Суд очерклари
20.11.2025
470

Нотариал идораларга мурожаат қилаётган фуқаролар турли ҳолатларда келиши мумкин. Баъзан спиртли ичимлик истеъмол қилган ёки руҳий-эмоционал ҳолати барқарор бўлмаган шахслар ҳам нотариус хизмати учун мурожаат қилади. Бундай вазиятларда кўплаб савол туғилади: нотариус маст ҳолатдаги фуқаро билан нотариал ҳаракатни амалга оширишдан бош тортиши ёки уни кечиктириши мумкинми?
Ушбу саволга жавобни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2019 йил 4 январдаги 2-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги йўриқнома асосида кўриб чиқамиз.
Йўриқномага кўра, нотариус ҳар бир фуқаро билан шахсий суҳбат ўтказади ва айнан шу мулоқот жараёнида унинг муомала лаёқати, яъни ўз хатти-ҳаракатларининг мазмунини тушуниш ва бошқариш қобилиятини аниқлайди.
Демак, фуқаронинг спиртли ичимлик истеъмол қилган ёки қилмаганлиги эмас, балки хатти-ҳаракатларини идрок эта олиши асосий мезон ҳисобланади.
Шубҳа туғилганда — нотариал ҳаракат кечиктирилади.
Агар нотариусда қуйидаги ҳолатлар бўйича шубҳа туғилса:
— фуқаронинг руҳий ҳолати бузилгандек кўринса;
— ақлий салоҳияти пасайгандай таъсурот уйғотса;
— спиртли ичимлик ёки гиёҳванд моддалар таъсирида ўзини тутиши шубҳали бўлса;
— бу ҳолатлар оқибатида у ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиши мумкинлиги эҳтимоли мавжуд бўлса, лекин шу билан бирга фуқарони муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлиги ҳақида расмий маълумот бўлмаса, унда нотариус нотариал ҳаракатни кечиктиришга ҳақли.
Бу вақт давомида у тегишли электрон тизим орқали ушбу шахсга нисбатан суднинг қарори мавжуд ёки мавжуд эмаслигини текширади.
Рад этиш эмас — аввало текшириш зарур.
Муҳими шундаки, тартибга кўра, нотариус мурожаатчини дарҳол рад қилмайди.
Аввало қуйидагилар амалга оширилади:
— нотариал ҳаракат вақтинча кечиктирилади;
— шахснинг муомала лаёқатига оид суд қарори текширилади.
Агар бундай қарор мавжуд бўлса — нотариал ҳаракат амалга оширилмайди.
Агар суд қарори мавжуд бўлмаса, лекин фуқаро ўз хатти-ҳаракатларини тушуна олмаслиги аниқ бўлса, нотариус рад этиш масаласини кўриб чиқади.
Спиртли ичимлик истеъмол қилган фуқаро нотариал идорага мурожаат қилса, нотариуснинг асосий вазифаси, унинг муомала лаёқатини аниқлашдир. Мастликнинг ўзи нотариал хизматни дарҳол рад этиш учун сабаб бўлмайди. Аммо фуқаронинг ўз хатти-ҳаракатларини тўғри англай олмаслиги ҳақидаги асосли шубҳа нотариусга нотариал ҳаракатни кечиктириш ҳуқуқини беради.
Аҳмад Одилов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Миси чиққан уста
Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса.
Қандай ҳаракатлар суд ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади? 5 муҳим факт
Айрим тоифадаги ижро ҳужжатларини Мажбурий ижро бюросига тақдим этилгунига қадар уларнинг ижросини таъминламаслик маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Кучли иссиқда меҳнат қоидалари қандай?
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, кучли иссиқ шароитида меҳнат қилаётган айрим тоифадаги ходимларга иш куни давомида қўшимча танаффуслар берилиши мумкин. Шунингдек, иш берувчилар дам олиш учун қулай шароит яратиши ва зарур ҳолларда ходимларни масофавий ишга ўтказиши мумкин.