currencies image

12 917,10 UZS

48,24

usd

currencies image

14 460,69 UZS

64,38

eur

currencies image

160,14 UZS

1,20

ru



АсосийЯнгиликларЎзбекистон – ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат

Ўзбекистон – ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат

Ҳуқуқ

calendar

24.01.2025

eye

330

Ўзбекистон – ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат

Маълумки, Конституциямизнинг 1-моддасида Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат, эканлиги белгилаб қўйилган.

Давлатнинг “Ўзбекистон Республикаси” ва “Ўзбекистон” деган номлари бир маънони англатади, деб таъкидланган. Ҳуқуқий асосга кўра, суверен давлат Ўзбекистон мустақиллигининг умумий ва ажралмас белгиси бўлиб, ички ва ташқи сиёсатда тўлиқ мустақил эканлигини англатади.

Cуверенитет (французча souverainite – олий ҳокимият) – давлатнинг ички ва ташқи сиёсатдаги тўла мустақил эканини билдиради. Давлат суверенитети ҳақидаги ғоя XVI асрда француз олими Жан Боден томонидан илгари сурилган.  Шундан айтиш мумкинки, давлат суверенитети мустақил ички ва ташқи сиёсат олиб бориш, ўз ҳудудининг дахлсизлигини таъминлаш; қонунларни қабул қилиш; уруш ва тинчлик масаласини ҳал қилиш; суд ҳокимиятини амалга ошириш; мансабдор шахсларни тайинлаш; мустақил валютага эга бўлиш кабиларни тақозо қилади.

Халқаро ҳуқуқнинг ривожи жараёнида давлат суверенитети ҳақидаги ғоя, қарашлар амалий ифодасини топади ва ҳамиша такомиллашиб, мазмунан бойиб борди. Жумладан, республикамизнинг мустақиллиги давлат суверенитетининг асосидир. 

Демократик давлат эса инсонпарварлик қонунларига асосланган, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий ҳолати ва сиёсий қарашларидан қатъий назар, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаб берадиган давлат.


Ҳуқуқий давлат – давлат ўз фаолиятини, жамият ва фуқароларнинг яшаш тарзини фақат Конституция ва қонунлар асосидагина амалга оширилишини таъминлайди. Натижада, давлат органлари ва мансабдор шахслар қонун устуворлиги асосида халқ манфаатлари учун ишлайди, унга хизмат қилади.

Ижтимоий давлат ҳар бир инсон учун фаровон турмуш даражаси, хусусан сифатли таълим, кафолатли тиббий хизмат, муносиб меҳнат шароити ва адолатли иш ҳақи, пенсия ва нафақалар, ижтимоий ёрдам ва хизматлар тизими яратилган, уй-жойли бўлиш шароити мавжуд бўлган, ижтимоий тафовутлар юмшатилган, мувозанатлашган, ҳеч бир фуқаро ўз муаммолари билан ёлғиз қолмайдиган адолатли давлатдир.

Дунёвий давлат – диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ҳамда давлат ҳокимияти диндан ажратилган, давлат бошқаруви диний қоидалар билан эмас, балки Конституция ва қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган, қарорлар қабул қилишда диний асосларга таянилмайдиган давлат ҳисобланади.

Ўзбекистон дунёвий давлат бўлиб, унинг моҳияти шундаки,  диний ташкилотлар давлатдан ҳамда давлат ҳокимияти диндан ажратилган, давлат бошқаруви диний қоидалар билан эмас, балки Конституция ва қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган, қарорлар қабул қилишда диний асосларга таянилмайдиган давлат ҳисобланади.

 

Дунёвий давлатда давлат диний масалаларда расман бетараф бўлади ёки диний масалаларга аралашишдан ўзини тияди. Дунёвий давлатнинг муҳим хусусиятларидан бири – турли дин вакилларининг бағрикенглик ва тинч-тотувликда яшашидир. Ўзбекистонда 16 та конфессияга мансуб 2 300 дан ортиқ диний ташкилотлар фаолият юритмоқда. Турли диний эътиқодга мансуб аҳолига эга давлатда эътиқод эркинлигининг кафолатланиши сиёсий ва ҳуқуқий аҳамият билан бирга, ижтимоий аҳамиятга эга.

Бу янгиланган Конституциянинг 75-моддасида давлат қонунда белгиланган тартибда фаолият кўрсатаётган диний ташкилотлар фаолиятининг эркинлигини кафолатлайди, деб белгилангани, фуқароларимизнинг виждон эркинлиги кафолатларини кучайтириш билан бирга  мамлакатимизда барча диний ташкилотлар ўз фаолиятини эркин амалга ошириши учун ҳуқуқий кафолатларини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Шу боис, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслиги ҳуқуқига эгалиги, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган бўлиб, шахснинг диний эътиқоди бўйича унга қўшимча ҳуқуқ ёки мажбуриятлар юкланмайди. Янгиланган Конституциянинг 19-моддасида “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати,тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши,ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”, – деб белгилаб қўйилган.

Бу кафолат  ҳам ҳеч бир шахс диний қарашлари сабаб ҳуқуқ ва эркинликлари чекланиши мумкин эмаслигини мустаҳкамлайди. Шунингдек, бош қомусимизнинг 35-моддасида эса ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши мустаҳкамланган. Ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. Виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатлар, шунингдек диний ташкилотлар фаолияти Конституция ҳамда 2021 йил 5 июлда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади.

2021 йил 29 сентябрдаги 612-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тўғрисидаги низом тасдиқланган эди. Давлат органлари билан диний ташкилотларнинг ўзаро муносабатларини мувофиқлаштириш ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита зиммасига юкланади.

Қўмитанинг ҳуқуқий мақоми Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Низом билан белгиланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”  04.09.2019 йилдаги ПҚ-4436-сон қарори мамлакатдаги диний-ижтимоий жараёнлар ҳамда диний бағрикенгликни таъминлаш масалаларини ўрганиш натижалари асосида илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ўтказиш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 23 майдаги ПФ-75-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”  2019 йил 23 ноябрдаги 946-сон қарори ҳуқуқий асосидир. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудудларда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши учун қонун бўйича жавобгардирлар.

Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси муассислигидаги Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк ва б.) ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрларни тайёрлашга, ўрта махсус, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, малака ошириш босқичларида узлуксиз таълимнинг яхлит тизимини ташкил этишга ва илмий меросни чуқур тадқиқ қилиш ва асраб-авайлашга ихтисослашган етакчи давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

Шунингдек, Ҳадис илми мактаби, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий Халқаро илмий-тадқиқот маркази каби марказларда миллий-диний қадриятларимизни ўрганиш, таҳлил этиш ҳамда  асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялашда хизмат қилмоқда.

Фируза Муҳитдинова,
Тошкент давлат юридик университети профессори

Улашиш: