#NoComment
28.11.2026
24

Болалик... энг гўзал дамлар-а! Орамизда қайси биримиздир фақат ота-онамиз эмас, кўпни кўрган пиру бадавлатларимиз – бувижонимизу бобомизнинг тарбиясини олганмиз. Кўпчилигимизга шундай бахт насиб этган! Болалик йилларимдан ширин хотиралар қолган. Айниқса, хат-хабару, газета-журналлар билан уйимизга пенсия пулларини олиб келадиган амакининг велосипеди бизнинг кўчага қайрилса, биз – болакайлар чув-чувлашиб, қувонардик. Имзо деган нарса бор, уйимизнинг катталари нафақа пулини ола туриб, имзо ўрнига исмини амал-тақал ёзишарди. Ўшанда энди мактабга чиққан боламиз. Болалар учун нашрларни қўлимизга оламизу, қиш кунларида иссиқ печканинг ёнига бориб, кўзларимиз чақнаб, уларни ўқишга киришамиз. Бизнинг халқ эртакларини эшитиб катта бўлишимизга сабабчи бўлган нуронийларимиз қўлимиздаги болалар нашрларини тутилиб-тутилиб ўқишади. Болаларча ақл билан ўйлаймиз, улар мактабда яхши ўқимаган деб ўйлаймиз. Ваҳоланки... уларнинг болалиги сизу бизнинг болаликдек хотиржам кечмаган...
Сал эсимиз кириб, мактабга бориб, хат-саводимиз чиқиб қолгач, савол берадиган одат чиқардик.
– Нега исмингизни битта-битта ҳарфлаб, қийналиб ёзасиз доим? Қаранг, ҳамма чиройли ёзибди.
– Болам, бизни пайтда сен ўқиётгандай чиройли мактаблар бўлмаган. Оти ўчгур уруш йилларини болалари бўлганмиз биз, болам. Қани энди сени ўрнингда бўлиб қолсам, оппоқ кийимларда мактабга борсам, сенга ўхшаб китобларни мазза қилиб ўқисам...
Беихтиёр катта ойимизнинг кўзларига ёш келади, йиллар синовини кўриб, ажин босган юзларини ювиб, қуёш нурида ялтиллайди қайноқ кўз ёшлар. Бувимнинг нафақа пулини оларкан, қоғоздаги рўйхатда белгиланган жойга исмини ёзишига кўп гувоҳ бўлганман. Уруш кўрган катта отамиз ҳам нафақа пулини олишда исмини ёзиб қўярдилар. Уларнинг ҳарфларни дона-дона қилиб овоз чиқариб ўқиб, ёзишлари, очиғи, ўша маҳаллар мен – ёш болага ғалати туюлган. Назаримда, шу ёшга кирган одам ҳамма нарсани билиши керакдек туюлган-да, менга!
Қабрлари нурга тўлгур уруш кўрган боболаримиз, фронт орти заҳматлари елкасини эзган, болалиги хароб бўлган, имконсизликдан мактаб кўрмаган, лекин оғиздан-оғизга ўтган халқ оғзаки ижодини, “Алпомиш”у “Гўрўғли”ни Сизу мендан яхши биладиган пиру бадавлатларим савод масаласи келганда... нега киприги намланганини биласизми?! Уларда бугун бизда бор кўп нарсалар бўлмаган! Улар на интернетни, на телевизорни, на телефонни билишган...
Назаримда, бугун биз ҳам улардаймиз? Нега, дейсизми? Орамизда қай биримиз бошимизни баланд кўтариб ўзимизни саводлиман, дея оламиз?! Қай бир зиёли “Тиб қонунлари”ни ёки Берунийнинг асарларини ўзи ёзилган ёзувда ўқийди бугун? Қай бир шоири замон Навоийни ўз имлосида тутилмай ўқий олади? Қай биримиз (матншунослару ўз илмининг устаси бўлган саноқли илмлилар мени кечиришсин!) муқаддас китобимизни араб имлосида тутилмай ўқий оламиз?! Эй, биродари азиз, саводимиз шу қадар, уят эмасми?!
Шу ерга келганда бугунги имлодаги ўзгаришлар ҳақида икки оғиз шахсий фикр! Бу гапларни менга бир кутубхоначи аёл алам билан айтиб бераяпти:
“Синглим, биламан, кўп китоб ўқийсиз. Мен билан Сизга ўхшаганлар учунми шу китоб?! Билмайсиз-да, кутубхонадан шу қадар мени бездирди бу ёзув дегани! Ёзув бир алмашганда қанча китобларни... айтишга тилим бормайди ҳатто... қанча китоблар-а, уларни мен ўз боламдек яхши кўриб, авайлаб, чанг юқтирмасдим. У китобларни биз нима қилдик?! Бугун сиз излаб келган китоб ҳам улар орасида қолиши мукин эди... Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, мен ўғри одамдек ҳамма китобларни уйимга олиб кета олмасдим-ку, ўша пайтда. Синглим, яна ёзув ўзгаряпти-а, биласизми, бизни нималар кутаяпти? Мени тушундингиз-а?! Мени томоғимдан овқат ўтмай қолган ўша кунлар, ёппасига китобларни ажратиш... ҳисобдан чиқариш... кутубхонамиз катта эди биласиз... қанча яхши китобларимиздан айрилдик ўшанда, яна шундай бўладими?..”
Бир умр китоб билан билан бирга нафас олган, касбининг фидойиси бўлган бу аёлнинг кўзларига шу аснода қарашни-да ўзимга эп кўрмайман. Худди ҳаммасига ўзим айбдордек бир алфозда кутубхоначи опа мен қидирган китобни олиб келадиган вақтни аниқлаштираман-да, шалвираб кўчага чиқаман...
Қўл телефонимга тинимсиз хабарлар келади. Уларнинг қайси бирига кўз ташламай, бир хиллик... Бу турфа оламда бир хиллик... Ҳайрон бўлманг, шунча янгилик, шунча хабару ахборот бор, бир қаранг, дерсиз? Мени у хабарлар қизиқтирмай қўйган... Мен улардаги шов-шувга ўч эмасман. Мени бир нарса ўйлантиради. Боя кутубхоначи опанинг тилида қотиб қолган битта сўз мени ҳам тинч қўймайди. Кўрсаводлигимиз ўйлантиради мени, биласизми, саводсизлигимиз шу даражага етдики...
“рахмат опажон бз хам оллох ун сзи яхши курамиз”
Мен гапларим тушунарли бўлиши учун матнни айнан келтираяпман. Оғир хўрсинаман... биласизми, нега? Бугун биз имкониятлар тўла маконда яшаяпмиз? Баҳонамиз ҳар қанча бўлмасин, саводсизлигимиздан уялсак арзийди. Сабаби, биз ўқиб, ўрганишимиз учун барча шарт-шароитлар муҳайё! Ер шарининг айрим минтақаларини ҳисобга олмаганда, деярли бутун инсоният бугун тараққиёт ботқоғига ғарқ бўлаёзди! Бу тараққиёт дегани сизу мендан сўраб, ҳисоблашиб ўтирмас экан! Индамай уйимизгача бостириб келгани етмагандек, қалбларимизга, онгимизгача бостириб кирди у! Китобсизлик, илмсизлик, енгил-елпи орзу-ҳаваслар бизни не кўйларга солмаяпти?! Дунё матоҳларига интилиб, қулайликлардан шу қадар берилиб фойдаланаяпмизки, эвазига тараққиётнинг ўргимчак тўрига тушиб қолиб, жон ҳалакмиз! Одамлар орасида, айниқса, яқин қариндошлару дўстлар ўртасида ҳам оқибат, инсофу диёнат, ор-номус кўтарилгани, ўрнини ҳиссиз, рангсиз кунлар эгаллаб бораётгани бизни ташвишга солмай қўйди. Ота билан бола мерос талашса, орсиз оила бошлиқлари норасида гўдакларини ташлаб, ўзга манзиллардан шайтоний халоват изласа, нафс талаби иймон талабидан устун келса, ор-номус йиғласа, оқпадарнинг сўзи устун келса, инсофу диёнат оёқ ости бўлса... Одам одамни сотса, одам одамни сўйса, ўлдирса, номусини топтаса... саводсизлик деган нарса бу майдалашган жамиятда янада майда заррача бўлиб қолмасмикан?.. Менимча, шундай бўлаяпти! Биз беэътибор ва лоқайд бўлиб қолдик!
“Кароче давай ертага чойхона...”, “Бизан мамгайам шундо тўрт қиберолисми расмини қойиб, қоллариз дард курмасн”, “Диля heppiy brthdey ман санга дунйодаги енг гозал баҳтти тилэйман”, “Ойимгла блан чорсга кэтвоммиз”, “кизла бола пулга канака смс кэвотти слага этворила хоп”, “Мехнат биржасига мурожат килийла ишлашга бормокчила срочно 1 кун срок!!!”, “Полбинга боришлик гунох хаттоки уйини курсатворсаям! Полбинга борадигонлага жонатамиз достла!”,
Бугун шу оҳангда гаплашаётган, шунга ўхшаш ёзувларни ёзиб, суҳбатлашаётган юртдошларимизга савод масаласида гапирсак, эриш туюлади. Имло қоидалари фақат расмий матнларга ёки китобларга, матбуот нашрларига, ўқув жараёнларига хос бўлиб қолмаяптими? Мени шу савол ўйлантиради. Имло қоидаларига ўзгартириш киритиш олдидан тор доирада қолиб кетаётган имломизни асраш ҳақида ўйласак ўринли бўлар, балки. Замондошларимиз орасида сўзлашув услубидан ёзилаётган матнларга кўчаётган, тобора руслашиб, ажнабийлашиб, саводсизлашиб бораётган имломизда айрим белгиларни ўзгартириб нимага эришамиз экан, ҳайронман! Бу менинг шахсий фикрим, албатта.
Иш фаолиятимиз матнлар билан боғлиқлиги учунми, уларни таҳрир қилиш жараёнида кунда минг бора “қоқиламиз”, дилимиз ранжийди, ўзбек эканимиздан, айниқса, билимсизлигимиздан, ҳар қанча оғир эшитилмасин, айтмасак бўлмайди, кўрсаводсизлигимиздан уяламиз. Шундай пайтда рус ёзувчиси А. Чеховнинг бир гапи эсимга келади: “Инсонда ҳамма нарса: юзи ҳам, кийими ҳам, қалби ҳам, фикри ҳам гўзал бўлиши лозим.”. Бугунги талотўп замон кишиларига қарата айтилгандек туюлади бу гап менга. Ён-атрофимиздаги дарду ташвиши ҳаминқадар, тобора майдалашиб бораётган одамлар ҳақида ўйласам... юрагимнинг аллақаери тинимсиз оғрийди. Қачон биз бу қадар саводсиз бўлиб қолдик?! Кеча ёки бугунми, ҳозирми?!
Кўча-кўйдаги шиорлару ёзувларни, корхона, ташкилотлару ўқув муассасаларидаги пешлавҳаларни, айниқса, жамоат транспорти, умумий овқатланиш муассасалари, одамлар кўп борадиган жойлардаги ёзувларни ўқишга юрагим безиллаб қолган. Нега, дейсизми, имло хатолари тўла матнлар жуда кўп улар орасида. Айримларини ҳарфлари тушиб қолганидан, хатолик билан ёзилганидан, икки марта ўқиб аранг тушунасиз! Яна катта-катта ҳарфларда ёзилганини-чи?! Буларга ҳам кўникдик аллақачон.
Учинчи фарзандини кутаётган бир дугонам менга қўнғироқ қилади. Ўғли билан қизини қўшимча дарсга олиб борибди. Мактабларимиздаги дарслар бўла туриб нега қўшимча дарс учун пул ажратаётганини тушунтирган бўлади менга. Бу мавзуда гапирганда мен на мактабни, на китоб фонди мақтаганимизга арзимайдиган ғарибдан-ғариб мактаб кутубхоналарини, на мактабга дарс олгани эмас, хаёлида минг бир ўй билан келаётган, “мобил манқурт”га айланган бугуннинг болаларини, шу ҳардамхаёл ёшларга қандай тарбия, қандай таълим беришни билмай, хуноби ошиб юрган, иш қоғозларига кўмилиб, янаги дарс учун алоҳида тайёргарлик кўришга вақт тополмаётган муаллимларимизни айблайман. Айб кимда ўзи? Қай биримиз шу ўринда ўзимизни оқлаймиз, қайси виждон билан?!
Боласининг билимли бўлиши, келажаги, айниқса, эрта бир кун олий маълумотли бўлишини истаб бугундан шунга интилаётган, ойига фалон пул тўлаб, хорижий тилларни ўрганишга, спорт тўгаракларига рўзғоридан орттириб пул сарфлаётган ота-оналар ҳам кўп. Суперконтрактда ўқиётган талабаларни ҳам қораламоқчи эмасмиз. Лекин савод масаласида гапирганда замондошларимиз олий маълумотли, иккиталаб дипломи бўла туриб ҳам, оддий сўзларни тўғри ёзишда қийналиб қолаётгани ҳақида гапирмасак, инсофдан бўлмас!
Халқ сўзини юмшоқ “ҳ” билан “ҳалқ” деб ёзган олий маълумотли зиёли билан савод масаласида гаплаша оласизми? Гаплашсангиз бўлади, лекин бундан нима манфаат агар у хатосини тушунмаса, тан олмаса ёки бунга эътибор бермаса! Хато ёзишдан уялмаса, заррача виждони қийналмаса?!
Савод масаласи шу қадар нозик масалаки, у сизу бизнинг фақат бугунимизни эмас, келажагимизни ҳам белгилаб беради, дўстим!
Кеча бир зиёли дўстимиз ёзибди. “Бугунги авлод китоб ўқишга ҳам тупуриб қўйган...” деб. Нақадар оғир касалмиз. Кўча тўла дорихона, бизнинг дардимизни даволовчи бирор дори-дармон бормикан илмдан бошқа?! Шу кетишда кўрсаводлигимизча қаттиқ йиқилсак, бизни қайси табиб даволайди, азизлар?!
Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,
“Инсон ва қонун” мухбири
Улашиш:
Бошқалар
Уйини сотган одам ҳам солиқ тўлайдими?
Бу норма фуқароларни узоқ муддатли мулкдорликка рағбатлантириш ва ортиқча солиқ юкини камайтириш мақсадида жорий этилган.
“Менинг танам – менинг чегарам”: Фарзандингизни хавфдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва амалий қоидалари
Болага танасининг эгаси фақат унинг ўзи эканини уқтиринг.
Чорраҳа яқинида чизиқ босганлик учун ЙПХ баённома тузмайди
Хавфсизлик камарини тақмаслик ҳолатларини автоматлаштирилган камералар орқали қайд этишга рухсат берилди.
Янги Тошкент ва ҳудудларда йирик шаҳарсозлик лойиҳалари учун солиқ имтиёзлари берилади
Лойиҳа объектларини ижарага бериш ва сотишдан олинган фойда учун 1 фоиз ставкада фойда солиғи белгиланади.