currencies image

12 707,95 UZS

57,69

usd

currencies image

14 099,47 UZS

115,87

eur

currencies image

140,95 UZS

1,01

ru



АсосийЯнгиликлар«Пиёдага қарши машина». Тезликни оширганлик учун жавобгарлик автоҳалокатларни қай даражада олдини ололмоқда – таҳлил

«Пиёдага қарши машина». Тезликни оширганлик учун жавобгарлик автоҳалокатларни қай даражада олдини ололмоқда – таҳлил

Ҳуқуқ

calendar

12.07.2024

eye

1 589

«Пиёдага қарши машина». Тезликни оширганлик учун жавобгарлик автоҳалокатларни қай даражада олдини ололмоқда – таҳлил

Сўнгги беш кун ичида Навоийда ўзаро пойгалашган ҳайдовчилар аҳоли яшаш ҳудудида 142 км/соат тезликда 9 ёшли қизни босиб кетди, Андижонда 10 ёшли қизни машина уриб юборди. Ҳар икки ҳолат ҳам пиёдалар ўтиш жойида бўлган. Ангренда машинани 157 км/соат тезликда бошқарган ҳайдовчи эса йўлларда болалар кўп ўлаётгани ҳақидаги эътирозларга «болачаларнинг тақдири онасининг қорнида ёзилиб бўлган», дея жавоб берди.

Тезликни оширганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган? Бошқа давлатларда қандай? Ушбу жавобгарлик автоҳалокатларнинг қай даражада олдини ололмоқда? Тизимни яхшилаш учун нималар қилиш керак? Hudud24.uz сайти колумнисти Муроджон Нажмиддинов мақолада шу хусусида сўз юритади.

Автоҳалокатлар ўлим сабаблари орасида касалликлардан кейинги биринчи ўринда туради

ЖССТга кўра, Ўзбекистонда ўлим сабаби бўйича автоҳалокатлар

8 ўринда. Бундан олдин фақат касалликлар. ЖСТга кўра, эса ҳар 100 минг кишидан 12 таси автоҳалокатдан ўлади. Бу шуни англатадики, кишининг қотиллик, дўппослаш, қуролли ҳужум, умуман, баданга ҳар қандай кўринишдаги шикаст етказилиш орқасидан ўлишидан кўра машина остида қолиб вафот этиш эҳтимоллиги жуда юқори.

Ўзбекистонда ҳар йили 2-2,5 минг киши йўлларда автоҳалокат қурбони бўлмоқда. Хусусан, республикада 2020 йилда 1962 нафар, 2021 йилда 2426 нафар ҳамда 2022 йилда 2356 нафар одам авария оқибатида ҳалок бўлган. 2023 йилга келиб қурбонлар сони бироз камайиб 2282 нафарни ташкил қилган бўлсада, ҳануз юқорилигича қолмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, 2024 йилнинг дастлабки 5 ойида 359 нафар ўқувчи билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган ва 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлган. Бу рақамлар, афсуски, кун сайин ортиб бормоқда.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг 57 фоизи йўл инфратузилмасидаги камчиликлар ҳамда 43 фоизи ҳайдовчи томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида содир этилган.

Республикада содир этилаётган авариялар таҳлилида пиёдаларни уриб кетиш ҳолати ҳам «етакчи» ўринда туради. Буларнинг аксариятига бошқарувни йўқотиш, светофорнинг тақиқловчи чироғида ҳаракатланиш ҳамда пиёдалар ўтиш жойида йўл бермаслик, ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ёки маст ҳолатда машина бошқариш каби қоидабузарликлар сабаб бўлган.

Хўш, нега жавобгарлик белгиланган бўлсада, ҳануз йўлларда одамлар қони қуримаяпти?

Тезликни оширганлик учун жавобгарлик етарли даражада эмас

Тезликни ошириш миллий қонунчиликда маъмурий ҳамда келиб чиққан оқибатга қараб жиноий жавобгарликка ҳам сабаб бўлиши мумкин. Буни қуйидаги мисоллар ёрдамида кўриб чиқамиз.

1-ҳолат. Ҳайдовчи аҳоли яшаш ҳудудида 100 км/соат тезликда ҳаракатланди ва ҳеч қандай автоҳалокат содир бўлмади.

Қонунчиликка асосан аҳоли яшаш жойларида максимал ҳаракатланиш тезлиги 60 км/соат. Демак, ҳайдовчи рухсат этилгандан 40 км/соат юқори тезликда ҳаракатланган. Бунинг учун МЖТКнинг 1283-моддасига кўра, БМҲнинг 5 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Агарда 15 кун ичида тўланган жарима учун 50 фоизли чегирма ҳисобга олсак, жарима суммаси 2 бараварга камаяди. Шундан келиб чиқадики, пиёда ҳаётини таваккал қилишнинг баҳоси – 850 минг сўм.

2-ҳолат. Ҳайдовчи аҳоли яшаш ҳудудида 100 км/соат тезликда ҳаракатланди ва пиёдага енгил жароҳат етди.

Бу ҳолатда ҳайдовчига МЖТКнинг 133-моддасига асосан энг кўпи билан БМҲнинг 7 баравари (чегирма билан 3,5 баравари) ёки уч йилгача «права»сини олиб қўйишга сабаб бўлади.

3-ҳолат. Ҳайдовчи аҳоли яшаш ҳудудида 100 км/соат тезликда ҳаракатланди ва пиёдага ўртача оғир ёки оғир жароҳат етди.

Пиёдага етган жароҳат даражаси юқорилиги сабабли бу ҳолат жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Хусусан, Жиноят кодексининг 266-моддасига асосан энг кўпи билан БМҲнинг 50 бараваригача жарима (17 млн сўм) ёки

3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

4-ҳолат. Ҳайдовчи аҳоли яшаш ҳудудида 100 км/соат тезликда ҳаракатланди ва пиёдани ўлдириб қўйди.

Бу вазиятда ҳуқуқбузар ҳайдовчи максимал муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Бу энг кўп муддат, ҳамма ҳайдовчига ҳам бу муддат қўлланавермайди.

Шунга қарамай, қатор ҳолатлар жазодан кўзланган мақсадларга эришиш имконини бермайди. Масалан, қуйидагилар:

Биринчиданжарима миқдори кам.

Юқорида кўриб чиқилгандек, тезликни оширганлик ва бошқа турдаги йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жазо ҳажми қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасига мос эмас. Аҳоли яшаш ҳудудида 100 км/соат тезликда ҳаракатланган ва бошқаларни ўлим хавфи остида қолдирган ҳайдовчи атиги 850 минг сўм билан қутулиб кетади.

Жазонинг мақсади ҳуқуқбузарни тарбиялаш экан, бундай мақсадга чўнтак пулию, чегирмалар билан эришиб бўлмайди. Жазонинг енгиллиги ҳуқуқбузарга қилган ишига нисбатан пушаймон туйғусини ҳис қилишга олиб келмайди, аксинча, кейинги сафарга қонунларни ҳурмат қилишга бўлган ички хоҳишни камайтиради.

Яна шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, ижтимоий тармоқларда тўланган жарималар миқдори билан мақтаниш одат тусига кириб бормоқда. Такрор ва такрор қўлланилган жазолар ҳам уларни янги қоидабузарликлардан тўхтатиб қола олмаяпти. Бунга бир сабаб жазонинг камлиги бўлса, иккинчиси, аксарият ҳуқуқбузарлик учун фақат жарима жазо белгиланганлиги ҳисобланади. Яъни пули бор одам неча маротаба қоида бузса ҳам (кунига 10 маротаба бўладими ёки 100) чегирмалар билан жаримани тўлаш орқали вазиятдан осонгина чиқиб кетмоқда.

Иккинчиданмаъмурий жарималар учун чегирма қилмиш учун жазонинг мутаносиблиги принципига зид.

Айтайлик, бирор қилмиш учун унинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасидан келиб чиқиб, 10 млн сўм жарима белгиланди. Яъни шу сумма қилмиш жамият ва инсонларга етказадиган зарар учун мос миқдор. Энди бир ўйлаб кўрайлик, агар қонунбузар жаримани 15 кун ичида тўласа, у содир этган қилмишнинг ижтимоий хавфи камайиб қоладими?

Таъкидлаш керакки, чегирмалар суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иш юкламасини камайтириш, қолаверса, қонунбузарни жаримани эртага тўлашга қизиқтиришга қаратилган маркетинг юриши бўлиб, ҳуқуқбузарни бу қилмишни қайта содир этишга бўлган рағбатига таъсирини инобатга олмайди. Муҳими, тезроқ жаримани ундириш ва ҳуқуқбузарни қарор устидан шикоят қилмасликка ундаш (шикоят қилса, чегирма берилмайди). Шунга қарамай, «чегирма» тизими ундирув кўрсаткичини сезиларли даражада яхшилайди.

Тизимдан яна ҳам самарали фойдаланиш, шу билан бирга, жазонинг қилмиш ижтимоий хавфлилик даражасида номутаносиб даражада камайиб кетишини олдини олиш учун муновазат нуқтасини топиш керак.

Учинчиданкамералар кам, антирадарлар тартибга солинмаган.

Хусусан, ҳайдовчи радар-детектор ва антирадар орқали радар ўрнатилган жойни аниқлаши ва радар йўқ ерда исталганча тезликни ошириши мумкин. Радар-детектор кўрсатган нуқтада тезликни пасайтирса бўлгани, қолган жойлар у учун «яшил».

Радар-детектор – бу керакли частоталарга мослашган пассив радиоприёмник бўлиб, у радар сигналларини аниқлаб, автомобилнинг ҳаракат тезлигини ўлчовчи қурилмаларнинг борлиги ҳақида ҳайдовчига сигнал беради. Антирадар эса актив радиaсия генератори бўлиб, радарга таъсир кўрсатиб, унинг фаолиятини бузади. Ушбу икки атама бир-бирининг ўрнида тез-тез ишлатилсада, улар ўртасида катта фарқ бўлиб, радар-детектор фақатгина радар сигналларини аниқлайди ва бу тўғрисида огоҳлантириш беради, антирадар эса радарни техник жиҳатдан таъсир кўрсатади ва уни бузади.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, кўплаб хорижий давлатларда радар-детектор ва антирадардан фойдаланиш тартибга солинган бўлсада миллий қонунчиликда бу масала аниқ ва қатъий тартибга солинмаган.

Бундан ташқари, йўлларда камера ва радар етарли даражада эмас.

Тўртинчиданҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими ҳануз жорий этилмади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги

ПҚ–190-сон қарорининг 2-бандида йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш ҳамда уларни такроран бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 2022 йил 1 декабрдан бошлаб ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизимини жорий этиш белгиланган эди. Бунда 12 ой давомида 12 жарима баллини йиғган ҳайдовчи маълум муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши керак эди.

Бироқ, ушбу тизимнинг жорий этилиши ҳануз чўзиб келинмоқда. Кечиктирилаётган ҳар бир кун эса ўлимлар сонини оширмоқда. Биргина мисол, Хатирчида ёш қиз ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчилардан бири 1 йилда 12 марта радарга тушган. 13 марта тезликни ошириши эса ёш боланинг ўлими билан якунланди.

Бешинчиданқонунни бузишга тарғибот кучайиб бормоқда.

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасликни, уларни айланиб ўтишни тарғиб қилиш, ўзи шу каби қоидаларни бузгани ҳақидаги маълумот акс этган материалларни (матн, фото, видео) интернетга жойлаш, шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларини бузишга ёрдам берувчи маҳсулотларни реклама ёки тарғиб қилиш, уларнинг савдоси билан шуғулланиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Айрим блогерлар очиқчасига йўл ҳаракати қоидаларини бузишни ёки уларни айланиб ўтишни тарғиб қилишади, ўзлари қоидаларни бузиб, видеосини жойлашади (масалан, шаҳар марказида 130-140 км/соат тезликда юради), ундан ҳам ёмони айрим тюнинг фирмалари очиқчасига қоидаларни бузишга ёрдам берадиган мосламаларни (масалан, машина рақамларини радардан беркитишга ёки битта тугма билан сохта рақамга алмаштириб қўйишга ёрдам берадиган) реклама қилишади, савдоси билан шуғуланишади.

Олтинчиданйўллар пиёдаларга мослашмаган.

Масалан, умумий ўрта таълим мактабларининг 9548 таси транспорт қатнови кўп ҳудудларда жойлашган ва аксарият мактаблар олдида пиёдалар учун йўлаклар мавжуд эмас, тегишли светофорлар ўрнатилмаган. Оқибатда жорий йилнинг 5 ойи давомида жами 359 нафар ўқувчи билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган ва 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлган, 294 нафар ўқувчи эса турли даражада тан жароҳати олган.

Таъкидлаш лозимки, қоидабузарлар ижтимоий тармоқларда кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Масалан, йўл ҳаракати қоидаларини бузган машиналарни тасвирга оладиган ва ички ишлар органларига топширадиган кишилар жамият томонидан «терпила», «сотқин» сингари ҳақоратлар билан камситилади. Айрим пешволар томонидан эса очиқчасига «хоин»га чиқарилди. Пайти келганда ҳайдовчилар томонидан «самосуд» қурбонига ҳам айланишмоқда.

Ҳаттоки, жамият тезликни ошириб пиёдани босиб кетган ҳайдовчи ғамини ҳам ейди, «танганинг иккинчи томони»ни қидиради – «хотини боласи касалдир, бекорга тез ҳайдамагандир»«ҳеч ким одам ўлдираман деб рулга ўтирмайди»«тақдирга ёзилган шу экан» ва бошқалар. Айрим кишилар эса болани босиб кетган ҳайдовчи қолиб, боланинг ота-онасини айбламоқда – «машина босиб кетган бола ота-онасининг кўзи қаерда, нега болани ёлғиз кўчага чиқаради».

Хорижда қандай?

Европанинг аксарият мамлакатларида аҳоли пунктларида ўрнатилган ҳаракатланишнинг максимал тезлиги 50 км/соатни ташкил этади. Бу қоидани бузган ҳайдовчилар эса жиддий равишда жазоланади.

Масалан, турли мамлакатларда аҳоли яшаш ҳудудида 100 км/соат тезликда ҳаракатланган ҳайдовчига қўлланадиган жазо қуйидагича:

  • Германияда – 3 ойгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, жазо баллари қўшиш ва 680 еврогача жарима;
  • Францияда – 1500 евро миқдорида жарима ва ҳайдовчилик гувоҳномасидан 3 йил муддатгача маҳрум қилиш;
  • Италияда – 532 евродан 2127 еврогача жарима, 1 ойдан 3 ойгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш;
  • Испанияда – 600 евро ва 6 балли жарима, 3 ой ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш;
  • Буюк Британияда – 2500 фунт стерлинг ва 6 балли жарима, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш.

Австрияда эса жазо янада қаттиқ. Аҳоли пунктлари кўчалари бўйлаб рухсат этилган тезликдан соатига 80 километрдан, шаҳар ташқарисида эса 90 километрдан ортиқ тезликда ҳаракатланган ҳайдовчиларнинг автомашиналари мусодара қилинади.

Бир қатор сабабларга кўра, аксарият хорижий давлатлар радар-детектор ва антирадардан фойдаланишни тақиқлаган ва ушбу тақиқларни бузганлик учун қатъий жавобгарлик белгилаган. Айтиш лозимки, биринчидан, ушбу қурилмалар йўл ҳаракати хавфсизлигини камайтиради. Жумладан, радар-детекторлар ҳайдовчиларни тезликни оширишга ундаши мумкин, чунки улар йўлда юзага келиши мумкин бўлган хавфлар ҳақида эмас, фақатгина радар мавжудлигидан хабар беради. Иккинчидан, антирадарлар тезликни аниқловчи радар фаолиятини ишдан чиқариб белгиланган тезлик чекловига риоя қилмаслиги, бунинг натижасида жаримага тортилмаслиги ва тезликка оид талабларга амал қилинмаслигига сабаб бўлади.

Шуни таъкидлаш керакки, радар-детекторлар ва антирадардан фойдаланишга оид қонун ҳужжатлари мамлакатдан мамлакатга фарқ қилиши мумкин.

Радар-детектор ва антирадардан фойдаланиш тақиқланган ва унга рухсат берилган Европа давлатлари. Манба: dvizhok.su

Жумладан, Финляндияда радар-детекторлар тақиқланган, Норвегияда улардан фойдаланишга рухсат берилган, аммо чекловлар билан. Болтиқбўйида радар-детекторларни сотиб олиш тақиқланмаган, аммо уларнинг ноқонунийдир: агар полиция машинадан ушбу қурилмани топса, уни мусодара қилади ва ҳайдовчига жарима солади. Эстония чегарачилари тез-тез мамлакатга кираётган ҳайдовчиларнинг радар-детектори бор-йўқлиги ҳақида сўрашади.

Скандинавия мамлакатларида ҳам радар-детекторлардан фойдаланиш тақиқланган. Швеция ва Данияда ушбу турдаги ҳар қандай турдаги қурилмалардан фойдаланиш мумкин эмас. Бунга риоя қилмаслик жарима ва қурилмани мусодара қилиш билан жазоланади. Швецияда қамоқ жазо ҳам қўлланилиши мумкин.

Энг қатъий қонунлар Франция ва Швейцарияда амал қилади: агар машинада радар-детектори топилса, нафақат у, балки автомобиль ҳам мусодара қилинади. Австрия ва Германияда қурилма мусодара қилинади.

Таъкидлаш жоизки, Европанинг 30 данОсиёнинг эса 15 дан ортиқ давлатида радар-детекторлардан фойдаланиш тақиқланган. Антирадарга эса деярли дунёнинг ҳеч бир давлатида рухсат берилмаган.

Бундан кўзланган мақсад – ҳайдовчини фақат радар бор жойда эмас, ҳамма ерда қоидани бузмай ҳайдашга мажбур қилиш. Яъни қаерда радар борлигини билмай ҳар ерда ҳар доим тўғри ҳайдайди.

Нима қилиш керак?

Биринчидан, жарима миқдорларини ошириш ва санкцияга маъмурий қамоқ ва машинани бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоларини қўшиш лозим. Бундан, ташқари, параллель равишда жиноий жавобгарлик ҳам оғирлаштирилиши лозим. Жавобгарлик чўнтак пули бўлмаслиги керак.

Иккинчидан, киши ҳаёти ва соғлигини бевосита хавф остида қолдирувчи ҳуқуқбузарликлар учун ҳеч қандай чегирма берилмаслиги керак.

Учинчиданрадар-детектор ва антирадардан фойдаланиш тақиқланиши керак. Қоидалар фақат камера ва радар бор жойлар учун эмас.

Тўртинчидан, йўлларда, айниқса, ижтимоий соҳа объектлари ва турар жойларга тушаш йўлларда камера ва радар сони кўпайтирилиши, шунингдек, камера, йўл белгилари ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларини тўғри жойлаштирилиши лозим. Масалан, таълим муассасалари яқинда чекланган тезлик тўғрисидаги йўл белгилари, пиёдалар ўтиш жойи ва шу билан бирга, радарлар бўлиши керак.

Бешинчидан, ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими имкон қадар қисқа муддатлар жорий этилиши керак.

Олтинчидан, йўлларни пиёдалар учун мослаштириш лозим. Масалан, светофорлар сонини қўпайтириш (айниқса, таълим муассасалари атрофида), пиёдалар учун қулай ўтиш йўлларини яратиш лозим.

Сўз якунида айтиш мумкинки, балки ҳайдовчи, автоҳалокат остидаги изоҳларда таъкидлангандек, «одам ўлдираман деб рулга ўтирмас», лекин у аҳоли яшаш жойида 137 км/соат тезликда ҳаракатлана туриб, бировни уриб кетиши мумкинлиги, бундай тезликда вақтида тўхташга улгурмаслигини англамаслиги мумкин эмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳайдовчи буларни билади, аммо «бундай бўлмайди» деган ўз-ўзига асоссиз ишониш ортидан тезликни оширади. Яна шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, айрим ҳолларда пиёдаларни белгиланмаган жойлардан йўлни кесиб ўтиши ёки светофор ишорасига бўйсунмаслиги ҳам автоҳалокатларга сабаб бўлади. Шу боис, йўлларда машиналар остида кишиларнинг бевақт ўлимини олдини олишни истар эканмиз, аввало, қонунларга ҳурматни ва масъулиятни кучайтиришимиз лозим.

Улашиш:

Бошқалар

13-август 2024, 13:32
4 002

Олимпиада ғолиблари, уларнинг тренерларига қанча мукофот берилади?

Қонунчиликда ғолиблар, тренерларга бериладиган мукофот миқдори аниқ белгиланган. Мазкур мукофотдан солиқ ундириладими? Спортчини бир нечта тренер тайёрлаган бўлса қандай йўл тутилади?


17-август 2024, 12:47
1 223

Ерда кучли магнит бўрони кузатилиши мумкин. Бундан қандай ҳимояланиш керак?

Якшанба, 18 августга ўтар кечаси ва якшанба кундуз куни 4-6 баллик магнит бўрони кузатилиши мумкинлиги прогноз қилинмоқда.


19-август 2024, 04:06
1 214

Қобулда “Made in Uzbekistan” кўргазмаси иш бошлади

Амалий ташриф билан Афғонистонда бўлиб турган Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Қобул шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон-Афғонистон бизнес форуми ҳамда “Made in Uzbekistan” кўргазмасининг расмий очилиш маросимида иштирок этди.


20-август 2024, 12:40
1 177

Қандай ҳолларда ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолишга йўл қўйилади?

Меҳнат кодексининг 269-моддасига асосан ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин бўлган ҳолатлар келтирилган.

Мавзуга доир янгиликлар: