currencies image

12 927,17 UZS

36,74

usd

currencies image

14 717,58 UZS

3,29

eur

currencies image

155,73 UZS

0,31

ru



АсосийЯнгиликларЎзбекистонда маъмурий одил судловнинг янги концепцияси – ҳуқуқий давлатнинг пойдевори сифатида

Ўзбекистонда маъмурий одил судловнинг янги концепцияси – ҳуқуқий давлатнинг пойдевори сифатида

Ҳуқуқ

calendar

10.02.2025

eye

269

Ўзбекистонда маъмурий одил судловнинг янги концепцияси – ҳуқуқий давлатнинг пойдевори сифатида

Маъмурий одил судлов давлат органлари билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўртасида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардаги муаммоларни самарали ҳал қилишга қаратилган энг муҳим институтлардан бири бўлиб, Ўзбекистонда унинг ривожи охирги йилларда  маъмурий судлар тизимининг жорий этилиши билан янги босқичга кўтарилди, деб айтишимиз мумкин.

Бироқ тан олиш керакки, маъмурий одил судловнинг Ўзбекистонда ривожи бунга қадар жуда муаммоли ва паст даражада бўлган.  Мазкур институтнинг совет даври ва мустақилликнинг илк йилларида бўлган ривожланиш тарихига назар ташлайдиган бўлсак, бунинг гувоҳи бўламиз.

Совет даврида маъмурий одил судлов ёки маъмурий суд иш юритувининг ҳуқуқий тавсифи маъмурий юстиция тушунчаси асосида тушунилган бўлиб, узоқ пайт давомида рад этилганини таъкидлаш ўринлидир. Маъмурий юстиция ёки маъмурий одил судловнинг совет даврида рад этилишига сабаб бўлган асосий омиллардан бири бу давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги манфаатлар юзасидан низо ёки келишмовчилик бўлиши социалистик мафкурага зид деб қаралган. Бироқ бундай қарашнинг нотўғри эканлиги тарихий ривожланиш давомида ўз исботини топди деб айтиш мумкин.

Шуни ҳам тан олиш керакки, совет даври маъмурий юстициясининг юқорида келтирилган бундай тавсифи, албатта, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин ҳам маълум бир маънода ўзининг таъсирини сақлаб қолган.

Бу борада Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларида ҳам бир қанча муҳим ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлаш ўринлидир. Аввало 1992 йил 8 декабрь Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши ва Конституциянинг 11-моддасига мувофиқ ҳокимиятлар бўлиниши тамойили ўрнатиб қўйилди. Шунингдек, ижро ҳокимияти фаолиятини ҳуқуқий тартибга солувчи “Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида” ги қонун ва бошқа қонунлар қабул қилинди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини бузадиган ғайриқонуний маъмурий ҳаракатлар юзасидан суд тартибида шикоят, ариза келтириш (низолашиш) тартиби – маъмурий юстиция шакллана борди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач 1992 йил 8 декабрда Конституциянинг 44-моддасида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши мустаҳкамлаб қўйилди.

Шундан сўнг, 1995 йил 30 августдаги “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 108-I сонли Қонуни қабул қилинди.  Бироқ тан олиш лозимки, ушбу қонун ўз мазмуни ва ҳуқуқий тавсифига кўра, совет даврининг со’нгги йилларида қабул қилинган 1987 йил 30 июндаги қонун (Закон СССР от 30 июня 1987 г. № 7287-XI «О порядке обжалования в суд неправомерных действий должностных лиц, ущемляющих права граждан») ҳамда 1989 йил 2 ноябрдаги қонун (Закон СССР от 2 ноября 1989 г. № 719-I «О порядке обжалования в суд неправомерных действий органов государственного управления и должностных лиц, ущемляющих права граждан»)га ўхшаш бўлган. Ўз навбатида, маъмурий одил судлов асосан фуқаролик процессуал тартиб ва хўжалик процессуал тартиб доирасида мавжуд бўлиши уни тарқоқ ҳолда ишлаши, ягона бутун тизим сифатида ривожланмаслигига сабаб бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мустаҳкам сиёсий иродаси ва ташаббуси билан 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда маъмурий одил судловни ривожланишида мазмун ва сифат жиҳатдан мутлақо янги давр бошланди деб айтиш мумкин. Буни, 2017 йил 1 июндан Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлардан алоҳида бўлган маъмурий судларнинг жорий этилиши, шунингдек, Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба 2018 йил 8 январда Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонунининг, 2018 йил 25 январда эса Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 11 октябрдаги ЎРҚ-496-сонли Қонунига кўра “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг бекор қилиниши билан изоҳлаш мумкин. Чунки ушбу янгиликлар ривожланган хорижий давлатлар стандартлари даражасида ҳамда миллий қонунчиликнинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда, маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашнинг энг замонавий қоидаларини мамлакатимизда жорий этди.

Маъмурий одил судлов тизимининг Ўзбекистонда ривожида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6034-сон фармони, 2022 йил 29 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.01.2023 йилдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сон Фармони ҳам асос бўлиб хизмат қилди.

Aмалга оширилган ислоҳотларга кўра, маъмурий судлар ваколатидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш олиб ташлангани, маъмурий судлар умумий юрисдиксия судларидан алоҳида тарзда сақлаб қолингани,  маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган 120 мингга яқин ариза ва шикоятларнинг 57 фоизи қаноатлантирилиб, маъмурий судлар зиммасига шикоятларни кўриб чиқишда “фаол иштирок этиш” тамойили асосида низони тўғри ҳал қилиш учун далилларни мустақил йиғиш мажбурияти юклангани, суд қарори ижросини таъминламаган мансабдор шахсларга жарима қўллаш ваколати берилгани, судга тааллуқлилик масаласидаги ўзгаришлар маъмурий одил судлов ривожида жуда катта қадамлар бўлди.  

Бироқ шуни ҳам тан олиш лозимки, 2023 йил  30 апрелда умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янги Конституцияси маъмурий одил судлов ривожини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш зарурати мавжудлигини кўрсатди. Хусусан, Конституция 1-моддасига кўра Ўзбекистон ҳуқуқий давлатга асосланиши ҳамда 55-моддасида янги мазмун касб этган ҳар кимга судга мурожаат имконияти (access to justice)ни кенгайтириш мустаҳкамлаб қўйилди.

Шундай бўлса-да, бугунги кунда маъмурий судлар фаолиятига илғор хорижий тажрибада ўзини оқлаган институт ва тартибларни кенг қўллаш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ушбу судларнинг ролини ошириш, шу жумладан, давлат органи ҳужжатига ишониб фаолият юритган фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини қўшимча равишда кучайтириш зарурати вужудга келмоқда.

Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субйектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳамда ишончли ҳимоя этилишини таъминлаш ва маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиқиб мазкур соҳани сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш орқали янада такомиллаштириш мақсадида куни кеча, яъни 30.01.2025 йилдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-33-сон Қарори қабул қилинди.

Мазкур Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикасида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

— давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлаш;

— фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш;

— давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш;

— маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш;

— фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш;

— давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш;

— маъмурий юстиция тизими ривожланган давлатлар тажрибаси асосида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириб бориш.

Бугунги кунда маъмурий суд ишларини олиб бориш сифатига жиддий таъсир ўтказаётган айрим муаммолар ечими ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.01.2025 йилдаги ПҚ-33-сон Қарори билан келтириб ўтилмоқда. Жумладан, айрим ҳолларда жавобгар томондан иштирок этадиган давлат органи вакили иштирок этмаслиги юзасидан қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилинаётган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш;

судга мурожаат қилиш муддатларига риоя этилиши, манфаатдор шахс ёки учинчи шахсларнинг тегишлилига қараб суд процессида иштирокини таъминлашга қаратилган маъмурий суд иш юритувида дастлабки эшитув институтини жорий этилиши;

аризадаги талаблар ва ишдаги далилларга судя томонидан дастлабки ҳуқуқий баҳо (талабларни аниқлаштириш, ишга дахлдор бўлмаган тарафларни алмаштириш;

қўшимча жавобгарни жалб қилиш ва бошқалар) берилиш механизмининг жорий этилиши, маъмурий судга низоларни ҳал этиш жараёнида судга ҳурматсизлик қилиниши ва суднинг хусусий ажрими бўйича чоралар кўрмасликка оид ҳуқуқбузарликлар аниқланганда, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини бериш;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатлар ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ишончнинг ҳимоя қилиниши принципини маъмурий суд иш юритувида татбиқ этилишини кенгайтириш кабилар шулар жумласидандир.  

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг вақт ва маблағ билан боғлиқ ортиқча харажатларини қисқартириш мақсадида 2025 йил 1 майдан бошлаб тадбиркорлик субъекти томонидан тан олинган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича солиқ органи томонидан ушбу тадбиркорлик субъектининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш тартибини ҳамда 2025 йил 1 июнга қадар назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари тан олган ҳуқуқбузарликлар бўйича молиявий жарималарни қўллаш (бундан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича жарима қўллаш мустасно)га оид қоидаларни жорий этиш назарда тутилмоқда.

Президент Қарори билан маъмурий суд иш юритувига халқаро стандартларга ва илғор хорижий тажрибага мувофиқ оммавий-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ўзини оқлаган янги институт ва тартибларни имплементация қилиш бўйича ишларни давом эттириш, хусусан, суднинг фаол иштироки принсипини қўллаш доирасини кенгайтириш, маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини янада кенгайтириш, давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини такомиллаштириш, суд ишларини юритишда манфаатдор шахс тушунчасининг ҳуқуқий таърифини аниқлаштириш, шахснинг манфаатдорлиги масаласини аризани судга қабул қилиш жараёнида ҳал этиш тартибини жорий этиш, судга мурожаат этиш муддатларини маъмурий даъво турларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш, айрим турдаги низолар (масалан, ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаб) бўйича судга мурожаат қилишнинг махсус муддатларини белгилаш, маъмурий судларга жамоавий аризалар (class action) бериш тартиби ва асосларини белгилаш, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан бир қаторда унга сабабий боғланишда бўлган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги талабнинг маъмурий суд томонидан кўрилишига оид нормаларни ривожлантириш, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор иштирокига оид нормаларни халқаро стандартлардан келиб чиқиб такомиллаштириш ҳам назарда тутилмоқда.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, совет даври маъмурий юстициясининг таъсири сифатида мамлакатимизда бугунга қадар маъмурий одил судлов сифатига салбий таъсир кўрсатаёнган жиддий омиллардан бири сифатида маъмурий даъво ва маъмурий акт институтларининг тан олинмаёнгани муаммосига ҳам ва ниҳоят Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.01.2025 йилдаги ПҚ-33-сон Қарори билан ечим таклиф қилинмоқда. Жумладан, маъмурий суд ишларини юритишга маъмурий даъво институтини киритиб, даъво турларини аниқ белгилаш (ҳақиқий эмас деб топиш, бекор қилиш, маъмурий ҳужжатни қабул қилиш мажбуриятини юклаш, муайян ҳаракатларни бажариш ёки бажаришдан тийилиш мажбуриятини юклаш, тан олиш ҳақидаги даъволар), даъво турлари бўйича маъмурий иш юритишнинг алоҳида тартиблари, жумладан, мурожаат қилувчи шахслар доираси, мурожаат қилиш муддатлари, исботлаш мажбуриятлари, суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш ва уларни ижро етишнинг процессуал қоидаларини белгилаш, маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорига оид қоидаларда халқаро стандартлардан келиб чиқиб, маъмурий акт концепцияси қоидаларини қўллаш амалиётини жорий этиш мамлакатимиз қонунчилигига илк маротаба киритилмоқда деб айтишимиз мумкин.

Бу ўз навбатида аризачи бўлмиш фуқаро ва тадбиркорлик субъектини шунчаки шикоят қилувчи мақомидан судга даъво қилиш орқали давлат органидан муайян муаммо ечимини талаб қилиш мақомига ўтишини таъминлаб берадиган концептуал ўзгариш бўлиб ҳисобланади.

Aйтиш мумкинки, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этишга қаратилган давлат раҳбарининг юқорида қайд этилган Қарорининг қабул қилиниши давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларнинг самарадорлик кўрсаткичларига эришиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш, оммавий-ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишга тўсқинлик қилувчи қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқлар ва коллизияларни бартараф этиш, маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш, одил судловга оид халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимиз ўрнини яхшилашга имкон беради.

 

Жўрабек Нематов,

Тошкент давлат юридик университети
Маъмурий ва молия ҳуқуқи кафедраси
профессори, юридик фанлар доктори

Улашиш:

Бошқалар

1-апрел 2025, 09:31
1 467

2025 йил 1 апрелдан айрим йўналишларда фаолият юритувчи хўжалик субъектларга берилган эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинади

“ЎзИнжиниринг” лойиҳа институтининг инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди.


3-апрел 2025, 11:04
1 194

Жамоавий меҳнат низоларини медиатор иштирокида ҳал этиш тартиби қандай?

Медиатор жамоавий меҳнат низосининг тарафларидан ушбу низога тааллуқли зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўрашга ҳамда олишга ҳақлидир.


9-апрел 2025, 11:26
1 059

Ҳар бир ҳудудда реновация жамғармалари ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни шаҳарсозлик реновациясининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.


3-апрел 2025, 05:24
926

Кимошди савдосини ташкил этиш ва уни ўтказиш тартиби қандай?

Аукционлар ва танловлар очиқ ва ёпиқ бўлиши мумкин. Очиқ аукционда ва очиқ танловда хоҳлаган шахс қатнашиши мумкин.