Ўзбекистон
15.01.2021
359
Президент Шавкат Мирзиёев яқинда ўзининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида жорий йилда ўткир буйрак етишмовчилиги бўлган 5 мингдан ортиқ бемор илк бор бепул гемодиализ хизмати билан қамраб олиниши, бунинг учун бюджетдан 140 миллиард сўм ажратилишини таъкидлаган эди. Давлатимиз раҳбари бугун шу йўналишдаги янги мажмуа – Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказидаги қурилиш ишлари билан танишди. Юртимиздаги табиий шароит буйрак касалликларини келтириб чиқариш омилларидан бири. Масалан, ўтган йили сурункали буйрак касаллиги билан 118 мингдан зиёд бемор диспансер кузатувида бўлган. Уларнинг 23 минг нафарида сурункали буйрак етишмовчилиги бўлган, 5 мингдан зиёди гемодиализга муҳтожлик сезган. Бу каби муаммолар даволашнинг замонавий инфратузилмасини ташкил этиш заруратини қўяётган эди. Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида қурилаётган тиббиёт маркази шу борадаги ишлардан биридир. Бу жой илгари Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси эди. Унинг эскирган биносида гемодиализ олиш учун ўринлар сони эҳтиёждан бир неча баравар кам, аҳолига сифатли нефрология ёрдами кўрсатиш имконияти анча чекланган эди. Президентимизнинг 2018 йил 12 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мазкур шифохона негизида Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилди. Бугунги кунда бу ерда иккита янги даволаш корпуси барпо этилмоқда. Жорий йилда 3-4-корпуслар фойдаланишга топширилади. Келаси йили мавжуд бинолар таъмирланади. Шавкат Мирзиёев қурилиш жараёнини кўздан кечирди. – Юртимизда нефрология ривожланмаган. Айниқса, ҳудудларда клиникалар ҳам, мутахассислар ҳам етишмайди. Кўпчилик беморлар шифохонага касалликнинг охирги босқичида келяпти. Шунинг учун, аввало, одамларнинг бу бўйича билими, хабардорлигини ошириш керак. Қорақалпоғистон ва вилоятларда ҳам шифохоналар ташкил этиб, бу марказ билан онлайн боғлаш, тармоққа айлантириш, тизимли профилактика ишларини йўлга қўйиш зарур, – деди Президент. Ҳудудларда фаолият юритаётган шифокорларни ушбу марказда ўқитиб, малакасини ошириш, даволаниш учун моддий имконияти йўқ беморларни давлат ҳимоясига олиш бўйича кўрсатмалар берилди. Беш қаватли даволаш корпуси 170 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда трансплантация, реабилитация, экстракорпорал детоксикация, буйрак аутоиммун касалликлари, интенсив нефрология каби бўлимлар, шунингдек, Нефрология, гемодиализ ва буйрак трансплантацияси кафедраси, поликлиника, дорихона жойлашади. Барча бўлимлар юқори технологик тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланади. Икки қаватли яна бир бинода 60 та катталар ва болалар гемодиализ жойлари бўлади. Аҳамиятлиси, марказда биринчи маротаба болалар гемодиализ хизмати йўлга қўйилади. Марказдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифати ва қамрови ошади. Амбулатор ва стационар тартибда 100 дан ортиқ тиббий хизматлар йўлга қўйилади. Жумладан, йилига 60 мингдан зиёд гемодиализ муолажалари, шунингдек буйрак кўчириб ўтказиш ва бошқа юқори технологик амалиётлар бажарилади. Тиббиёт олий ўқув юртларининг 7 та кафедраси шу ерда фаолият юритади. Бу нефрология соҳасида “таълим – амалиёт – илм-фан” интеграциясини таъминлашга хизмат қилади. Илғор хорижий тиббиёт марказлари билан биргаликда янги даволаш технологиялари ва стандартлари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади. Шунингдек, мазкур муассаса бошқа ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, ҳудудлардаги шифохоналар билан ҳамкорликда аҳолини мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказиб боради. Келгусида давлат-хусусий шериклик асосида марказни тиббиёт кластерига айлантириб, тиббий хизматлар экспортини ривожлантириш режалаштирилган.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Ҳаво ифлосланиши қандли диабет келиб чиқиш хавфини оширади
Олимлар экологик ноқулай ҳудудларда яшовчи одамларда қандли диабетнинг иккинчи тури ривожланиш хавфи ортишини аниқлади.
Туркиялик шифокорлар томонидан Ўзбекистонда болаларга эстетик пластик жарроҳлик амалиёти ўтказилади
Бу дастлабки босқичда 40 дан ошиқ туғма нуқсонлар билан дунёга келган, ёки куйиш ва бошқа сабаблар оқибатида тана жароҳатларига эга болаларга ўтказилади.
Сўнгги 6 йилда Ўзбекистонда 1 100 та буйрак ва 70 дан ортиқ жигар кўчириб ўтказилди
Ноёб жарроҳлик муолажалари орқали ўз саломатлигини тиклаган беморлар сони йилига 350 тани ташкил қилмоқда.
Ўзбекистондаги шифокорлар қанча ойлик маош олишади?
2,5 млн сўмдан тортиб 14,7 млн сўмгача ойлик олувчи шифокорлар тоифаси эълон қилинди.