Ҳуқуқ
19.03.2025
1 299

Биламизки, тендер бу давлат харидларининг ижрочисини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган танлов бўлиб, унинг натижаларига кўра давлат харидлари тўғрисидаги шартномани бажаришнинг энг яхши шартларини таклиф этган иштирокчи ғолиб деб топилади. Демак, тендер харид қилиш жараёнининг бир тури ҳисобланди. Маълумки, ҳозирги кунда тендерлар мажбурий тартибда электрон шаклда ўтказилиб келинмоқда.
Тендер ўтказишга қайси ҳолатларда эҳтиёж туғилади деган ҳақли савол туғилиши табиий, албатта. Ғолибни аниқлаш жараёни товарнинг нафақат пул билан баҳоланишини, балки миқдорий ва сифат жиҳатидан баҳоланишини ҳам ўз ичига олганда ва қиймати бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш минг бараваридан ортиқ миқдорни ташкил этгандагина тендер ўтказилиши мумкин. Ушбу нормада биз билишимиз керак бўлган бир муҳим қоида борки, фақат товар бўйича эмас аҳолига кўрсатиладиган иш, хизматлар бўйича ҳам тендер ўтказилиши мумкин. Шунингдек, товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати бир шартнома бўйича бюджет буюртмачилари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг олти минг бараваридан ортиқ миқдорни ташкил этгандагина тендер жараёнлари бошланади.
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида» ги Қонунига мувофиқ тендер ўтказиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
▪️ шартномани бажаришнинг энг яхши шартлари акс этган таклифларини баҳолаш бўйича харид комиссияси тузилади;
▪️тендерни ўтказиш шакли, товарнинг (ишнинг, хизматнинг) батафсил тавсифи ва бошланғич нархи, тендер ўтказиладиган жойнинг манзили, тендер иштирокчиларига қўйиладиган талаблар ва бошқа маълумотлар акс этган ахборот расмий веб-сайтларда, шунингдек ОАВда эълон қилинади;
▪️ давлат буюртмачиси харид комиссияси билан келишилган тендер бўйича харид қилиш ҳужжатларини тасдиқлайди;
▪️тендер бўйича харид қилиш ҳужжатлари қонунчиликда белгиланган тартибда экспертиза учун Комплекс экспертиза қилиш марказига киритилади;
▪️тендер бўйича харид қилиш ҳужжатларида кўрсатилган мезонлар асосида тендер ғолибини аниқлаш учун харид комиссияси рад этилмаган таклифларни баҳолашни амалга оширади;
▪️таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш натижалари бўйича таклифларни кўриб чиқиш ҳамда баҳолаш баённомаси тузилади;
▪️мақбул таклифни тақдим этган деб топилган иштирокчилар ғолиб деб топилганлиги тўғрисида харид комиссияси қарор қабул қилади;
▪️ томонлар ўртасида тендер натижалари бўйича шартнома тузилади.
Тендерда битта иштирокчи иштирок этган ёки ҳеч ким иштирок этмаган бўлса, тендер ўтказилмаган деб топилади. Бундай ҳолда давлат буюртмачиси харид қилиш тартиб-таомилини айни ўша шартларда ҳамда товарга (ишга, хизматга) доир айни ўша мезонларга ва талабларга мувофиқ такроран амалга ошириши шарт. Тендер ўтказилиш тартибини бузган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Қурбонова Мафтуна,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Қандай ҳолларда шахс маъмурий йўл билан ушлаб турилиши мумкин?
МЖтКнинг 287-моддасида маъмурий йўл билан ушлаб туришга ваколатли органлар ва мансабдор шахслар белгиланган.