currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларОлий ўқув юртларига ўқишга киришда қандай янги тартиблар жорий этилди

Олий ўқув юртларига ўқишга киришда қандай янги тартиблар жорий этилди

Ҳуқуқ

calendar

12.07.2024

eye

1 084

Олий ўқув юртларига ўқишга киришда қандай янги тартиблар жорий этилди

Янги ўқув йилидан олий таълим муассасаларига қабул жараёни «аввал тест, сўнг танлов» тамойили асосида ўтказилади.

Янги тартибга кўра, абитуриентлар тестни бир маротаба топширади ва тўплаган бали билан дастлаб ОТМга, бали етмаган тақдирда профессионал таълим ташкилотига кириш учун танловда иштирок этади. ОТМга қабул жараёни икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқич рўйхатдан ўтиш ва тест фанларини танлаш бўлса, иккинчиси тест натижаси эълон қилингандан сўнг таълим йўналиши ва шаклини танлашдан иборат.

Олдинлари квоталар ОТМлар кесимида шаклланган бўлса, бу йилдан бошлаб таълим йўналишлари кесимида эълон қилинади.

Ўқишга кириш учун минимал ўтиш бали икки босқичда белгиланди.

Амалда ўқишга кириш учун минимал ўтиш бали барча йўналишлар учун 56,7 балл эди. Келаси ўқув йилдан бу балл икки босқичда оширилади. Соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ, бизнес ва бошқарув йўналишлари учун ўқишга кириш 94,5 балдан, бошқа йўналишлар учун 75,6 балдан бошланади.

Магистратура ва докторантурага қабул жараёнида хорижий тилни билиш тўғрисидаги сертификат талаби енгиллаштирилди. Хусусан, эндиликда таълим дастурини хорижий тилда якунлаган талабалар учун сертификат талаби бекор қилинади.

Соҳа хусусиятидан келиб чиқиб маданият, санъат, спорт, таълим, соғлиқни сақлаш, ишлаб чиқариш, муҳандислик иши, қишлоқ хўжалиги, ветеринария, архитектура ва қурилиш, физика ва табиий фанлар, транспорт хизматлари йўналишлари бўйича сертификат талаби бир поғона — Б1 даражасига туширилади.

Сертификат талаби хорижий тиллар йўналишларида C1 даражада, аниқ фанлар, биология, математика, ҳуқуқ, журналистика, ахборот-коммуникация технологиялари ва иқтисодиёт йўналишларида Б2 даражада сақланади.

Жорий ўқув йилидан давлат гранти талабалар учун таълим гранти ва ижтимоий-рағбатлантирувчи грант шаклида ажратилади. Ижтимоий-рағбатлантирувчи грант мақсадли қабул ва имтиёз асосида қабул қилинган талабаларга бутун ўқиш даври учун берилади.

Таълим гранти эса эндиликда ҳар йили қайтадан тақсимланади. Яъни эндиликда грантга кирган талаба яхши ўқимаса, кейинги йил контрактга тушиши мумкин. Ёки аксинча, контрактга кирган талаба яхши ўқиса, кейинги йили грантга ўтиши мумкин.

Маълум қилинишича, грантни қайта тақсимлаш бўйича тартиб ўқишга янги қабул қилинадиган талабаларга тааллуқли бўлади. Яъни айни пайтда грантда ўқиётган талабаларга ўқишини тамомлагунча бу қоида татбиқ этилмайди.

Шунингдек, янги тартибга кўра, таълим гранти асосида таҳсил олган талабаларнинг ўқишни тугатгандан сўнг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинади.

Улашиш: