currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларРақамли ҳуқуқ: юриспруденциянинг замонавий йўналиши

Рақамли ҳуқуқ: юриспруденциянинг замонавий йўналиши

Ҳуқуқ

calendar

17.11.2025

eye

90

Рақамли ҳуқуқ: юриспруденциянинг  замонавий йўналиши

Рақамли ҳуқуқ бугунги кунда нафақат қонуншунослар, балки технологлар, сиёсатчилар ва жамоатчилик учун ҳам муҳим масала бўлиб қолмоқда. Дунё бўйлаб янги қонунлар қабул қилинаётгани, мавжуд норматив ҳуқуқий ҳужжатлар янгиланаётгани ва рақамли технологияларга оид янги муаммоларни ҳал қилиш зарурати долзарб масалалардан биридир. Айниқса, технологик тараққиёт ва глобаллаштириш жараёнларида бу соҳа янада кучайиб боради.


Рақамли ҳуқуқ бугунги кунда жуда долзарб масала бўлиб, дунё бўйлаб жадал ўзгаришлар ва рақамли технологиялар ривожланишига параллел равишда унинг аҳамияти ортмоқда. Биринчи навбатда, рақамли ҳуқуқни тушуниш учун бу соҳа технология ва ҳуқуқнинг кесишган нуқтасини билдиради. У, асосан, интернет, рақамли маълумотлар, онлайн платформалар, сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва бошқа технологиялар билан боғлиқ ҳуқуқий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган.


Рақамли технологияларни ривожлантириш ва кенгайтириш натижасида ҳуқуқнинг кўплаб йўналишлари рақамлаштирилмоқда. Бу жараён ҳуқуқий соҳанинг самарадорлигини ошириш, жараёнларни тезлаштириш, ҳуқуқий хизматларга киришни осонлаштириш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.


Рақамли индустрияни жадал ривожланиши фонида давлат тизими ва ҳуқуқ соҳаларини ихчамлаштириш билан бирга фуқаролар учун айрим соҳаларда бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда. Жамият ҳаётини рақамлаштириш бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этишга, эскирган ва замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартиришга хизмат қилади.


Бошқа соҳаларда бўлгани каби, ҳуқуқ тизимида ҳам рақамлаштириш жараёнлари илғор тенденцияга айланмоқда. Хусусан, “смарт-контракт”, “кибер жиноят”, “кибер хавфсизлик”, “рақамли мулк”, “рақамли имзо” каби тушунчалар ҳуқуқдаги рақамлаштириш тенденциясининг самарали амалга оширилаётганлигидан далолат беради.


Рақамлаштириш ва ҳуқуқнинг ўзаро боғлиқлиги давлат ва жамиятнинг ушбу масалаларга бўлган муносабати орқали намоён бўлади. Ушбу муносабатлар замонавий суд-ҳуқуқ ислоҳотлари орқали давлат тизими ва қонунчилик соҳаларини тўлақонли рақамлаштиришга бўлган амалий заруратни пайдо қилмоқда.


Рақамли ҳуқуқ – ахборот технологиялари билан боғлиқ масалаларни тартибга солувчи ҳуқуқнинг замонавий соҳасидир. Бугунги кунда, рақамли ҳуқуқ асосан давлат бошқаруви, Фуқаролик ҳуқуқи ва Жиноят ҳуқуқи соҳаларининг замонавий институти сифатида юриспруденция тармоғига кириб келмоқда.
Хусусан, замонавий фуқаролик муносабатлари сифатида жамиятимизга кириб келаётган “рақамли битимлар”, “рақамли молмулклар”, “смарт-контракт”, “рақамли транзакция”, “рақамли товар-оборот”, аутентификация ва идентификация қоидалари рақамли ҳуқуқнинг фуқаролик ҳуқуқи соҳасини модернизация қилганлигидан далолат.


Бундан ташқари, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, рақамли ҳуқуқлар, Интернетдаги махфийлик ва анонимлик, шунингдек, рақамли муаллифлик ҳуқуқи ва сўз эркинлиги каби масалалар билан шуғулланиш учун 2002 йилда ташкил этилган “Европа рақамли ҳуқуқлар” халқаро жамоатчилик ташкилоти фаолият юритмоқда.


Бугунги кунда, рақамли ҳуқуқ борасида ўхшаш ва ўзига хос бўлган илмий ёндашувлар ҳамда замонавий концепциялар шаклланмоқда.


Ҳуқуқ назариясида “рақамли ҳуқуқ” асосан ахборот технологиялари билан боғлиқ ҳолда тадқиқ этилади. Хусусан, рақамли ҳуқуқларни амалга ошириш ва тасарруф этиш, рақамли ҳуқуқларни бошқа йўллар билан тасарруф этишни чеклаш фақат ахборот тизими орқали амалга оширилади. Бунда, ахборот технологияларига мувофиқ тегишли ҳужжатлар асосида мазкур ҳуқуқларни амалга ошириш ҳуқуқи берилган шахс “рақамли ҳуқуқ” эгаси ҳисобланади, яъни рақамли мулк эгасидир.


Шунингдек, “рақамли ҳуқуқ” тушунчаси рақамли иқтисодиёт (рақамли мулк, рақамли пул бирликлари, рақамли савдо)га боғлиқ ҳолда кенг қўлланилмоқда.


Цивилист олимлар ва тадиқотчилар рақамли ҳуқуқни Фуқаролик ҳуқуқдаги замонавий субъектив ҳуқуқ сифатида илми тадқиқ этишса, айрим назариётчи олимлар рақамли жамият талабларига мослаштирилган умуминсоний ҳуқуқларнинг бири сифатида, ахборотга эгалик қилиш ҳуқуқи, ахборот алмашинув ҳуқуқи, ахборот тизимларига кириш ҳуқуқлари “рақамли ҳуқуқ” тушунчаси доирасида қўлланилади.


Хусусан, “рақамли ҳуқуқлар” тарзида келтирилиб, бу асосан инсон ҳуқуқларининг бир тури сифатида, рақамли асарлар(ижод маҳсуллари)дан фойдаланиш, уларни яратиш ва нашр этиш, компьютерлар ва бошқа электрон қурилмаларга, шунингдек, алоқа тармоқларига, хусусан, Интернетга кириш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқини қамраб олиши ифодаланган.


“Рақамли ҳуқуқ”лар тегишли норма ва стандартлар билан белгиланган мезонларга жавоб берувчи, ахборот технологиялари қоидаларига мувофиқ белгиланадиган ҳуқуқлар сифатида эътироф этилади. Рақамли ҳуқуқ ҳуқуқ соҳаларидан бири сифатида ҳамда шахсга оид замонавий ҳуқуқлардан бири сифатида ҳам тушуниш мумкин.


Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Рақамли технологиялар ҳуқуқ соҳасида кўплаб ўзгаришларни келтириб чиқармоқда ва бу жараён янада кучайиб бормоқда. Ҳуқуқий тизимларнинг рақамлаштирилиши самарадорликни оширади, бироқ, бу янги муаммоларни ва қийинчиликларни ҳам келтириб чиқаради, шунинг учун ҳар бир йўналишда технологияларга мос ҳуқуқий норма ва тартибларни ишлаб чиқиш зарур. Рақамли ҳуқуқнинг ривожланиши, айниқса, глобал миқёсда таъсирчан бўлиб, бутун дунё бўйлаб ҳуқуқий ва иқтисодий ўзгаришларни шакллантиради.

Aзизжон Хужаназаров,
Тошкент давлат юридик университети доценти в.б.

Улашиш: