Суд очерклари
12.02.2026
793

Амалиётда кўпчилик тадбиркорлар ва ташкилот ҳуқуқшунослари суд жараёнлари якунланганидан сўнг суд харажатларининг тақсимланишидан норози бўлиб мурожаат қилишади. Бу масала нафақат молиявий, балки ҳуқуқий жиҳатдан ҳам муҳим бўлиб, унинг асослари Иқтисодий процессуал кодексининг 118-моддасида аниқ баён этилган.
Умумий қоидага кўра, суд харажатларини қоплаш мажбурияти мағлуб бўлган тараф зиммасига юклатилади. Яъни, ҳал қилув қарори кимнинг фойдасига чиқарилган бўлса, ўша тараф қилган барча харажатлар иккинчи томондан ундириб берилади. Ҳаттоки жавобгар давлат божини тўлашдан озод қилинган имтиёзли тоифага кирса ҳам, барибир мағлуб бўлган тақдирда ушбу харажатларни бюджетга тўлаши шарт бўлади. Агар даъвогар бож тўлашдан озод этилган бўлса ва даъво қаноатлантирилса, бож миқдори даъвонинг қаноатлантирилган қисмига мутаносиб равишда жавобгардан давлат фойдасига ундирилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, суд нафақат низонинг натижасига, балки тарафларнинг судгача бўлган хатти-ҳаракатларига ҳам баҳо беради. Агар низонинг юзага келишига бирор тарафнинг шартномавий мажбуриятларни ёки судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибини бузганлиги, масалан, хатларга жавоб бермаганлиги ёки керакли ҳужжатларни тақдим этмаганлиги сабаб бўлса, суд иш натижасидан қатъи назар, барча харажатларни айнан ўша айбдор тараф зиммасига юклашга ҳақлидир. Бундан ташқари, агар даъвогар судга мурожаат қилганидан кейин жавобгар қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаб берса, бу уни суд харажатларидан озод қилмайди — бундай ҳолатда ҳам харажатлар барибир жавобгар зиммасида қолади.
Яна бир муҳим жиҳат — бу неустойка (пеня) билан боғлиқ ҳолатлардир. Агар суд даъвогарнинг неустойка ундириш ҳақидаги талабини асосли деб топса-ю, лекин унинг миқдорини ўзининг қонуний ваколатидан фойдаланган ҳолда камайтирса, суд харажатлари камайтирилган эмас, балки даъвогар дастлаб талаб қилган тўлиқ суммадан келиб чиқиб ҳисобланади ва жавобгардан ундирилади.
Ниҳоят, давлат органлари томонидан ўзга шахслар манфаатида киритилган даъволар рад этилса ёки қисман қаноатлантирилса, тўланмаган давлат божи даъво кимнинг манфаатида киритилган бўлса, ўша шахсдан (тадбиркор ёки фуқародан) даъвонинг рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилади. Бу қоидалар суд тизимида адолат ва масъулият мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.
Ихтиёр Пайзиев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Ҳайдовчилик гувоҳномасини йўқотган тақдирда қандай ҳаракат қилиш керак?
Бунда почта харажатлари ариза берувчи ҳисобидан қопланади.
Ёлғон гувоҳлик бериш қандай оқибатларга олиб келади?
Суриштирув, дастлабки тергов ёки суд муҳокамаси вақтида гувоҳ ёки жабрланувчининг атайлаб ёлғон кўрсатув бериши, экспертнинг била туриб ёлғон хулоса тайёрлаши, шунингдек таржимоннинг маълумотни атайлаб нотўғри таржима қилиши ёлғон гувоҳлик бериш деб баҳоланади.
Биринчи иш йили учун меҳнат таътили тартиби ҳақида биласизми?
Бу ерда, ишчи ходимнинг узлуксиз 6 ой давомида ишлаганлик хусусияти муҳим аҳамият касб этади.
Нотариус ижро хатининг ҳуқуқий табиати ва уни расмийлаштириш тартиби
Нотариус ижро хати суд қарори эмас, балки мажбурий ижрога асос бўладиган нотариал ҳаракат натижасидир.