Ҳуқуқ
19.05.2026
16

1. Нега сувни асраш муҳим?
Бугунги кунда сув ресурслари дунёдаги энг қадрли бойликлардан бирига айланиб бормоқда. Аҳоли сони ортиб бораётгани, иқлим ўзгариши ва қишлоқ хўжалигида сувга бўлган эҳтиёжнинг юқорилиги сувдан оқилона фойдаланишни талаб қилмоқда. Шу сабабли Ўзбекистон қонунчилигида сувни тежаш ва муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексида сувдан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишга оид муҳим қоидалар белгиланган. Сув кодексининг 149-моддасига асосан “Сувдан ва сув объектларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишни таъминлашнинг иқтисодий чора-тадбирларида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ундириш ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш назарда тутилади”. Бу норма сувни тежаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини кўрсатади.
2. Сувдан ортиқча фойдаланишга қарши чоралар
Қонунчиликда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун турли тўловлар белгиланган. Масалан, сув солиғи, сув етказиб бериш хизмати учун тўлов ва лимитдан ортиқ сув ишлатганлик учун жарима тўловлари мавжуд. Бу орқали давлат сувни беҳуда сарфлашнинг олдини олишга ҳаракат қилади. Сув кодексининг 150-моддасида қуйидаги қоида белгиланган: “Сувдан лимитдан ортиқча фойдаланганлик учун тўлов ундирилади”. Бу эса сувни тежаб ишлатишга ундайди. Чунки ортиқча сарф иқтисодий жиҳатдан зарар келтиради.
3. Сувни тежаганларга имтиёз бор
Сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланганларга қонунчиликда айрим енгилликлар ҳам берилган. Масалан, томчилатиб суғориш ёки сув ҳисобини автоматик юритиш тизимларини жорий қилганлар солиқ ва кредит имтиёзларидан фойдаланиши мумкин. Бу эса фермерлар ва тадбиркорларни янги технологияларни қўллашга қизиқтиради. Натижада ҳам сув тежалади, ҳам ҳосилдорлик ошади.
4. “Ифлослантирган — тўлайди”
Қонунчиликда сувни ифлослантирган шахсларга нисбатан ҳам жавобгарлик белгиланган. Агар корхона ёки фуқаро сув объектларига зарар етказса, у компенсация тўлаши шарт. 153-моддада қуйидаги принцип келтирилган: “Ифлослантирувчи тўлайди”. Бу тартиб атроф-муҳитни муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга. Чунки ҳар бир шахс ўз ҳаракати учун масъул бўлади.
5. Давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги
Сўнгги йилларда сув хўжалиги соҳасига хусусий секторни жалб қилишга ҳам катта эътибор берилмоқда. Давлат-хусусий шериклик асосида сув объектларини бошқариш, таъмирлаш ва модернизация қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу орқали соҳада рақобат кучаяди, хизмат сифати яхшиланади ва янги технологиялар кириб келади.
6. Сув соҳасида хавфларни суғурта қилиш
Сув билан боғлиқ авариялар ёки ифлосланиш ҳолатларида зарарни қоплаш учун суғурта тизими ҳам жорий қилинган. Бу фуқароларнинг мол-мулки ва соғлиғини ҳимоя қилишга ёрдам беради. Шунингдек, экологик хавфларни камайтиришда ҳам суғурта муҳим восита ҳисобланади. 155-моддага кўра: “Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш соҳасидаги хавфларни суғурта қилиш фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини ҳимоя қилишга қаратилган”. Бу аҳоли хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Сув хўжалигини ривожлантириш учун давлат томонидан молиявий ёрдам ва инвестициялар ажратилмоқда. Янги сув иншоотлари қуриш, эски тизимларни таъмирлаш ва модернизация қилиш ишлари амалга ошириляпти. Бу чоралар аҳолини барқарор сув билан таъминлаш ва сув танқислигининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Сув — инсон ҳаёти учун энг муҳим ресурслардан бири. Шунинг учун уни тежаш ва муҳофаза қилиш ҳар бир инсоннинг бурчи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Сув кодексида сувдан оқилона фойдаланишга қаратилган ҳуқуқий ва иқтисодий механизмлар аниқ белгилаб қўйилган. Бу чоралар келажакда сув танқислигининг олдини олиш ва табиатни асрашга хизмат қилади.
Мафтуна Курбанова,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари: муҳим 5 саволга жавоб
Электр энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади.
Магистратурада ўқишда хотин-қизларга бериладиган имтиёзлар
Магистратура босқичида тўлов-контракт асосида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт суммалари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Транспорт воситалари қандай ҳолларда жарима майдончасига олиб кирилади?
Жарима майдончаси — ҳайдовчиларни жазолаш эмас, балки йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора ҳисобланади.
Болаларни мактабга жойлаштиришнинг ҳуқуқий асослари ва муҳим қоидалари
Ҳар бир бола бепул умумий ўрта таълим олиш ҳуқуқига эга.