Ҳуқуқ
28.03.2026
39

Сўнгги йилларда Ўзбекистон жадал рақамли трансформатсияц йўлини танлаб, сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Президентнинг 2025 йил 22 октябрдаги “Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва 2024 йил 14 октябрдаги “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бу саъй-ҳаракатларнинг асосини ташкил этади.
Бу каби фундаментал ҳужжатлар замонавий технологияларни мамлакат тараққиёти йўлида самарали қўллашга замин яратмоқда. Айни вақтда, технологик тараққиёт билан бирга, унинг этик ва ҳуқуқий жиҳатларини тартибга солиш зарурати ҳам долзарб аҳамият касб этади. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирининг “Сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича этика қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи замонавий технологияларни масъулиятли ва инсонпарварлик тамойиллари асосида ривожлантиришга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Сунъий интеллектни масъулият билан ривожлантиришнинг асосий тамойиллари
Қабул қилинган этика қоидалари сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий қилиш ва фойдаланишда мутлақо риоя этилиши шарт бўлган бир қатор тамойилларни белгилайди. Ушбу тамойиллар сунъий интеллект технологиялари фақат тараққиётга хизмат қилиши ва инсоният манфаатлари йўлида қўлланишини таъминлашга қаратилган. Қоидаларга кўра, сунъий интеллект иштирокчилари қуйидаги асосий тамойилларга амал қилишлари лозим:
— қонунийлик;
— шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳамда атроф-табиий муҳитни ҳимоя қилишнинг устуворлиги;
— тушунарлилик;
— масъулият, жавобгарлик ва назорат;
— адолатлилик ва камситишга йўл қўймаслик;
— очиқлик ва шаффофлик;
— маълумотлар ҳимояси;
— ишончлилик ва хавфсизлик.
Бу тамойиллар орасида айниқса инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга устувор аҳамият берилгани эътиборга молик. Масалан, тушьунарлилик тамойили СИ тизимлари томонидан қабул қилинган қарорлар ёки амалга оширилган ҳаракатлар иштирокчилар учун аниқ ва изоҳланадиган бўлишини талаб этади. Шунингдек, фойдаланувчиларга сунъий интеллект ечимлари ҳар доим ҳам тўғри бўлмаслиги ва улардан тавсиявий ёки маълумот учун фойдаланиш мумкинлиги тушьунтирилиши зарур. Масъулият, жавобгарлик ва назорат тамойили эса сунъий интеллект технологиялари орқали қабул қилинган барча қарорлар инсон назорати остида бўлиши ҳамда якуний қарор инсон томонидан қабул қилинишини таъкидлайди. Бу, айниқса, инсон ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларига алоқадор бўлган юридик аҳамиятга эга қарорларни қабул қилишда ёки соғлиқни сақлаш соҳасида (касалликларни ташхислаш, даволаш усулларини белгилаш каби) фақат сунъий интеллект хулосаларига таянмаслик кераклигини англатади.
Ҳуқуқий асослар ва маълумотлар ҳимоясига алоҳида эътибор
Ҳужжатда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишда амалдаги қонунчилик ҳужжатларига, жумладан, “Давлат сирлари тўғрисида”, “Банк сири тўғрисида”, “Тижорат сири тўғрисида” ҳамда “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”, “Ахборотлаштириш тўғрисида” ва “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонунлар талабларига қатъий риоя қилиш зарурати белгилаб қўйилган. Бу, сунъий интеллект тизимларини ривожлантириш ва улардан фойдаланиш жараёнида ахборот хавфсизлиги ва маълумотлар дахлсизлигини таъминлашга устувор эътибор қаратилганини кўрсатади. Айниқса, маълумотлар ҳимояси тамойили сунъий интеллект иштирокчилари давлат сирлари ва бошқа қонунчилик билан қўриқланадиган сирларни, шахсга доир маълумотлар ҳамда фойдаланиши чекланган бошқа маълумотлар ҳимоясини таъминлаши шартлигини кўзда тутади. Шахсга доир маълумотларга қонунга зид равишда ишлов бериш тақиқланади.
Сунъий интеллект иштирокчиларининг роли ва масъулияти
Мазкур Этика қоидалари сунъий интеллект иштирокчиларини, яъни технологияларни ишлаб чиқувчилар, жорий этувчилар ва улардан фойдаланувчиларни – аниқ ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан таъминлайди. Ишлаб чиқувчи ва жорий этувчилар зиммасига алгоритмларнинг шаффоф ва тушьунарли бўлишини таъминлаш, эҳтимолий тарафкашликни олдини олиш, шахсга доир маълумотлар ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, сунъий интеллект технологияларининг имкониятлари, чекловлари ва хавфлари ҳақида очиқ маълумот бериш каби муҳим мажбуриятлар юклатилади. Фойдаланувчилар эса сунъий интеллект тизимларидан тўғри фойдаланиш, бошқа фойдаланувчиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини бузмаслик, шахсга доир маълумотлар ҳимоясини таъминлаш ва атроф-табиий муҳитга зарар етказмаслик каби мажбуриятларга эга. Бу қоидалар сунъий интеллектнинг барча босқичларида масъулиятни тақсимлаб, технологиянинг барқарор ва хавфсиз ривожланишини таъминлашга қаратилган.
Рақамли технологиялар вазирининг ушбу буйруғи Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш стратегиясининг мантиқий давоми бўлиб, технологик инновацияларни ахлоқий ва ҳуқуқий асосларга таянган ҳолда йўналтиришда муҳим роль ўйнайди. У нафақат сунъий интеллект соҳасидаги тараққиётни рағбатлантиради, балки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш ва жамиятда технологияга бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мазкур Этика қоидаларининг жорий этилиши Ўзбекистоннинг рақамли келажакни нафақат технологик жиҳатдан илғор, балки масъулиятли ва инсонпарварлик тамойиллари асосида қуришга бўлган қатъий интилишини акс эттиради.
Манба:https://lex.uz/uz/docs/8083233
Жасур ТОЖИБОЕВ,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш
Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.
Декретга чиқмасдан ишлаш мумкинми?
Йўриқномага эътибор қаратилса, аёлга ҳомиланинг 30 ҳафтасидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади
Масофадан ишлаш тартиби: ходимлар нимани билиши керак?
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 453-моддасида масофадан туриб ишлашнинг ҳуқуқий тартиби белгиланган.
Иш берувчи алоҳида асослар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилган ходимларни қайта ишга қабул қилиш тартиби қандай?
Ҳарбий хизматга чақирилган (кирган), лекин кейинчалик захирага бўшатилган ёки истеъфога чиқарилган ходим, агар у ҳарбий хизматга чақирилган (кирган) кундан эътиборан кўпи билан уч ой ўтган бўлса, аввалги иш жойига (лавозимига) қайтиш ҳуқуқига эга.