридаги нормалардан келиб чиқиб, нодавлат олий таълим ташкилотлари ўз фаолиятини мунтазам равишда таҳлил қилиб бориши зарур. Хусусан, лицензияда назарда тутилган талабларга риоя этиш, таълим дастурларини белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказиш, комплекс давлат аккредитациясига тайёргарлик кўриш, аниқланган камчиликларни белгиланган муддатларда бартараф этиш ва қабул квоталарини ошириб юбормаслик муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, таълим жараёнини ташкил этиш, ички таълим сифати назоратини йўлга қўйиш, талабаларга сифатли таълим хизматларини кўрсатиш ва давлат органларининг қонуний талабларини бажариш ҳам ОТМнинг доимий вазифаси бўлиши лозим.

Энг муҳими, таълим ташкилоти лицензия олганидан кейин ҳам давлат томонидан белгиланган талабларга доимий равишда жавоб бериши шарт. Акс ҳолда, қоидабузарликнинг хусусияти ва оқибатларига қараб, муайян таълим дастури бўйича қабул тўхтатилиши ёки бутун ОТМ лицензиясининг бекор қилинишигача бўлган ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқиши мумкин.

Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими

Улашиш: