Суд очерклари
20.03.2026
329

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг сайёр суд мажлиси “Ишонч” маҳалла фуқаролар йиғини биносида ўтказилиб, унда “New ground techique” МЧЖ раҳбари Сардор Бўриевга ( исм-шарифлар ўзгартирилган) нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.
Суд ҳужжатларига кўра, 2000 йилда туғилган, муқаддам судланмаган, олий маълумотли йигит мазкур корхонага 2021 йил 15 июлдан буён раҳбарлик қилиб келган.
Корхона фаолияти асосан металл маҳсулотларига ишлов бериш билан шуғулланган. Раҳбар сифатида у солиқларни тўғри ҳисоблаш ва ўз вақтида давлат бюджетига ўтказиш мажбуриятига эга эканини яхши биларди. Бироқ судда аниқланишича, у 2022–2024-йиллар давомида солиқ ҳисоботларида маҳсулот (товар, иш ва хизмат) реализациясидан тушган тушумларни камайтириб кўрсатган. Хусусан, 2022-йил июль–декабрь ойларида реал соф тушум 3 миллиард 919 миллион сўмдан ортиқ бўлган бўлса-да, ҳисоботларда 501 миллион сўм деб кўрсатилган холос.
— Демак, 50 миллион сўмдан зиёд фойда солиғи тўланмаган;
— 394 миллион сўмдан ортиқ қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) камайтириб кўрсатилган;
— 2022–2024-йилларда умумий ҳисобда 450 миллион 916 минг сўм миқдорида солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бюджетга тўланмасдан қолган.
Шунингдек, текширув давомида айрим товарлар электрон ҳисобварақ-фактураларсиз реализация қилингани, омборда мавжуд бўлмаган маҳсулотлар ҳисоботларда акс эттирилгани ҳам аниқланган.
Навоий вилоят солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити натижаларига кўра, жамият фаолиятида жиддий қонунбузилишлар аниқланган. Солиқ органлари хулосалари асосида жиноят иши қўзғатилган.
Суд муҳокамасида С.Бўриев айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймон эканини билдирди. Унинг кўрсатишича, солиқ соҳасини етарли тушунмагани ва молиявий қийинчиликлар сабабли қарздорлик ўз вақтида қопланмаган.
Суднинг ҳуқуқий баҳоси адолатли бўлди. Суд С.Бўриевнинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 184-моддаси учинчи қисми билан яъни, жуда кўп миқдорда солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш деб квалификация қилди.
Жиноят иши давомида давлатга етказилган 450 миллион 916 минг сўм зарар тўлиқ қопланган.
Қонунга кўра, агар шахс солиқ органи қарори ёки жиноят ҳақидаги хабарни олган кундан эътиборан 30 кун ичида етказилган зарарни тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилиниши мумкин. Бироқ мазкур ҳолатда зарар белгиланган муддатдан кеч қоплангани сабабли, суд С.Бўриевни жавобгарликдан озод этиш учун асос топмади.
Шу билан бирга, суд айбдорнинг биринчи марта жиноят содир этгани, айбига тўлиқ иқрорлиги, етказилган зарар тўлиқ қоплангани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги каби ҳолатларни жазони енгиллаштирувчи омил сифатида инобатга олди.
Суд ҳукмига кўра, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари миқдорида – 61 миллион 800 минг сўм жарима жазоси тайинланди.
Ушбу иш солиқ интизомига риоя қилиш, тадбиркорлик фаолиятида шаффофлик ва ҳисобдорлик муҳим аҳамият касб этишини, давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган маблағларни яшириш нафақат молиявий, балки жиноий жавобгарликка ҳам сабаб бўлиши муқаррарлигини яна бир карра кўрсатди.
Дилобар ПАРДАЕВА,
жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьяси,
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Бир лаҳзалик ишонч қимматга тушиши мумкин: фирибгарлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Алдаш орқали бошқанинг мол-мулкини қўлга киритиш жиноят ҳисобланади ва бунинг учун жиддий жавобгарлик белгиланган.
Уй-жой (квартира)ни ижарага бериш шартномасини тузишда нималарга эътибор қаратиш керак?
Уй-жойни ижарага бериш ёки ижарага олишда энг муҳим ҳужжат бу — ижара шартномасидир.
Қандай ҳолатлар оқова сув тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш деб ҳисобланади?
Оқова сувларни чиқариб юбориш тармоқлари аҳоли саломатлигини сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда санитария-гигиена талабларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Медиаторлик фаолияти билан шуғулланувчи мутахасислар қандай талабларга жавоб бериши керак?
Медиатор томонлар ўртасидаги низони ҳал қилишда мустақил ва бетараф воситачи сифатида иштирок этади.