currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларТадбиркорларни шилган ходимга суд ҳукми ўқилди

Тадбиркорларни шилган ходимга суд ҳукми ўқилди

Суд очерклари

calendar

19.06.2026

eye

67

Тадбиркорларни шилган ходимга суд ҳукми ўқилди

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бозорларда сифатли маҳсулотлар сотилишини назорат қилиш — жамият барқарорлиги ва аҳоли саломатлигини таъминлашнинг муҳим шартларидан биридир. Давлатимиз томонидан бу соҳада фаолият юритаётган жамоат ташкилотларига кенг ваколатлар берилган. Энг ачинарлиси, муқаддам худди шундай ғаразли жиноятлари учун бир эмас, уч маротаба судланиб, тегишли хулоса чиқармаган кимсаларнинг яна жамиятда масъулиятли лавозимларни эгаллаб, жиноий фаолиятини давом эттиришидир.

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бирлашмалари федерацияси ҳудудий бирлашмасида ишлаб келган О. Самадов (исм шарифлар ва жой номлари шартли) ўз хизмат мавқеидан ғаразли мақсадларда фойдаланишга қарор қилади. У хавфли рецидивист бўла туриб, бошқа шахслар билан олдиндан тил бириктириб, Сардоба туманидаги савдо дўконларида рейдлар уюштиради. Бирлашган МФЙ ҳудудида жойлашган бир нечта савдо дўконларига кириб, яроқлилик муддати ўтган баъзи озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларини аниқлайди. Хизмат ваколатига кўра, аниқланган камчиликлар бўйича тегишли ташкилотларга расмий маълумот тақдим этиши лозим бўлган О. Самадов аксинча, тадбиркорларнинг ишончсизлиги ва қўрқувидан фойдаланишни кўзлайди.

У дўкон сотувчиларига жарималар жуда катта бўлишини айтиб, вазиятни «ёпди-ёпди» қилиш ва далолатномани юқори ташкилотларга юбормаслик эвазига пул талаб қилади. Натижада, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан: «А Т Бирлиги» МЧЖ дўкони сотувчиси И.Мдан 1.000.000 сўм пул маблағини; «Ш Ш Бирлиги» МЧЖ дўкони раҳбари Д.Янинг турмуш ўртоғидан 100 АҚШ доллари ва 500.000 сўм пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритади. Бундай ноқонуний ҳаракатлар дўконлардаги кузатув камералари қайдлари ва аризалар асосида фош этилиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Суд муҳокамаси давомида гувоҳларнинг кўрсатувлари, видеоқайдлар ва ашёвий далиллар билан судланувчининг айби тўлиқ исботланди. Судланувчи ҳам айбига қисман иқрорлик билдириб, олинган пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборганини тан олиб, пушаймонлик билдирди.

Суд ҳукмига кўра, О. Самадов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б, в” билан айбдор деб топилди.

Суд жазо турини тайинлашда судланувчининг муқаддам 3 маротаба судланганини жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолади. Бироқ, тергов ва суд давомида жабрланувчиларга етказилган моддий зарарлар (жами 2.750.000 сўм эквивалентида) тўлиқ қоплангани ва жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги инобатга олинди.

Суд ҳукмига кўра, О. Самадовнинг жиноий ҳаракатларига қонуний жазо тайинланиб, шу билан бирга, жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари юзасидан хусусий ажрим чиқарилди.

Зеро, ходимга берилган ишонч ва хизмат мавқеини шахсий бойлик орттириш манбаига айлантириш, тадбиркорларни қўрқитиш орқали пул ундириш — нафақат қонунбузарлик, балки ўша ташкилот шаънига туширилган қора доғдир.

 

Жамшид Мамуров,

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман суди раиси

 

Улашиш: