currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларОзиқ-овқат маҳсулотлари сифатини ким назорат қилади? Янги қўмита қандай вазифаларни бажаради?

Озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини ким назорат қилади? Янги қўмита қандай вазифаларни бажаради?

Ҳуқуқ

calendar

20.11.2026

eye

49

Озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини ким назорат қилади? Янги қўмита қандай вазифаларни бажаради?

Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги ҳар бир инсон саломатлиги, жамоат саломатлигини муҳофаза қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш билан бевосита боғлиқ. Дўкон ёки бозордан харид қилинган маҳсулотнинг сифати, яроқлилик муддати, сақлаш шароити ва таркиби белгиланган талабларга жавоб бериши лозим.

Ўзбекистонда мазкур соҳада давлат бошқарувини такомиллаштириш мақсадида 2026 йил 12 майда Президентнинг ПФ-84-сон «Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида ягона давлат бошқаруви ва назорат тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда ПҚ-178-сон қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар билан Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитасини ташкил этиш, унинг ваколатларини белгилаш ва соҳада ягона назорат тизимини шакллантириш назарда тутилди. Ҳужжатлар 2026 йил 21 майдан кучга кирган.

Мазкур ислоҳотларнинг асосий мақсади — озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан тортиб, истеъмолчи дастурхонига етиб боргунига қадар бўлган жараёнда хавфсизликни таъминлаш, назоратдаги такрорланишларни бартараф этиш ва масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиришдан иборат.

 

Озиқ-овқат хавфсизлиги учун ким масъул?

Ислоҳотларнинг муҳим жиҳати шундаки, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, ветеринария ва фитосанитария соҳаларидаги давлат бошқаруви ягона тизимга бирлаштирилди. Янги ташкил этилган Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси мазкур йўналишларда давлат бошқаруви ва назоратини амалга оширувчи ваколатли орган этиб белгиланди.

Бунда аввалги тизимдаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг озиқ-овқат хавфсизлигига тааллуқли айрим вазифалари қайта тақсимланди. Шу тариқа бир-бирини такрорловчи ваколатларни бартараф этиш ва назоратнинг яхлитлигини таъминлаш кўзда тутилди.

Янги қўмита фаолияти фақат бозор ёки дўконлардаги маҳсулотларни текшириш билан чекланмайди. Унинг вазифалари озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш, импорт қилиш ва реализация қилиш жараёнларида хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлашга қаратилган.

Қўмитанинг асосий вазифалари қаторига озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, миллий талаб ва стандартларни халқаро меъёрларга мувофиқлаштириш, озиқ-овқат бизнеси операторларини рўйхатга олиш, белгиланган тартибда лицензиялаш ва рухсат бериш жараёнларини амалга ошириш киради.

Шунингдек, маҳсулотда хавфли омиллар аниқланган тақдирда, хавфни баҳолаш асосида унинг савдоси ёки импортини вақтинча чеклаш, хавфли маҳсулотларни муомаладан қайтариб олиш чораларини кўриш ҳам қўмита ваколатларига киради.

 

Озиқ-овқат хавфсизлиги қандай таъминланади?

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги асосий ёндашув — «даладан дастурхонгача» тамойилидир. Бу тамойилга кўра, маҳсулот фақат истеъмолчига сотилаётган пайтда эмас, балки уни етиштириш ёки ишлаб чиқаришдан бошлаб, қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш, ташиш ва сотишгача бўлган барча босқичларда назорат қилиниши керак.

Масалан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда пестицидлар ва бошқа кимёвий воситалардан белгиланган меъёрлар асосида фойдаланиш, чорвачиликда ҳайвонлар саломатлигини назорат қилиш, гўшт ва сут маҳсулотларини ветеринария-санитария талабларига мувофиқ ишлаб чиқариш муҳим ҳисобланади. Тайёр маҳсулотларни сақлаш ва ташишда эса ҳарорат, намлик, санитария-гигиена талаблари ва яроқлилик муддатига риоя қилиниши зарур.

Фармонда озиқ-овқат бизнеси операторлари фаолиятига HACCP — хавф-хатарлар таҳлили ва критик назорат нуқталари тизимини кенг жорий этиш белгиланган. Бу тизим ишлаб чиқариш жараёнида инсон саломатлиги учун хавф туғдириши мумкин бўлган омилларни олдиндан аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва назорат қилишга қаратилган.

Масалан, сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонада хомашёни қабул қилиш, пастеризация, қадоқлаш ва сақлаш жараёнларида хавфли нуқталар аниқланади. Ҳар бир босқичда белгиланган талабларга риоя этилиши таъминланади. Натижада маҳсулот тайёр бўлганидан кейин муаммони аниқлашдан кўра, унинг юзага келишининг олдини олиш имконияти ошади.

 

Сифат назорати қандай амалга оширилади?

Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини назорат қилиш бир нечта йўналишда амалга оширилади. Бунда давлат назорати, лаборатория текширувлари ва ишлаб чиқарувчи ҳамда сотувчининг ички назорати бир-бирини тўлдиради.

Давлат назорати доирасида масъул инспекторлар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш шароитларини, санитария-гигиена талабларига риоя этилишини, маҳсулотларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганади. Зарур ҳолларда маҳсулот намуналари олиниб, лаборатория текширувларига юборилади.

Назоратнинг яна бир муҳим йўналиши — хавфга асосланган ёндашув. Яъни барча корхоналар ва маҳсулотларни бир хил даражада текшириш ўрнига, инсон саломатлигига хавф туғдириш эҳтимоли юқори бўлган маҳсулотлар ва ишлаб чиқариш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилади.

 

Сифатсиз озиқ-овқат маҳсулоти аниқланса, кимга мурожаат қилиш керак?

 

Аввало, маҳсулот харид қилинган савдо шохобчасига мурожаат қилиб, уни сотувчига қайтариш ёки қонунчиликда белгиланган талаблар асосида алмаштириш масаласини ҳал қилиш мумкин. Агар сотувчи истеъмолчининг қонуний талабини бажармаса ёки маҳсулот бошқа харидорлар саломатлигига ҳам хавф туғдириши мумкин бўлса, ваколатли давлат органларига шикоят қилиш зарур.

Бунда мурожаат қилиш мумкин бўлган асосий идоралар қуйидагилар:

Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари — озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, ветеринария ва фитосанитария талаблари бузилиши, хавфли маҳсулотларни аниқлаш ҳамда муомаладан чиқариш билан боғлиқ масалалар бўйича.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси — истеъмолчига сифатсиз маҳсулот сотилиши, товар ҳақида нотўғри маълумот берилиши, сотувчининг маҳсулотни қайтариш ёки алмаштиришдан бош тортиши каби ҳолатлар бўйича.

Агар маҳсулотни истеъмол қилиш натижасида инсоннинг соғлиғи ёмонлашса, биринчи навбатда тиббий ёрдамга мурожаат қилиш, заҳарланиш эҳтимоли бўлса, бу ҳақда санитария-эпидемиология органларини хабардор қилиш лозим.

Шикоятда маҳсулотнинг номи, ишлаб чиқарувчиси, харид қилинган жойи ва санаси, яроқлилик муддати ҳамда аниқланган нуқсонлар ҳақида маълумот бериш мақсадга мувофиқ. Имкон бўлса, касса чеки, қадоқ, маҳсулотнинг фотосуратлари ва бошқа далилларни ҳам илова қилиш керак. Бу ҳолатни ўрганиш ва маҳсулотни лаборатория текширувидан ўтказиш учун асос бўлиши мумкин.

 

Хулоса

Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги фақат давлат органларининг назорати билан таъминланадиган соҳа эмас. Бу жараёнда ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи, сотувчи ва истеъмолчининг ҳам масъулияти мавжуд. Ишлаб чиқарувчи хавфсиз маҳсулот тайёрлаши, сотувчи уни белгиланган шароитларда сақлаши ва реализация қилиши, истеъмолчи эса маҳсулотни харид қилишда унинг сифати, таркиби ва яроқлилик муддатига эътибор қаратиши керак.

Янги тизимнинг самарадорлиги назорат идораларининг фақат қоидабузарликларни аниқлаши билан эмас, балки хавфларни олдиндан бартараф этиши, истеъмолчилар мурожаатларига тезкор муносабат билдириши ва хавфли маҳсулотларни бозордан ўз вақтида чиқариб ташлаши билан ҳам белгиланади.

Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими

Улашиш: